Хоразмда "Солиқ сервис" корхонаси бош мутахассиси ушланди
У ҳеч қаерда ишламайдиган шахсларга пул эвазига маълумотнома ваъда қилган.

Хоразмда “меҳнат стажи қилиб берувчи” мутахассис ушланди.
У икки нафар фуқародан 12,5 млн сўм олаётган бўлган.
Гап нима ҳақида?
Гурлан туманидаги “Солиқ сервис” давлат унитар корхонаси бош мутахассиси ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда пул ишлашга уринган. У солиқ идораларидаги танишлари орқали 2 нафар маҳаллий фуқарога улар муқаддам ҳеч қаерда ишламаган бўлсалар-да, 2025 йил январ ойидан июн ойига қадар бўлган даврда уларга иш ҳақи ҳисоблаб, бу ҳақида маълумотнома расмийлаштириб беришини айтади.
ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси томонидан ИЖҚК Департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мутахассис ўз хизмати эвазига 12 млн 500 минг сўм олган вақтида ушланди.
Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракати олиб борилмоқда.
ДХХ ва коррупция
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ гўёки Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудларида амалга оширилган геологик-қидирув ишлари натижасида яратилган олтин маъданлари жойлашган махфий геологик харита ва фотосуратларни пулламоқчи бўлган директор ушланганди. Қашқадарёда эса газ оператори пора билан қўлга тушганди.