platina.uz
Жаҳон

Ғазода Исроил ҳужуми сабаб беш журналист ҳалок бўлди

Яҳудий давлати улардан бирини ҲАМАСга хизмат қилишда айблаган. 

Ғазода Исроил ҳужуми сабаб беш журналист ҳалок бўлди

Исроил ҳужуми натижасида Ғазода беш нафар "Ал-Жазира" телеканали ходими ҳалок бўлди, яҳудий армияси улардан бир нафари террорчи эканини иддао қилди.

"Ал-Жазира" мухбири Анас ал-Шариф ва унинг тўрт нафар ҳамкасби Исроилнинг Ғазо шаҳрига уюштирган зарбаси натижасида ҳалок бўлди, деб хабар берди ушбу телеканал.

Телекомпания маълумотларига кўра, унинг беш нафар ходими Ғазо шаҳридаги Шифа касалхонасига кираверишдаги чодирда бўлган.

Исроил мудофаа кучлари зарба берилганини тасдиқлади ва улар Анас аш-Шарифни нишонга олганини айтди. Исроил ҳарбийларига кўра, у ўзини фақат журналист сифатида кўрсатган, бироқ айни пайтда исроиллик тинч аҳоли ва аскарларга "ракета ҳужумларини уюштириш" учун жавобгардир.

Исроил армияси баёнотида айтилишича, аввалроқ ал-Шариф қуролли гуруҳларга тегишли экани ва “террорчилик машғулотларидан” ўтгани ҳақидаги разведка маълумотларини эълон қилган.

“Зарбадан олдин унинг тинч аҳолига таъсирини минималлаштириш, жумладан, аниқ қуроллардан фойдаланиш, ҳаводан кузатув ва қўшимча разведка маълумотларини қўллаш чоралари кўрилган”, — дейилади баёнотда.

"Ал-Жазира" маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида жами етти киши ҳалок бўлган. Телеканал ўз ходимларига қилинган ҳужумни “матбуот эркинлигига қўпол ва қасддан қилинган ҳужум” деб атади.

Тармоқ бош муҳаррири Муҳаммад Моуаваднинг BBCʼга айтишича, ал-Шариф аккредитациядан ўтган журналист бўлиб, дунёни Ғазо секторида бўлаётган воқеалардан хабардор қилиб туради.

Исроил чет эл журналистларини анклавга киритмайди ва шу сабаб кўплаб глобал оммавий ахборот воситалари маҳаллий мухбирларни ёллайди.

28 ёшли аш-Шариф ўлимидан олдин Х тармоғида Исроилнинг Ғазо шаҳрининг шарқий ва жанубидаги шиддатли бомбардимонлари ҳақида ёзиб чиққанди.

Ғазодаги уруш

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрдан бошланган қонли уруш оқибатида Ғазода 55 мингдан ошиқ аҳоли ҳалок бўлди, улардан 18 минг нафари болалардир.

Айни дамда Исроил секторни оккупация қилишни кўзламоқда.

Сўнгги вақтларда Ғазодаги воқеалар сабаб Ғарбда Фаластинни тан олиш бошланди. Жумладан, Франция, Канада ва Буюк Британия Фаластинни тан олиши ҳақида гапирди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid