Озарбайжон ва Арманистон тинчлик муносабатлари бўйича декларацияни имзолади
Икки мамлакат музокараларига аввал бошқа давлатлар (жумладан Россия) воситачилик қилиб келишган. Аммо якуний келишув АҚШда имзоланди.

Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари 8 август куни Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида ўз мамлакатлари ўртасида тинчлик муносабатлари ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев томонидан имзоланган декларацияда аллақачон келишилган тинчлик шартномасини имзолаш ва ратификация қилиш ҳақида сўз боради.
Гап нима ҳақида?
Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можаро Собиқ Иттифоқ парчаланиши даврида бориб тақалади. Дунё ҳамжамияти тан олган Қорабоғ ҳудуди Тоғли Қорабоғ деб аталувчи тан олинмаган республика ҳукми остида эди.
2023 йил сентябрига келиб Озарбайжон барча ҳудудларни қайтариб олишга муваффақ бўлди. Тан олинмаган республика тугатилди.
Декларация матнида айтилишича, Алиев, Пашинян ва Трамп Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Битим матнини парафлашдан сўнг, “битимномани имзолаш ва кейинчалик ратификация қилиш бўйича қўшимча қадамларни давом эттириш зарурлигини тан олдилар, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги тинчликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар”.
Бундан ташқари, декларацияда минтақада коммуникацияларни очиш ва Озарбайжоннинг асосий ҳудуди ва унинг эксклави Нахичеван ўртасида Арманистон ҳудуди орқали, Эрон билан чегараси бўйлаб транспорт коридорини яратиш муҳимлиги ҳақида сўз боради.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил ноябрида Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда арман кучларини мағлуб этиб, мамлакатнинг 1990 йилларнинг биринчи ярмида арманлар томонидан босиб олинган ҳудудларини назоратга олгач, Пашинян ва Алиев Москвада Россия президенти Путин иштирокида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолаган эди.
Таҳлилчиларга кўра, Украина босқини, Арманистон ва КХШТ ўртасидаги совуқчилик ва бошқа сабаблар туфайли Россия Кавказдаги воситачи ролини йўқотди.