Ректорларга ўринбосарларни ўзлари тайинлаш ваколати берилади
Президент ОТМлар битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича йиғилиш ўтказяпти. Унда ректорлар ваколатини кенгайтириш масаласи кўрилди.

Ректорлар эндиликда ўринбосарларини ўзлари тайинлайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилаётган йиғилишда маълум қилинди. Унда битирувчиларни ишга жойлаштириш ва таълим жараёнлари кўрилмоқда.
Бундан буён битирувчиларни ишга жойлашда ўзини ўзи банд қилганлик инобатга олинмаслиги белгиланди.
Гап нима ҳақида?
Президент ташаббуси билан ОТМ ректорларига белгиланган ваколатлар кенгайтирилмоқда. Давлат раҳбари ректорлар ваколатини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.
“Янги Ўзбекистон” университетида ректорлар мактаби орқали ректор ва проректорликка номзодлар мақсадли тайёрланади.
Ўқув курсида энг яхши натижа кўрсатган ректорликка номзодлар малака ошириш учун Гарвард университетига юборилади.
Кўп масалаларда ректорларга мустақиллик берилади. Аввало, барча олийгоҳлар ташкилий ва академик мустақил бўлади.
Яъни, ректор ўринбосарларини ўзи тайинлайди (амалдаги тартибга кўра, вазирлик билан келишиш керак). Бунда ҳар бир номзод олийгоҳ кенгашида ўзининг йиллик дастурини ҳимоя қилади.
Ректорлар белгиланган молиялаштириш ва штати доирасида профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимларини ўзи тақсимлайди.
Бундан ташқари, ректорларга “супер” контракт суммасини табақалашган ҳолда белгилаш ваколати берилади.
Президент яна бир ташаббусни илгари сурди.
"Биз абитуриентларга 5 та олийгоҳни танлаш имконини бердик. Бу – олий таълимда катта сакраш, десак адолатдан бўлади. Буни янада кенгайтирамиз, - деди давлатимиз раҳбари.
Эндиликда абитуриентлар 5 та олийгоҳдан бирортасига киролмаган бўлса, лекин тўплаган балли бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, шу олийгоҳ ректори уларни контракт асосида қабул қилиши мумкин бўлади.
