platina.uz
Жамият

Қозоқлар Олма-Ота тоғли ҳудудларида уй қуришни тақиқламоқчи

Ўзбекистонда эса бутун бошли сув омбори ерлари қўш-қўллаб ҳали ўзи мавҳум инвесторга сотиб юборилди.

Қозоқлар Олма-Ота тоғли ҳудудларида уй қуришни тақиқламоқчи

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Олма-Ота шаҳрига ташрифи чоғида шаҳар юқорисидаги тоғли ҳудудларда кўп қаватли уйлар ва оралиқ қурилишларга мораторий жорий этишни топширган. Бундан бош режага киритилган ижтимоий тузилмалар ва туризм кластерлари мустасно.

Гап нимада?

Қозоғистон ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон каби адоғсиз қурилишлардан азият чекмоқда. Қурилишлар дастидан аҳоли норозилиги билдириб, юкламалар ортиб кетгани, экология бузилгани ҳақида доимий бонг уриб келади. Демак, давлат раҳбари уларга қулоқ солган кўринади.

Мазкур ҳолат Ўзбекистон билан солиштирганда деярли бир хил. Бизда ҳам жамоатчилик қурилишлардан, дарахт кесишлардан доим норози, юкламалар ортиб, энергоинқироз бўлаётгани, экология бузилиб кетаётганидан азият чекиб келади.

"Бундан ташқари, бош режага атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кучайтириш, шаҳар атроф-муҳитини мутаносиб ривожлантириш ва тоғ олди ҳудудларини ободонлаштиришдан асрашга қаратилган ўзгартишларни зудлик билан киритиш топширилди", дейилади Оқўрда хабарида.

Ўзбекистондаги аҳвол

Энг охирги хабарларга қарайдиган бўлсак, Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёси бўйларида янги туризм маскани қурилиши кун тартибидан тушмаяпти. Жамоатчилик ва фаоллар унинг экологик ва иқтисодий фалокатларидан огоҳ этаётган бўлса, масъуллар хавотирланишга асос йўқлиги, инвесторга талаблар қатъий бўлишини билдирганлар.

Вазирлар Маҳкамасининг 1 августдаги қарори билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори соҳилида Sea Breeze Uzbekistan умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича ҳукумат комиссияси Озарбайжоннинг Agalarov Development компанияси иштирокида ташкил этилган Sea Breeze Uzbekistan компаниясини 577 гектар майдонда лойиҳани амалга ошириш бўйича энг яхши таклиф танлови ғолиби сифатида танлаган. Яна қандай таклифлар кўриб чиқилгани очиқланмаган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бош режани тезкорлик билан ишлаб чиқиш учун Британиянинг Scott Brownrigg архитектура фирмаси жалб қилинган ва амалий ишлар бошлаб юборилгани айтилади. Тошкент вилояти ҳокимлигига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда қарорнинг иловасида кўрсатилган ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи, ижара ва фойдаланиш ҳуқуқини босқичма-босқич бекор қилишни, кейинчалик мазкур ҳудудларни бўш ерлар сифатида ҳисобга олишни таъминлаш топширилган.

Ер тоифаси ўзгартирилиб, туман ҳокимлигига ўтказилгандан сўнг, ер участкалари Sea Breeze Uzbekistan’га тўғридан-тўғри ижарага 25 йил муддатга узайтиришнинг устувор ҳуқуқи билан берилади. Номи ошкор этилмаган баҳоловчи ташкилот ижара қийматини 1,7 триллион сўм (133,2 млн доллар) деб баҳолаган. Бироқ инвестор ижара учун 5 йил давомида 17 млрд сўм(1,3 млн доллар)ни бўлиб-бўлиб тўлаши шарт. Бу миқдор ижаранинг бозор баҳосини камайтириш коэффициентидан фойдаланган ҳолда аниқланган.

Дам олиш масканини қуриш 2025-2035 йилларга режалаштирилган.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Чорвоқ сув омборида Sea Breeze Uzbekistan курорти қурилиши юзасидан айрим саволларга жавоб берган.

Вазирлик маълумотларига кўра, Чорвоқ туризмни ривожлантиришнинг асосий ҳудуди ҳисобланади, бу эса комплекс ёндашувни талаб қилади. Agalarov Development компанияси ижтимоий инфратузилма, канализация, ободонлаштириш ва иш ўринлари билан таъминланган курорт яратиш учун 5 миллиард доллар сармоя киритишни таклиф қилган. Лойиҳа давлат назорати остида босқичма-босқич амалга оширилади.

"Битта девелопер — бу ягона архитектура, йирик канализация тизими, автомобиль йўллари, кўкаламзорлаштириш тизимлари ва масъулият дегани. Агар ер бир нечта қурувчиларга бўлиб берилганида, зиддият, тартибсизлик ва назоратнинг имконсизлиги юзага келган бўларди. Мисол: Саудия Арабистонидаги The Red Sea Project ҳам экология ва ягона ёндашувни сақлаб қолиш мақсадида ягона девелоперга топширилган", дейилади хабарда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Давронжон Одилов лойиҳа доирасида сув таъминоти ва канализация бўйича билдирилаётган хавотирларга изоҳ берган.

"Ичимлик суви билан боғлиқ муаммони тўғри кўтаряпсизлар. Савол шундаки, бу сувдан фақат Чорвоқдаги туристик ҳудудлар фойдаланадими ёки шаҳар ҳамми? Бугунги кунда шаҳар аҳолиси ҳар куни "Қодирия" сув иншоотидан 2 миллион куб метр сув оляпти. Худди шундай шаҳарлар билан солиштиринг. Нимага энди ҳозир битта Чорвоқ бўйидаги туризм лойиҳаси масаласи кўтарилганда сув танқислигига ёки сув исрофига ўйлаб қолдик, йиллар давомида шаҳарнинг ишлатиб келаётган исрофини ўйламаяпмиз?" деган Одилов.

Унинг таъкидлашича, Тошкент халқаро меъёрларга нисбатан бир неча баробар кўп сув истеъмол қилмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимлиги эса Sea Breeze Uzbekistan курорт мажмуаси қурилишига доир расмий баёнот эълон қилиб, лойиҳа доирасида тегишли мажбуриятларни ўз зиммасига олишини, барча жараёнлар тасдиқланган мастер-режа асосида амалга оширилишини назорат қилишини билдирган.

Хусусан, ҳокимлик лойиҳа амалга оширилишининг барча босқичлари экология, қурилиш, кадастр ва санитария соҳалари бўйича вилоят тузилмалари томонидан тизимли назоратга олиниши таъминланишини билдирган. Ер участкаларини ажратиш, ижарага бериш ва қайта расмийлаштириш бўйича барча жараёнлар тасдиқланган мастер-режа асосида, экологик талаблар инобатга олинган ҳолда ва очиқ мониторинг шароитида амалга оширилиши назорат қилинади.

Жамоатчилик нима дейди?

Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров шундай ёзади:

"Қарор билан танишиб туриб, кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган лойиҳанинг фақат экологик жиҳатига эътибор қаратиб, унинг иқтисодий ва молиявий тарафи кўздан умуман қочирилмаганми, деган саволлар уйғонди.

Энг аввало, Қарорнинг биринчи бандига кўра, 577 гектар майдондаги 5 млрд.долларлик Agalarov Development МЧЖ иштирокидаги Sea Breeze Uzbekistan МЧЖ таклифи энг яхши таклиф деб топилган. Демак, бошқа таклифлар ҳам бўлганми шунда? Кимлардан бўлган ва бу таклифлар нега Агаларовларникидан жозибалироқ бўлиб чиқмаган? Sea Breeze Uzbekistan МЧЖнинг ўзбек тарафидан ҳам иштирокчиси борми? Улар кимлар?

Иккинчидан, бошқа инвесторлардан ҳам таклифлар бўлган экан, нима учун хатарларни камайтириш учун лойиҳани бир қўлли қилиб гигантлаштирмасдан, ҳеч қурса, Чорвоқ чап ва ўнг қирғоғини алоҳида алоҳида турли инвесторларга бериш варианти ўйлаб кўрилмади?

Учинчидан, 5 млрд долларлик лойиҳани молиялаштириш манбалари қандай? Агаларов ва унинг оиласининг бунча маблағи йўқ-ку. Қарз олинадими? Қаердан? Кимнинг номига? Қандай кафолатлар билан?

Тўртинчидан, қарорнинг 4-бандига кўра, ер участкалари лотларга бўлинган ҳолда бошқа шахсларга чекланмаган равишда қайта ижарага берилиши мумкинлиги ёзилган. Агар лойиҳанинг ташаббускорида етарли маблағлар манбаи бўлмаса, бу шунчаки девелопернинг ер сотиш (ижарага бериш) лойиҳасига айланиб қолмайдими? Наҳотки бирон-бир ҳуқуқий ковенант ўрнатилмаган?

Тўртинчидан, ижара ҳуқуқи қиймати намунча кам? (577 гектар ерга 17 млрд.сўм ва яна 5 йилга бўлиб тўлашга). Нима учун 0,01 камайтирувчи коэффициент қўлланилган? Чорвоқдаги бошқа туристик зоналардаги аналоги бўйича ижара ҳуқуқи қиймати қанақа? Ахир жаноб Агаларов касалхона қурмаяптику, тижорий объект қураяпти.

Бешинчидан, чиқинди ва оқова сувларини Чирчиқ шаҳри оқава сувларни тозалаш иншоотига йўналтириш Sea Breeze Uzbekistan МЧЖнинг асосий мажбурияти деб белгиланмоқда. Эътибор беринг, тозалаш ҳақида гап кетмаяпти. Ҳеч қурса шу мажбурият бажарилиши учун ташаббускорнинг маблағи борлиги ўрганилдими? Банк кафолати сўралдими ҳеч қурса? 5 млрд долларлик лойиҳанинг бошқа техноген, техник, технологик хатарлари суғурталанадими? Ё худди Бойсундаги лойиҳа сингари яна нимадир бўлса, бюджет (солиқ тўловчилар) балогардон бўладими?

Олтинчидан, 5-бандга кўра, истисно тариқасида қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширишга рухсат этилмоқда. Янги Ўзбекистонда охирги 8 йилда каррасига қимматлаган қурилишлар ва барча зараркунанда лойиҳалар айнан шунақа истиснолар туфайли рўй бермадими? Ўзи бунақа лазейка нима учун тақиқланганини наҳотки билмасак?

Еттинчидан, 9-бандга кўра, Инвестициялар вазирлигига инфраструктура яратиш учун (йўллар, сув, оқава, электр энергияси, газ, алоқа ва ҳатто ўша икки қирғоқ ўртасида кўприк қуриш учун ҳам) кредит жалб қилиш вазифаси топширилмоқда. Барака топгурлар, сув, электр ва газ майли, оқова ва кўприк қуриш инвесторнинг зиммасида эмасмиди? Презентацияларда чалғитишганмиди ё?

Қарорни ўқиб, мажбурият ва хатарлар, айниқса иқтисодий ва молиявий мажбурият ва хатарлар Агаларовларга эмас, кўпроқ ўзбек томонига юклатилган, деган тасаввур уйғонди. Ишқилиб, инвестиция битими тузишдан олдин лойиҳа иқтисодий ва молиявий экспертизадан ўтказилса бўлди".

Шунингдек, Бакиров янги рўйхатдан ўтган девелопер ва унинг устав фонди ҳақида ҳам хавотир билдирган.

"Бунақаси фақат янги Ўзбекистонда бўлади.

Sea Breeze Uzbekistan МЧЖ 4 августда рўйхатдан ўтган. 3 кун аввал қабул қилинган ҳукумат қарорида унинг номи кўрсатилган эди. Яъни қарорни имзога тайёрлаганлар ҳали юридик жиҳатдан йўқ компанияга 5 млрд долларлик лойиҳани топшириб бўлишган.

МЧЖнинг таъсисчилари Agalarov Development ва Улуғбек Маҳмудов (50%дан улушда). Устав фонди 400 млн сўм. Почта манзили янада ажойиб: example@gmail.com.

Давом этаверинглар. Энди оқлов-кўклов ҳам шартмас. Сизлар янги тарих яратдинглар".

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid