"Анорбанк" хўжайини ўғирланишига расмий изоҳ берилди
"Ушбу ҳодиса шахсий, корпоратив бўлмаган хусусиятга эга бўлиб, банкнинг операцион фаолиятига алоқадор эмас", дейилади банк ахборотида.

"Анорбанк"нинг асосий акциядори Парижда ўғирланиб, эвазига товон пули талаб қилинган ҳолати бўйича банк расмий изоҳ берди.
"Ушбу ҳодиса шахсий, корпоратив бўлмаган хусусиятга эга бўлиб, банкнинг операцион фаолиятига алоқадор эмас. АНОРБАНК ўз ишини одатдаги тартибда давом эттирмоқда – барча бўлимлар, хизматлар ва рақамли каналлар барқарор ишлаяпти, жорий ва стратегик лойиҳалар тасдиқланган режаларга мувофиқ амалга оширилмоқда", дейилади ахборотда.
"Анорбанк" оммавий ахборот воситалари вакилларидан ушбу мавзуни ёритишда ахлоқий меъёрларга риоя қилишни, текширилмаган маълумотларни эълон қилмасликни ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳурмат қилишни сўраган. Банк, шунингдек, ортиқча муҳокамалар ёки текширилмаган маълумотларни тарқатиш расмий тергов жараёнига ҳам, жабрланувчининг шахсий ҳаёти дахлсизлигига ҳурмат кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига эътибор қаратган.