Ўзбекистонда ёшларнинг бандлиги бўйича янги тизим йўлга қўйилади
Тизим орқали таътилдаги миллионлаб ёшлар банд қилинади. Банклар топ-300 талик олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити беради.

Ўзбекистонда миллионлаб ёшларнинг бандлигини таъминлайдиган тизим яратилади.
“Таълим – келажак сармояси” деган ғоя жамиятда катта ҳаракатга айланмоқда.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти такомиллаштирилди. Энди топ-300 талик олийгоҳга кирганлар учун ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда ишлай бошлайди.
Энг аввало, STEM йўналишлари (илм-фан, технология, муҳандислик ва математика), энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги каби драйвер соҳалар учун квоталар бир неча карра оширилади.
Эндиликда банклар топ-300 талик олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити беради.
Ўқишга кира олмаган мактаб битирувчилари ҳамда техникум ва олийгоҳларни тугатаётган талабаларни банд этиш бўйича 2 та алоҳида дастур қабул қилинди.
Шу мақсадда Алоқабанк ва Миллий банкка 300 миллион доллар ажратилди.
Улар “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида 100 минг ёшларни, “Келажакка қадам” орқали 140 минг олийгоҳ битирувчисини даромадли иш билан таъминлашга масъул бўлади.
Бандлик вазирлиги Савдо-саноат палатаси Миллий банк билан бирга олийгоҳ, техникум, касбий таълим битирувчиларини иш берувчилар билан боғлайдиган платформани ишга туширади.
Бандлик, Мактаб, Олий таълим вазирликлари “Ҳаракатда даромад” электрон тизимини яратиб, таътилдаги 3 миллион ёшларни малака талаб қилмайдиган ишлар билан банд қилади.
Ҳар йили юқори синф ўқувчиларини касб танлашга қизиқтириш ва кўмаклашиш мақсадида “Менинг касбим” республика танлови ўтказилади.
Аввалроқ президент сунъий интеллектнинг миллий модели яратилишини эълон қилганди.