Президент сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бошланганини эълон қилди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Массачусетс технология институтининг сунъий интеллект таълим дастури асосида ўқув дастурларини янгилайди.

Ўзбекистонда сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бошланди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Айни дамда Президент ёшлар билан учрашув ўтказмоқда.
Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича банк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани устувор йўналиш сифатида белгилаб, 100 та лойиҳа амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари қадриятларимиз ва маданиятимизни ўзида ифода этадиган сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бошланганини эълон қилди.
Бу бой тарихимиз ва замонавий ёндашувларни ўзида уйғунлаштириб, ёшларнинг янги креатив ғояларини шакллантиришга хизмат қилади.
Бу тизим самара бериши учун Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури ишга туширилмоқда.
Шу йилнинг ўзида “AI study” платформаси орқали камида 100 минг ёшлар сунъий интеллект технологияларини ўрганади.
Ҳозир мактабларимизда 19 минг 500 нафар информатика ўқитувчиси бор.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Массачусетс технология институтининг сунъий интеллект таълим дастури асосида ўқув дастурларини янгилайди.
Ҳар бир вилоятдан 100 нафар информатика ўқитувчиси жорий йилда Янги Ўзбекистон университетида ушбу дастурга ўқитилади. Ушбу ментор ўқитувчилар ўз ҳудудидаги қолган информатика ўқитувчиларини икки йил давомида каскад усулида тайёрлайди.
Бу орқали беш йилда барча мактаб битирувчилари сунъий интеллект бўйича етарли билим олади.
“Рақамли авлод қизлари” танловида таълим, сунъий интеллект, “яшил” иқтисодиёт, иқлим ўзгариши каби соҳаларда 7 минг ўқувчи ва талабанинг 120 та стартап лойиҳаси танлаб олинди.
Бу йил камида 50 минг нафар қизлар “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси билан қамраб олинади.
Стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим яратилди. Уларни молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилди.
Президентимиз бу рақам 1 миллиард долларга етказилишини айтди.
Энди, бу ишлар мактабдан бошланади. Ўқувчилар учун “моҳирлик ва бизнес соати” киритилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант ажратилади.
Олийгоҳлар ўртасида ҳам стартаплар бўйича ҳар йили “Энг яхши креатив ғоя” танлови ўтказилиб, ғолибларга олийгоҳ жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилади.
Стартапни прототипга айлантириш ва синовдан ўтказиш учун Инновация агентлиги ва IT-парк “RnD” марказини очади.
Бунда, энг яхши лойиҳалар бўйича прототип яратиш харажатининг 50 минг долларгача қисми Ёшлар венчур жамғармасидан қопланади.
Ҳар йили инвесторлар, йирик корхона ва стартап ташаббускорлари иштирокида “Стартап-экспо” кўргазмаси ўтказиб борилади.