platina.uz
Жамият

"Мураккаб дунёда ОАВнинг ўрни муҳим": Президент журналистларни табриклади

Республикада салкам 2,5 мингга яқин оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда, уларнинг 65 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келмоқда.

"Мураккаб дунёда ОАВнинг ўрни муҳим": Президент журналистларни табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табрик йўллади.

"Глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар беқиёс шиддат билан ўзгараётган ҳозирги ўта мураккаб ва нотинч дунёда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучли аҳамият касб этаётганини ҳаммамиз сезиб-англаб турибмиз.

Шу маънода, бепоён медиаоламда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш билан бирга, миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қиладиган журналист аҳлининг машаққатли меҳнатини муқаддас сарҳадларимизда сергак турган Ватан посбонларининг жасоратига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади", дейди президент.

Республикада фаолият кўрсатаётган 2 минг 400 га яқин оммавий ахборот воситаларининг 65 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келмоқда, хусусий нашрлар, телерадиоканаллар, интернет ресурслари тобора ортиб, улардан фойдаланувчилар сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионга етган.

Онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

"Мамлакатимиз журналистлари ва ижодий жамоалари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, бу йил “Олтин қалам” миллий мукофоти биринчи марта 27 июнда – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида топширилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, бугун сизларнинг иштирокингизда тантанали равишда тақдирланадиган барча танлов ғолибларини ва юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходимларини чин қалбимдан самимий табриклайман", дейди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, байрам муносабати билан аввалроқ бир гуруҳ ОАВ ходимлари мукофотланганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid