Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш ҳозирча режалаштирилмаяпти
Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари эълон қилинди. Унда пенсия ёшини ошириш бўйича тавсия мавжуд.

Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш режалаштирилмаяпти. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсияларига асосланиб, Ўзбекистонда пенсия ёши оширилиши ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.
Ушбу маълумотлар кенг жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлаётганини инобатга олиб, Пенсия жамғармаси қуйидагиларни маълум қилди:
Ҳозирда Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган. Амалга оширилаётган ишлар ўрганиш, таҳлил қилиш ва таклифлар ишлаб чиқиш босқичида турибди.
Вазирлар Маҳкамасининг Қарори (ВМҚ-600-сон) асосида амалдаги давлат пенсия таъминоти тизимида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида пенсия таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича Ишчи гуруҳи тузилган. Ишчи гуруҳга Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам маҳаллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ушбу Концепция лойиҳаси бўйича таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш бўйича ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган.
Пенсия тизимига киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар, жумладан, пенсия ёшига оид масалалар ҳам, албатта, кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг, халқнинг фикри ва манфаатлари инобатга олинган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилади, дейилади хабарда.
25 июн куни тармоқда Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича хулосаси эълон қилинди.
ХВЖга кўра, қуйидаги ислоҳотлар ўтказилиши зарур:
-пенсия ёшининг паст кўрсаткичларини босқичли равишда ошириш;
-айрим ташкилот категориялари учун белгиланган имтиёзли бадал ставкаларини босқичма-босқич бекор қилиш билан бир вақтда стандарт бадал ставкасини ошириш;
-пенсия нафақаси миқдорини меҳнат фаолияти давомидаги ўртача даромад асосида ҳисоблаш;
-автоматик нарх индекси асосидаги пенсия индексация механизмини жорий қилиш.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда пенсия олувчилар сони 4,19 миллион кишини ташкил этиб, шундан 3,47 миллион нафари ёшга доир, 476,2 минг нафари ногиронлик, 248,9 минг нафари боқувчисини йўқотганлик пенсияларини олмоқда.
Республика бўйича ўртача пенсия миқдори 1,43 млн сўмни, Тошкент шаҳри бўйича эса 1,96 млн сўмни ташкил этади.