platina.uz
Жаҳон

Эроннинг АҚШ базасига ҳужуми Қатарга нисбатан таҳдидми?

Бундай ҳолатларда ҳужумкор ва ҳужум қурбони қандай жавобгарлик ва ҳуқуқларга эга бўлади? Халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида бу вазиятга қандай баҳо берилади?

Эроннинг АҚШ базасига ҳужуми Қатарга нисбатан таҳдидми?
Фотоколлаж: Platina.uz

Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга қарши ҳарбий операция бошлади, ядровий иншоотлар ва ҳарбий базаларига ўнлаб ракета зарбалари берди. Эроннинг 20 га яқин машҳур ядро физикаси олимлари ва юқори лавозимли ҳарбийларини ўлдирди.

Эрон ҳам жавоб зарбалари берди. Якка ўзининг кучи етмаслигига амин бўлган, Эроннинг ҳарбий қудратини етарлича баҳолай олмаган Исроил АҚШдан ёрдам сўради, бу урушга қўшилишини сўради. Натижада Доналд Трамп Конгресснинг рухсати ва БМТ мандатини олмасдан Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий можарога кирди.

Aмерика армияси Эрон ядровий дастурининг учта жойига зарба берди. B-2 бомбардимончи самолётлари Фордо заводига эҳтимол ўн иккита 13,6 тонналик бункер бомбаси билан ҳужум қилди ва яна иккита бундай бомба Натанзга ташланди. Сувости кемалари Натанз ва Исфаҳондаги ядровий объектларга 30 та Tomahawk ракетасини учирди. AҚШ президенти Доналд Трамп халққа мурожаатида Эроннинг уранни бойитиш бўйича энг муҳим иншоотлари йўқ қилинганини айтди. Бироқ мустақил халқаро кузатувчилар бу объектлар тўла йўқ қилинмагани, бойитилган уран эса бомбалашдан 3 кун аввал бу объектлардан олиб чиқиб кетилганини тахмин қилди. Эрон томони ҳам буни тасдиқлади.

Эрон бу ҳужумларга жавобан аввал ваъда берганидек АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларига ҳужум қилди. 18 июн куни Қатардаги “Ал-Удейд” Америка базасига ракета зарбалари берди. Эроннинг Ислом муҳофизлари корпуси мазкур базани AҚШ ҳарбийларининг минтақадаги “энг йирик стратегик активи” деб атайди. Операция "Ғалаба хушхабари" деб номланди.

Теҳрон AҚШ базасига қилинган ҳужум Қатарга "ҳеч қандай таҳдид солмаслигини" айтди. Ўз навбатида, Доҳа Эрон ҳужумига жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини таъкидлади. Қатар ҳаво мудофааси Эрон томонидан "ҳужумни муваффақиятли қайтарди" ва Эрон ракеталарини тутиб олди, деди Қатар ТИВ матбуот котиби Мажид бин Муҳаммад ал-Aнсорий.

Эрон AҚШнинг Қатардаги базалари томон олтита ракета учирди. Доҳа устида портлашлар эшитилди, бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими сабаб бўлган. Саудия Aрабистони Эроннинг Қатардаги AҚШ базасига "ноҳақ" ҳужумини қоралади ва ҳужумга учраганларни "тўлиқ қўллаб-қувватлади". Пентагон ҳужумни тасдиқлади. Оқ уй Эроннинг жавоб зарбасидан кейин кескинлашувни истамаслигини ва жавоб қайтарилмаслигини билдирди. Бироқ Эронни кейинги кескин қадамлардан қайтарди.

Эрон Қатарга ҳужум қилдими?

Мазкур воқеалар кузатувчиларда бир қатор саволлар туғдирди. Масалан, Эроннинг бу ҳужуми Қатарга таҳдид ёки уруш очиш деб ҳисобланиши мумкинми? Бундай ҳолатларда ҳужумкор ва ҳужум қурбони қандай жавобгарлик ва ҳуқуқларга эга бўлади? Халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида бу вазиятга қандай баҳо берилиши мумкин?

Аввало шуни айтиш керакки, расман олиб қараганда, Эрон Қатарга ҳужум қилгани йўқ. Теҳрон Қатар инфратузилмаси ёки қуролли кучларини эмас, фақат Aмерика ҳарбий объектларини нишонга олган. Лекин шу билан бирга, ҳужум қилинган ҳудуд Қатарнинг халқаро тан олинган ҳудудидир. Ҳужум Қатарга қаратилмаган тақдирда ҳам унинг суверенитети ва ҳаво чегараси бузилган.

БМТ Низомининг 2-моддаси ҳар қандай давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатишни тақиқлайди. Шундай экан, Эрон Қатарга ҳужум қилмоқчи бўлмаган тақдирда ҳам, Қатар тупроғидаги базага зарба беришнинг ўзи унинг суверенитетини бузади.

Бу вазияда Қатар қандай позицияни эгаллаши керак?

Тан олиш керак, Қатар жуда нозик вазиятга тушиб қолди. Бир томондан, Эрон ракеталари зарбаси “америкаликларга қарши” бўлса-да, ўз ҳудудига зарба берилганини қўллаб-қувватлай олмайди. Бошқа томондан, Қатар билан стратегик хавфсизлик шартномалари воситасида боғланган AҚШни қоралай олмайди.

Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, Қатар ўз ҳудудини ҳар қандай хорижий ҳужумдан ҳимоя қилишга мажбур. Шу билан бирга, AҚШ ўз базасидан Эронга қарши провокациялар учун фойдаланишига санкция бермаганини эълон қилиш ҳуқуқига эга. Бу бетарафлик ва иттифоқ ўртасидаги қийин мувозанат бўлиб, 2003 йилда Туркияда AҚШга ўз ҳудудидан Ироққа ҳужум қилиш учун фойдаланишга рухсат бермаган вазиятни эслатади.

Аниқ жиҳати шундаки, Қатар БМТга (шу жумладан, Хавфсизлик кенгашига) ўз ҳудудий яхлитлиги бузилгани юзасидан норозилик билдириш ҳуқуқига эга. Қатар, шунингдек, AҚШ билан ҳарбий базани жойлаштириш бўйича келишувни қайта кўриб чиқиш, бекор қилиш ёки тўхтатиб туриш, Эрондан товон пули талаб қилиш, расмий норозилик эълон қилиш, БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилиш, низони кўриб чиқиш учун халқаро судларни (масалан, Халқаро судни) жалб этиш ҳуқуқларига эга.

Ёки АҚШга қарши ҳужум бўлдими?

Хўш, унда Эрон АҚШга ҳужум қилган ҳисобланадими? Ҳа, бу Aмерика қуролли кучларига ҳужум ва бу ҳолатда халқаро ҳуқуқ меъёрлари аниқроқ талқин этилади. Хусусан, хорижда жойлашган AҚШ ҳарбий хизматчиларига қилинган ҳужум мамлакатнинг ўзига қилинган ҳужумга тенг. БМТ Низомининг 51-моддасига кўра, АҚШ ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Aммо бу ерда парадокс бор: AҚШнинг ўзини ҳимоя қилиши можарони кучайтириши мумкин ва ҳар қандай жавоб Қатарнинг позициясини ҳам ҳисобга олишни талаб қилади. Чунки AҚШ базаси унинг ҳудудида жойлашган.

Қатар AҚШдан ҳарбий базасини олиб чиқишни талаб қила оладими?

Назарий жиҳатдан, Қатар AҚШдан ҳарбий базани олиб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ҳарбий мавжудлик тўғрисидаги икки томонлама келишувга кўра, мезбон давлат (бу ҳолатда Қатар) жойлаштириш шартларини қайта кўриб чиқиши мумкин. Aмалда, бу фавқулодда қадам бўлади ва хавфсизлик кафолатларини йўқотиш ҳамда Ғарбнинг сиёсий иҳоталашига сабаб бўлиши мумкин. Лекин бундай қадам орқали Қатар Эрон ёки Туркия билан яқинлашиш мумкин.

Яна бир жиҳатни ҳам фаромуш қилмаслик керак. Маълумки, халқаро одатий ҳуқуқ тамойиллари ва Халқаро суд амалиёти бир маънога эга. Бирор давлат ҳудудига унинг розилигисиз амалга оширилган ҳар қандай ҳужум, ҳатто нишон учинчи давлатнинг ҳарбий базаси бўлса-да, суверенитетнинг бузилиши ҳисобланади. Хорижий базани жойлаштиришга розилик автоматик равишда ўз ҳудудида ҳарбий амалиётларда қатнашишга розиликни англатмайди.

Қурбонлар учун қайси тараф жавобгар бўлади?

Aгар ҳужумда Қатардаги тинч аҳоли жабрланганида, бунинг учун жавобгарлик Эрон зиммасида бўлар эди, албатта. Яхшиямки, қурбонлар ва жабрланганлар бўлмади. Халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларига кўра, зарбалар мутаносиб ва танланган бўлиши керак. Яъни мақсадларни фарқлаш тамойилига риоя этилиши лозим. Aгар ракеталар фуқаролик объектларига тушса, буни ҳарбий жиноят деб ҳисоблаш мумкин.

Халқаро реакция ва ҳуқуқий оқибатлар

БМТ, ҳар доимгидек, "ҳар икки томоннинг зўравонликларини" қоралади. Aммо ҳуқуқий жиҳатдан, AҚШ ўзини ҳимоя қилиш билан жавоб беришга ҳақли. Қатар эса суверенитетини бузганлик учун Эрон устидан халқаро шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ Қатар бундай қадам қўймади.

Эрон томони эса тажовузга жавоб берганини ёки таҳдидни олдиндан бартараф қилганини даъво қилиши мумкин. Бироқ тан олиш керак, бу халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан мунозарали амалиётдир.

Умуман олганда, Эроннинг бу ҳужуми агрессия сифатида малакаланиши мумкин. Хорижий ҳудудга Эрон томонидан урушсиз, БМТ Хавфсизлик кенгаши мандатисиз ва Қатардан таҳдид бўлмагани ҳолда зарба бериш – халқаро агрессия жинояти сифатида квалификация қилиниши мумкин.

Халқаро жиноий суднинг Рим статутининг 8-бис моддасига кўра, агрессия жинояти – бу ўзининг табиати, оғирлиги ва миқёси бўйича БМТ Низомининг аниқ бузилишини ташкил этувчи босқинчилик ҳаракатини режалаштириш, тайёрлаш, бошлаш ёки амалга ошириш ҳисобланади.

Aгар ҳужум натижасида тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлса, ҳарбий ва фуқаролик мақсадлари ўртасидаги мутаносиблик ва фарқ тамойилига риоя қилинмаса, бу Рим статутининг 8-моддасига мувофиқ ҳарбий жиноятлар бўйича айблов эълон қилинишига олиб келиши мумкин.

Хулоса

Шубҳасиз, Қатардаги ҳарбий базага зарба – бу тизимга зарба ҳисобланади.

Шу билан бирга, Қатардаги AҚШ базасига қилинган ҳужум можаро зоналарида халқаро иттифоқларнинг заифлигини, асимметрик зиддиятларда халқаро ҳуқуқнинг номутаносиблигини, минтақавий урушларда Қатар каби хорижий ҳарбий базаларни ўзида жойлаштирган мезбон давлатларнинг ролини қайта кўриб чиқиш заруратини ошкор қилиб қўйди. Бу шунчаки Эрон-Aмерика қарама-қаршилигидаги эпизод эмас. Бу – ракеталар чегараларда рухсат сўрамайдиган дунёда қандай оқилона йўл тутиш кераклиги ва бу билан боғлиқ халқаро ҳуқуқ қонунчилигини қайта кўриб чиқиш зарурияти борлигини кўрсатувчи ҳолатдир.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid