Пойтахтда 18 км гастрономик ва туризм кўчалари ташкил этилади
Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида бепул вай-фай тармоқлари ва 100 та замонавий ҳожатхона ҳам қурилади.

Тошкент шаҳрида узунлиги 18 км бўлган гастрономик ва туризм кўчалари ташкил этилади, 500 та хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари ишга туширилади.
Гастрономик ва туризм кўчалари бўйлаб бепул вай-фай тармоғи ҳам ташкил этилади.
Натижада 2500 та янги иш ўрни яратилади. 2025 йил 1 октябргача тайёр бўлиши мўлжалланган ушбу лойиҳага жами 540 млрд сўм ажратилади.
Шунингдек, туну кун ишлайдиган чакана савдо, хизмат кўрсатиш объектлари ва умумий ошхоналарининг иш режими 24/7 режимда ишлаши ҳақида белгилар ўрнатилади.
Пойтахтнинг марказий кўчалари, чорраҳалари ва аҳоли гавжум жойлари атрофларида ривожланган давлатлар тажрибаси асосида 100 та замонавий санитария-гигиена шохобчалари (ҳожатхоналар) тармоғи яратилади. Тегишли ташкилотлар хулосаларини олиш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва келишиш 2025 йил 20 августгача амалга ошиши керак.
Бундан ташқари, йил давомида Pepsi music Fest, Art Fest, Beer Fest, Fashion Fest ва Food Fest каби йирик фестиваллар ҳамда дунёга энг машҳур санъаткор(дижей)лар иштирокида катта концертлар ташкил этиш учун 50 млрд сўм сарфланади.
Аввалроқ пойтахтда йил охиригача 4 та янги меҳмонхона қурилиши ҳақида хабар берилганди.