platina.uz
Жамият

Шавкат Мирзиёев академик Азимбой Саъдуллаев вафоти сабаб таъзия билдирди

Академик АҚШ олимлари билан ҳамкорликда янги йўналиш бўлган комплекс потенциаллар назарияси асосини яратган. 

Шавкат Мирзиёев академик Азимбой Саъдуллаев вафоти сабаб таъзия билдирди
Фото: Президент матбуот хизмати.

Мамлакат илм-фани оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор Азимбой Саъдуллаев 2025 йил 28 май куни 78 ёшида вафот этди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошқа сиёсий арбоблар ҳамдардлик билдирди.

Азимбой Саъдуллаев 1947 йил 9 январда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилди. 1969 йилда Москва давлат университетини математика мутахассислиги бўйича тамомлади. Мазкур университет аспирантурасида таҳсил олиб, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1989 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1995 йилда ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Азимбой Саъдуллаев ўзининг 55 йиллик меҳнат фаолияти давомида Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ўқитувчиси, доценти, кафедра мудири, факультет декани, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институти катта илмий ходими, Урганч давлат университети ректори, Хоразм Маъмун академияси раиси каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди ва ўзининг юксак илмий-педагогик ва раҳбарлик салоҳиятини намоён этди.

Машҳур математик олимнинг илмий ишлари мамлакатимиз ва халқаро илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилган. Айниқса, унинг АҚШ олимлари билан ҳамкорликда янги йўналиш бўлган комплекс потенциаллар назарияси асосини яратгани, ҳозирги кунда ушбу ишланма амалиётда кенг қўлланилаётгани фан оламида яхши маълум.

Истеъдодли олимнинг 200 дан ортиқ илмий мақолалари, 15 та монографиясида математика соҳасининг кўплаб долзарб масалалари атрофлича тадқиқ этилган.

Азимбой Саъдуллаев 1995-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида самарали фаолият олиб бориб, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, парламент назорати механизмларини такомиллаштиришда жонбозлик кўрсатди.

Академик АСаъдуллаев 2020 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid