platina.uz
Жамият

Пойтахтни айланиб ўтувчи "Озодлик – Янгиер" темир йўли қурилади

Янгийўл тумани ва Янги Тошкент яқинида йирик станциялар барпо этиш таклиф қилинмоқда. 

Пойтахтни айланиб ўтувчи "Озодлик – Янгиер" темир йўли қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев 27 май куни темир йўлларни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Давлат раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, бу соҳа тубдан ислоҳ қилинмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибий жиҳатдан ўзгартирилиб, носоҳавий бино, ёндош ер ва ортиқча вазифалар қисқартирилди. Натижада илгари зарар билан ишлаган компания ўтган йили 47 миллиард сўм соф фойда билан чиқди. “Temiryoʻlkargo” компанияси ташкил этилгач, юк вагонларидан фойдаланиш самарадорлиги 2 карра ошди.

Лекин ҳали имкониятлар кўп. Тақдимотда соҳа инфратузилмасини ривожлантириш ва даромадни ошириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, транзит юкларини ташиш қувватидан тўлиқ фойданилмаяпти. Буни келгуси йилларда 40 фоизга ошириш орқали даромадни 2 карра кўпайтириш мумкин.

Масалан, илк бор Хитой – Туркия йўналиши бўйича юк поездлари қатнови йўлга қўйилди. Юртимизда янги поездлар олиб келиниб, қатновлар йилдан йилга кўпаймоқда. Шу боис темир йўл инфратузилмаси ўтказувчанлигини изчил ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Бу масала, айниқса, Тошкент атрофида долзарб. Ҳозир ташқи юкларнинг 70 фоизи “Чуқурсой” станцияси орқали ташилмоқда. Баъзан бунга бир неча кун вақт сарфланиб, ортиқча харажат ва навбатга сабаб бўлаяпти.

Шу боис юк станцияларини пойтахт ҳудудидан ташқарига чиқариш, Янгийўл тумани ва Янги Тошкент яқинида йирик станциялар барпо этиш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, пойтахтимизни айланиб ўтувчи “Озодлик – Янгиер” темир йўли қурилиши кўзда тутилган. Натижада Фарғона водийси билан бошқа вилоятлар ўртасидаги юк ташувлари Тошкент шаҳрига кирмасдан амалга оширилади.

Янги лойиҳалардан яна бири Самарқанд – Ургут йўлидир. Ҳозирда ишлар бошланиб, 7 километр темир излар ётқизилган. Бу йўналиш узунлиги жами 54 километр бўлиб, 2 та вокзал, “Ургут” иқтисодий зонасида 2 та юк станцияси қурилади.

Вокзалларга кириб-чиқиш тартиби, хизматлар сифати масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Йўловчилар ҳаракатига қулайлик яратиш, туристлар учун шароитни яхшилаш, автотураргоҳларни кенгайтириш вазифалари қайд этилди.

Мутасаддилар, шунингдек, электропоездлар олиб келиш, хизмат сифатини яхшилаш режалари бўйича ахборот берди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid