Шавкат Мирзиёев битирувчиларга табрик йўллади
Бу йил 11 минг 500 нафардан зиёд ўқувчи мактабни олтин медал билан, 2 мингдан ортиғи эса кумуш медал билан тугатган.

Бугун Ўзбекистон бўйлаб мактабларда сўнгги қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан битирувчиларга табрик йўллади.
"Аввало, сиз, азизларни ҳаётингиздаги бугунги унутилмас қувончли воқеа – мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, етуклик шаҳодатномасини қабул қилиб олаётганингиз ва мустақил ҳаётга қадам қўяётганингиз билан самимий муборакбод этаман.
Ушбу шукуҳли айёмда мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабда меҳрибон устозлар, ҳурматли ота-оналар иштирокида “сўнгги қўнғироқ”лар жаранглаб, 450 минг нафардан ортиқ битирувчи ёшларимиз шаънига эзгу тилаклар билдирилмоқда.
Барчамиз бу фикрларга чин дилдан қўшилган ҳолда, катта орзу-умидлар билан келажак режаларини тузаётган ўғил-қизларимизга уларни амалга оширишда улкан куч-ғайрат, омад ва зафарлар тилаймиз.
Айниқса, мактабни олтин медал билан битираётган 11 минг 500 нафардан зиёд фарзандларимизга, 2 мингдан ортиқ кумуш медал соҳибларига ўқиш ва изланишда, жамоат ишларида ўз тенгдошларига доимо ўрнак ва намуна бўлиб келаётганлари учун алоҳида табрик ва тилакларимизни изҳор этамиз", дейилади табрикда.
" Келажагимиз эгалари бўлган навқирон авлодимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишда катта бунёдкор куч сифатида иштирок этиши учун зарур шароитларни яратиб бермоқдамиз. Жумладан, сизларнинг замонавий илм ва касб-ҳунарлар, она тили билан бирга хорижий тиллар, IT ва инновацион технологияларни, ижод ва тадбиркорлик соҳаларини пухта эгаллашингиз учун ҳозирги кунда 201 та олий ўқув юрти, 598 та техникум, кўплаб мономарказ ва технопарклар, кутубхоналар, маданият, санъат ва спорт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Таълимнинг барча бўғинларида ўқув-тарбия ишларининг сифати ва натижадорлигини ошириш, битирувчи ёшларимизга танлов имкониятларини кенгайтириш учун янги-янги тизим ва дастурлар, электрон платформалар ишга туширилмоқда.
Сизлар ана шундай беқиёс имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ёшлик фаслининг олтинга тенг ҳар бир дақиқасини қадрлаб, келгусида Ватанимиз мустақиллигини, эл-юртимиз манфаатларини барча соҳаларда дадил ҳимоя қиладиган етук кадрлар, онгли ва олижаноб инсонлар бўлиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қиласиз, деб ишонаман", дея таъкидлайди президент.