Ёшлар тадбиркорлиги учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилади
Ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 миллиондан 300 миллион сўмгача оширилади. Ёш тадбиркорлар лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача кредит ажратиш мумкин бўлади.

Ҳар йили 600 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда, 2030 йилга бориб, улар 1 миллионга етади. Ёшларга ўзига мос иш топиши учун шароит яратиш – энг муҳим масала экани қайд этилди.
Ёшлар ўртасида сўровнома ўтказилиб, уларнинг учдан бири тадбиркор бўлиш истагини билдирган. Ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар берилган эди.
Хусусан, “Ёшлар бизнеси”, “Келажакка қадам” дастурлари ҳисобидан 15 минг нафар ёшлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди, 50 минг одамни иш билан таъминлади.
Президентимиз ёшлар тадбиркорлиги учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.
Ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 миллиондан 300 миллион сўмгача оширилади. Ёш тадбиркорлар лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача кредит ажратиш (ҳозир 5 миллиард сўмгача) мумкин бўлади. Инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилади.
Сервис ва умумий овқатланиш соҳасида 1 мингдан зиёд иш ўрни яратган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, филиал очишга қизиқаётган ёшлар учун қулай молиялаштириш пакетлари жорий қилинади.
Аввалроқ ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда "Ёшлар куни" бўлиши белгиланганди.
Шу куни соҳага масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларга бориб, ёшларни эшитади ва муаммосини ҳал қилади.
