Президент чемпион ўсмирларни табриклади
"Ноябр ойида Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам Осиёнинг ғолиб жамоаси сифатида муносиб иштирок этасиз, деб ишонаман", дея таъкидлади президент.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 ёшлилар ўртасида Осиё кубогида ғолиб чиққан терма жамоа вакилларига табрик йўллади.
"Айниқса, финалда мусобақа мезбони – Саудия Арабистони каби ғоят кучли жамоага қарши кескин беллашувда турли босимларга қарамасдан, ўн бир ўйинчига қарши тўққиз футболчи шиддатли кураш олиб борганингиз чинакам жасорат ва матонат намунаси бўлди. Сизлар намоён этган юксак мардлик ва маҳорат ҳар қандай таҳсинга сазовордир.
Мусобақа якунига кўра, уч нафар истеъдодли ва моҳир спортчимиз якка тартибдаги совринлар эгаси бўлгани, жумладан, Неъматуллоҳ Рустамжонов – турнирнинг энг яхши дарвозабони, Асилбек Алиев – энг яхши тўпурари, Садриддин Ҳасанов – энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Эл-юртимиз сизларнинг тимсолингизда доимо олдинга интилиб яшайдиган, юксак марраларни забт этишга қодир Янги Ўзбекистон ёшларининг энг ёрқин вакилларини кўради ва сизлар билан ҳақли равишда фахрланади", дейилади табрикда.
"Сизлар ушбу ғалабадан руҳланиб, шу йил ноябр ойида Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам Осиёнинг ғолиб жамоаси сифатида муносиб иштирок этасиз, деб ишонаман", дея таъкидлаган президент.
Эслатиб ўтамиз, кечаги финалда 9 кишилик терма Саудия устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.