platina.uz
Жамият

Аҳолидан чиқинди учун ундирилган 2 млрд сўм қайтарилади

Рақобат қўмитасига хонадонлардан чиқинди ташиб кетилмаётгани, аҳоли сонига мос равишда тўлов белгиланмаслиги ва бошқалар юзасидан шикоятлар келиб тушган.  

Аҳолидан чиқинди учун ундирилган 2 млрд сўм қайтарилади

Аҳолидан чиқинди учун ундирилган миллиардлаб пул қайтарилади.

Жорий йилда Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига чиқинди ташиш хизмати бўйича фуқаролардан кўплаб норозилик мурожаатлари келиб тушди.

Хусусан, Фарғона вилоятининг Қува туманидан тушган ўндан ортиқ мурожаатлар таҳлил қилинганда, хонадондан чиқинди ташиб кетилмаётгани, аҳолининг аниқ сонига мос равишда тўлов белгиланмаслиги ва хизматларнинг белгиланган графикда кўрсатилмаслиги ҳолатлари аниқланди. Мисол учун, 2 нафар фуқаро истиқомат қилаётган хонадондан чиқинди ташиб кетилмаган ва бундан ташқари ҳисоб-китобда 5 киши учун ҳақ ундирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сонли қарори билан тасдиқланган Қоидага асосан хизмат кўрсатувчи ташкилот маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг тартиби ва тарифларининг ўзгарганлиги тўғрисида ушбу тарифлар кучга киришидан ўн беш кун аввал хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг стендида, эълонлар тахтасида эълонлар осиш йўли билан, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали истеъмолчини хабардор қилишга мажбурлиги белгиланган.

Бироқ “Tozalik Sanitar Servis” МЧЖ томонидан янги тарифлар аҳолига ўз вақтида эълон қилинмаган ҳолда қўлланилган. Шу туфайли 2024–2025 йиллар мобайнида Қува туман филиали томонидан юқори тариф қўлланилиши натижасида 264 млн сўмдан ортиқ, Фарғона шаҳар филиали томонидан 17 млн сўмга яқин маблағлар ортиқча ҳисобланганлиги аниқланди.

Шунингдек, Қува туманидаги Байналминал, Жалаер, Ифтихор, Катта Қашқар, Мустақиллик, Намуна, Суфи МФЙларига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сонли қарор талаблари асосида хизмат кўрсатилмаганлиги натижасида 1.7 млрд сўмдан зиёд ортиқча маблағ ҳисобланганлиги маълум бўлди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Фарғона вилоятида бугунги кунда чиқиндиларни ташиш хизматидан аҳолидан жами 2 млрд сўмдан ортиқ ҳақ ундирилганлиги аломатлари мавжудлиги аниқланиб, асоссиз ундирилган маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатма берилган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid