Россияда қонунни бузганлар Қозоғистонга бормаслиги тавсия этилди
Бу Қозоғистон чегара ва ички ишлар тизимида янги тизим жорий этилгани билан изоҳланмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги айрим фуқароларга огоҳлантириш билан чиқди. Айтилишича, Россияда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг Қозоғистонга бориши тавсия этилмайди.
Қозоғистон ва Россия ҳукуматларининг маъмурий ва жиноий ишлари бўйича қарорларни тан олиш ва ижро этишга оид икки томонлама келишувлари асосида Қозоғистон чегара ва ички ишлар тизимида янги тизим жорий этилган.
Натижада сўнгги вақтларда Россия ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этган Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон чегарасини кесиб ўтиш вақтида ҳибсга олиниш ҳолатлари кузатилмоқда.
Шунингдек, ҳибсга олинган шахслар Россия томони мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича якуний қарор қабул қилгунига қадар жазони ижро этиш муассасаларида сақланмоқда.
Шу муносабат билан, Россия ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этиб, Ўзбекистонга келган юртдошларга Қозоғистонга бормаслик тавсия қилинади, дейилади хабарда.