Путинга сўнгги имкон: Трампнинг махсус вакили Россия раҳбари билан учрашди
Путин ва Уиткофф учрашув олдидан қўл бериб кўришиб, таржимонларсиз бир нечта иборалар алмашишган.

Россия президенти Владимир Путин Москвада АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашди. Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар берди.
“Владимир Путин Стивен Уиткоффни Кремлда қабул қилди”, — дейилади хабарда.
Матбуот хизмати бошқа тафсилотларни келтирмади.
РИА "Новости" хабарига кўра, Путин ва Уиткофф учрашув олдидан қўл бериб кўришиб, таржимонларсиз бир нечта иборалар алмашишган. Учрашувда Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Россия раҳбарининг хорижий давлатлар билан сармоявий ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Кирилл Дмитриев иштирок этди.
Стив Уиткофф 6 август куни Москвага келди, махсус вакил Дмитриев билан Заряде боғини айланиб чиқди, деб хабар бермоқда RT.
Уиткоффнинг асосиф миссияси Путинни 8 августгача сулҳга кўндиришдир. Агар Россия рози бўлмаса, Трамп мамлакатга қарши санкциялар киритади. Кремл бу масала натижаларини очиқламади.
Аввалроқ Россия ва Украина ҳавода сулҳга келишиши мумкинлиги ёзилганди.