Аллақачон ўқиш манзилларига келган талабаларнинг турар-жой масаласи нима бўлади?
Таҳлил
6 январь 2023 йил

Жорий йилги қишки таътил узайтирилиши ҳақидаги хабардан сўнг кўпчилик ота-оналар ва талабаларни бир савол ўйлантириб қолди: 9 январгача чипта олиб аллақачон ўқиш манзилларига етиб келган талабаларнинг турар-жой, ётоқхона масаласи нима бўлади?
Platina.uz ушбу савол билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик матбуот хизмати талабалар турар-жойи масаласи билан боғлиқ чоралар кўрилаётганлигини ҳамда тез фурсатларда расмий маълумот берилишини маълум қилди.
— Талабалар турар-жойида яшовчи талабаларнинг узайтирилган таътил сабаб 18 январгача бўлган тўлов миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади. Мустақил ўқиб имтиҳонларга тайёрланиш учун пойтахтга қайтган талабалар учун ҳам ётоқхонада яшашга шароит яратиб берилади. Талабалар турар-жойи расман ўқиш бошланишидан олдин очилади, — деди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.Эслатиб ўтамиз: юртимиздаги ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши туфайли таълим ташкилотларида мавсумий грипп касаллигининг кескин кўпайишининг олдини олиш мақсадида барча таълим муассасаларида 2023 йилнинг 10 январидан бошлаб қишки таътил муддати 18 январга қадар узайтирилган. 9 январгача харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади .