Телеграм қоидаларини бузганларнинг маълумотлари расмий органларга берилиши мумкин
Дуров мессенжернинг қидирув функциясидан айрим шахслар ноқонуний товарларни сотиш учун фойдаланаётганини айтган.
Телеграм қоидаларини бузган фойдаланувчиларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамлари асосли сўровларга жавобан расмий органларга ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Телеграм асосчиси Павел Дуров ўзининг каналида ёзди.
Дуров август ойида Францияда ҳибсга олинган, мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланган.
Франция оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, Телеграм Дуров ҳибсга олинганидан кейин Франциядаги терговчиларнинг сўровларига жавоб бера бошлаган.
Дуров ёзганидек, мессенжер ўзининг хизмат кўрсатиш шартлари ва махфийлик сиёсатини янгилаб, "бутун дунё бўйлаб уларнинг бир хиллигини таъминлади".
" Биз қоидаларимизни бузганларнинг IP манзиллари ва телефон рақамлари қонуний талабларга жавобан тегишли органларга ошкор этилиши мумкинлигини аниқ айтдик", деди Дуров.
У Телеграмнинг қидирув функциясидан айрим шахслар хизмат кўрсатиш шартларини бузган ҳолда ноқонуний товарларни сотиш учун фойдаланаётганини тан олди. Дуровнинг таъкидлашича, сўнгги бир неча ҳафта ичида ммахсус модераторлар жамоаси" Телеграмда қидирувни хавфсизроқ қилиб қўйган.
"Бу чора-тадбирлар жиноятларнинг олдини олиши керак. Телеграмда қидирув ноқонуний маҳсулотларни тарғиб қилиш учун эмас, балки дўстлар ва янгиликларни топиш учун мўлжалланган. Биз тажовузкорларга деярли бир миллиард фойдаланувчи учун платформамизнинг яхлитлигини хавф остига қўйишига йўл қўймаймиз", — дея хулоса қилди Телеграм асосчиси.