platina.uz

Президент Урганч аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди

Қурилиш-реконструкция ишлари 2025-2027 йиллар давомида амалга оширилади. Аэропорт келажакда Boeing 747 ва Airbus 350 каби йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга бўлади. Давлат раҳбари ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши ва Хонқадаги кичик саноат зонасига ҳам борди. 

Жамият
5 кун аввал, 16:15
Президент Урганч аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, янги истиқболли режаларни белгилаш мақсадида 1 май куни Хоразм вилоятига келди.

Урганч халқаро аэропорти аҳоли ва меҳмонлар талабига тўла жавоб бермаяпти. У соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади, холос. Бу қатновларни кўпайтириш имконини бермаяпти. Шунинг учун бу аэропортни модернизация қилиш ва бошқарувга бериш кўзда тутилган.

Ташриф чоғида давлатимиз раҳбарига ушбу лойиҳанинг бориши ҳақида ахборот берилди.

Бу борада 2024 йил 1 августда эълон қилинган очиқ тендер икки босқичда ўтказилиб, унда Франция, Корея, Туркия, Қатар каби давлатлардан саккизта компания иштирок этди.

Якунда идоралараро тендер комиссиясининг қарори билан Корея Республикасининг Incheon International Airport Corporation компанияси ғолиб деб топилди.

Президентимиз ушбу компания ва лойиҳа раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Компания президенти Инчон халқаро аэропорти сиғими бўйича дунёда учинчи ўринда туриши, сервис бўйича етакчилардан бири эканини айтди. Урганч компаниянинг иккинчи аэропорти бўлишини таъкидлаб, уни янгилаш ва бошқариш режаларини маълум қилди.

Давлатимиз раҳбари бундай илғор компания билан шерикликдан хурсандлигини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикрларини билдирди.

- Хоразмда кўплаб замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва савдо марказлари барпо этаяпмиз. Келажакда сайёҳлар оқимини 5 миллионга етказишни мақсад қилганмиз. Буни аэропорт билан ҳамоҳанг қилсак, ўзаро манфаатли бўлади, даромад кўпаяди, - деди Шавкат Мирзиёев.

Хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда самолётлар олиб келиб, ташувларни кўпайтириш бўйича фикр алмашилди. Ушбу шерикликдан фойдаланиб, сервис бўйича Корея тажрибасини ўрганиш, мутахассисларимизни ўқитиш ва малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 223 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг доирасида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминаллари қуриш, “ICAO” талабларига жавоб берувчи ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатиш, махсус техникалар харид қилиш кўзда тутилган.

Қурилиш-реконструкция ишлари 2025-2027 йиллар давомида амалга оширилади. Буларнинг натижасида аэропорт Boeing 747 ва Airbus 350 каби йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга бўлади. Аэровокзалнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрга етиб, соатига 1 минг 300 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қуввати яратилади.

Умуман, бундай замонавий инфратузилма орқали Хоразм аэропорти энг қулай йўналишлардан бирига айланади. Хоразмнинг хорижлик сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишга ҳамда мамлакатимиз авиация соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Бўлажак янги терминал лойиҳаси ҳам тақдимот қилинди. Президентимиз унинг ички ва ташқи қиёфасида миллий руҳни акс эттириш бўйича тавсиялар берди.

Шу ерда давлатимиз раҳбари журналистлар билан ҳам мулоқот қилди. Хоразмга ташрифдан мақсад янги марраларни белгилаб, иқтисодиёт кўрсаткичларини янада ошириш, вилоятда яшаётган 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини яхшилаш, иш ўринлари очиб, одамларнинг даромадини кўпайтириш экани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ал-Хоразмий шаҳарчасининг қурилишини кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари 2022 йил августда ушбу шаҳарча пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Ўтган йилларда муҳандислик тармоқлари тортилиб, 1 минг 773 та хонадонли 72 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Бу йил мингта хонадонли яна 28 та турар жой қурилиши режалаштирилган. Бу ерда жами 5 мингдан ортиқ хонадон бўлади.

Шаҳарча Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан зиёд ҳудудда бунёд этилмоқда. Самолётдан тушган меҳмонларнинг кўз ўнгида аввало мана шу гўзал маскан намоён бўлади. Шаҳарча марказида Хоразмий бобомизнинг муаззам ҳайкали ўрнатилади.

Президентимизга мазкур ҳайкал лойиҳаси тақдимот қилинди.

Ҳайкал шаҳарчада барпо этилаётган 20 гектарлик боғнинг кириш қисмида ўрнатилади. Унинг баландлиги 22 метр, пойдевори билан бирга 30 метрдан зиёд бўлади.

Мутасаддиларга монументни ҳам бунёдкорлик, ҳам маъно жиҳатидан такомиллаштириш, шаҳарчада яшилликни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Кеча Президентимиз Ал-Хоразмий университети ва ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш бўйича қарор имзолади. Бу университетда 3 та: математика ва информатика, аэрокосмик технологиялар муҳандислиги ҳамда сунъий интеллект факультетлари бўлади. Ўқув жараёнлари “Янги Ўзбекистон” университетининг тажрибаси асосида, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Буюк Британия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Қабулни 2025-2026 ўқув йилидан бошлаш режалаштирилган. Жами талабалар сони 4-6 минг атрофида бўлиши кўзда тутилган.

Шаҳарча ҳудудида Тошкентдаги Муҳаммад ал-Хоразмий мактабининг филиали ҳам ташкил этилади. Унга 4-синф битирувчилари танлаб олинади. Таълимнинг якунловчи 2 йили муҳандисликка бошланғич тайёргарликка қаратилади.

Шунингдек, Ал-Хоразмий шаҳарчасида технопарк ва офислар, тиббиёт ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаб ва боғчалар, спорт мажмуалари, савдо ва маиший бинолар бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Хонқа туманида барпо этилган мебелсозлик кичик саноат зонасини бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 июндаги мебель саноатини ривожлантиришга оид қарорига мувофиқ, салоҳияти бор туманларда шундай саноат зоналари ташкил этилмоқда.

Хонқа туманида ҳам аввалдан мебелсоз усталар кўп. Ҳозирги кунда бу йўналишда 140 дан зиёд тадбиркор, 500 дан ортиқ хонадонда кичик устахоналар бор. Шу пайтгача уларнинг кўпчилиги тор жойларда, ноқулай шароитларда ишларди.

Шу боис 10 гектар ер ажратилиб, мебель маҳсулотларини кластер усулида ишлаб чиқариш, кўргазма ва савдо объектларини ўз ичига олган кичик саноат зонаси барпо этилди. Бу ерда 10 миллион долларлик 61 та корхона фаолият бошламоқда. 650 киши иш билан таъминланди.

Корхоналарда Германия, Италия, Швейцария, Туркия, Хитой каби давлатлардан келтирилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилган. Йилига 108 миллиард сўмлик уй, офис, меҳмонхона, ресторан, савдо ва ижтимоий муассасалар учун мебеллар ишлаб чиқариш қуввати яратилган.

Президентимиз устахоналардаги иш жараёнини кўздан кечирди. Хоразм вилоятида қурилиш кўлами ошгани, кўплаб уй-жойлар, меҳмонхоналар, бино ва иншоотлар барпо этилаётганидан унумли фойдаланиб, корхоналар учун буюртмалар шакллантириш, янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Мебелсозлик кичик саноат зонасида дизайнер ва технологлар тайёрлаш бўйича ўқув маркази ташкил қилинган. Унга Туркиядан малакали мутахассислар жалб этилган.

Улар билан мулоқотда мебеллар сифатини таъминлаш, ёшларнинг бу бўйича тажрибасини ошириш ҳақида сўз юритилди.

Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ташқи бозорларга ҳам йўналтирилиши кўзда тутилган. 3 миллион долларликдан зиёд экспорт қилиниши мўлжалланган.

Яна бир муҳим жиҳати, саноат зонасида энергия самарадорликка эътибор қаратилган. Корхоналарнинг барчасига қуёш панеллари ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари шоурумда маҳсулот намуналарини кўздан кечирди, уларнинг сифатини ва дизайнини юқори баҳолади.

Хоразм вилоятида мебель ишлаб чиқариш билан 300 дан ортиқ корхона шуғулланади. Соҳадаги якка тартибдаги тадбиркорлар 200 дан ортиқ, 1 минг 300 дан зиёд аҳоли ўзини ўзи банд қилган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+