Профилактика инспекторлари билан тезкор боғланиш учун махсус алоқа тугмалари жорий этилади
Алоқа тугмаси орқали юборилган мурожаат ва хабар бўйича профилактика инспекторининг хизматда фойдаланиш учун ажратилган махсус планшетига ёки мобил қурилмасига овозли сигнал берилади.

Ўзбекистонда 2027 йил 1 февралдан бошлаб босқичма-босқич фуқароларга маҳалладаги профилактика инспекторлари билан куннинг исталган вақтида тезкор ва тўғридан тўғри боғланиш имконини берувчи алоқа тугмалари жорий этилади.
Бу ҳақда 25 ноябрдаги ҳукумат қарорида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, алоқа тугмалари аҳолига қулайлик яратиш мақсадида, профилактика инспекторлари хизмат хонасида бўлмаган вақтда уларга мурожаат ва хабар юбориш учун профилактика инспекторларининг маҳалладаги хизмат хоналари эшикларида ўрнатилади.
Алоқа тугмаларининг ишлаш ҳолати ҳудудий ички ишлар органлари томонидан назорат қилинади. Фуқароларнинг алоқа тугмалари орқали юборган мурожаат ва хабарлари билан боғлиқ шахсий маълумотлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимоя қилинади.Белгиланган режага мувофиқ, республика бўйича жами 8 837 та хизмат хонаси босқичма-босқич шундай қурилмалар билан жиҳозланади. 2027 йилда 2 941 та, 2028 йилда эса қолган 5 896 та хизмат хонасида алоқа тугмалари ўрнатилади.
Image
Бундай тугмалар орқали профилактика инспекторига мурожаат ва хабар юбориш билан бирга, ички ишлар органларининг қисқа рақамларига ва 112 ягона диспетчерлик хизматига мурожаат қилишнинг муқобил тартиби сақланиб қолинади.
Алоқа тугмаси орқали юборилган мурожаат ва хабар бўйича профилактика инспекторининг хизматда фойдаланиш учун ажратилган махсус планшетига ёки мобил қурилмасига овозли сигнал берилади.
Алоқа тугмаси орқали юборилган мурожаат ва хабар икки ёки ундан ортиқ профилактика инспектори хизмат қилувчи маҳаллаларда уларнинг барчасига бир вақтнинг ўзида юборилади. Бунда ҳар бир инспектор келиб тушган мурожаат ва хабарни 5 дақиқа ичида қабул қилиш чораларини кўриши лозим. Мурожаат ва хабар уни биринчи қабул қилган профилактика инспектори томонидан ўрганиб чиқилади.


