Тезкор тадбирда катта миқдорда қалбаки акциз маркали алкогол савдоси фош этилди
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида қалбаки акциз маркали алкогол маҳсулотларининг савдоси фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Кегейли тумани бўлими ходимлари томонидан Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда “M.B.” МЧЖ бошқарувчиси Г.А. савдо дўконида 274 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ундан умумий баҳоси 106,8 млн сўмлик 1 484 дона алкогол маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Тахиатош тумани бўлими, Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро У.Р. деҳқон бозори ҳудудидаги савдо дўконида 1 063 дона қўлбола усулда тайёрланган ва қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.





