Тошкентнинг 8 маҳалласида сунъий кўллар ташкил этилмоқда
Лойиҳа доирасида шаҳарда сувли майдонлар ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чангланиш даражасини камайтириш ҳамда экологик инфратузилмани ривожлантириш кўзда тутилган.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, экологик муҳитни соғломлаштириш ва аҳоли учун қулай микроиқлим яратиш мақсадида сунъий кўллар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ташаббус Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги ПФ–46-сонли «Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида шаҳарда сувли майдонлар ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чангланиш даражасини камайтириш ҳамда экологик инфратузилмани ривожлантириш кўзда тутилган.
Жумладан, Чилонзор туманидаги «Бешёғоч», Сергели туманидаги «Хонабодтепа» ва «Қумариқ», Юнусобод туманидаги «Боғибўстон», Миробод туманидаги «Юксалиш», Шайхонтоҳур туманидаги «Ипакчилик», Учтепа туманидаги «Қўрғонтепа» ҳамда Олмазор туманидаги «Замондош» маҳаллаларида сунъий кўллар барпо этилади.
Сунъий кўлларнинг ташкил этилиши шаҳар ҳудудларида сув ва яшил майдонлар улушини ошириш, маҳаллий микроиқлимни яхшилаш ҳамда аҳоли учун янада қулай ва соғлом экологик муҳит яратишга хизмат қилади.



