Қирғизистон собиқ президентининг ўғли тўрт йилга қамалди
Қодирбек Атамбаев оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллашга уринишда айбдор деб топилди. Унинг отаси Алмазбек Атамбаев 2023 йил мамлакатни тарк этганди.

Қирғизистон собиқ президентининг ўғли, Социал-демократик партия етакчиларидан бири Қодирбек Атамбаев оммавий тартибсизликларни уюштириш ва ҳокимиятни эгаллашга уринишда айбдор деб топилди.
Бишкекнинг Первомайский туман суди уни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди.
Партиянинг яна бир етакчиси Темирлан Султанбеков ҳам ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишда айбдор деб топилди. Суд уни етти йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд иккала шахснинг ҳам мол-мулкини мусодара қилишни буюрди, дея маълум қилди қирғиз ОАВлари.
Ҳибсга олишлар 2025 йил ноябрь ойида бўлиб ўтди. Кичик Атамбаев айбловларни рад этди ва унга қарши иш "оммавий тартибсизликларга чақириқлар"дан "ҳукуматни зўрлик билан ағдаришга уриниш"га ўзгартирилганини маълум қилди.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, айбловлар унинг ижтимоий тармоқлардаги озиқ-овқат нархларининг ошиши ва энергетика соҳасидаги муаммолар ҳақидаги постларига асосланган.
Алмазбек Атамбаевнинг ўзи эса бир неча йиллардан буён хорижда яшамоқда. У даволаниш мақсадида мамлакатни тарк этганди.





