Centrum Air самолётга қўйилмаган блогердан узр сўради
Блогер борт кузатувчисидан ўзбек тилида гапиришни сўраганидан сўнг парвозга қўйилмаганини айтиб видео мурожаат қолдирганди.

Centrum Air компанияси "ўзбекча гапиришни сўраганим учун самолётдан тушириб юборишди" деган блогердан узр сўради.
Авиакомпания вакили қайта муносабат билдириб, борт кузатувчиси ноҳақ ва айб унда эканлигини маълум қилди. Унинг айтишича, йўловчи билан бўлган ҳолат компания томонидан тўлиқ ўрганилиб чиқилган. Йўловчининг трансфер харажатлари ҳам қоплаб бериладиган бўлди.
Тарқалган видеода ходима ўз хатосини тушуниб, ўзбек тили ва мижозларни ҳурмат қилишини айтиб узр сўраган. Блогер йигит ҳам аёл киши билан айтишиб ўтирмай, мардлик қилиб "камчилик ўтган бўлса, мен ҳам сўрайман" деб масалага нуқта қўйган.
Аввалроқ Platina.uz 5 октябрь куни Instagram тармоқ фойдаланувчиси кмоил_влогс Centrum Аирнинг Самара — Тошкент рейсига киришда борт кузатувчисидан ўзбек тилида гапиришни сўраганидан сўнг парвозга қўйилмаганини айтиб Инстаграмда видео мурожаат қолдиргани ҳақида хабар берган эди.
Йўловчи компания берган муносабатидан ҳам норози бўлиб аслида Centrumn Air айтганидек у борт кузатувчисини ҳақорат қилмаганини айтган эди.
"Agar мен қўпол муомала қилганимда, тажовузкор ҳаракат қилганимда видео қўймас эдим. Нега ўз айбимни ўзим олиб чиқишим керак?", — дейди Instagram фойдаланувчиси.
Тармоқ фойдаланувчиси Centrum Air авиакомпаниясининг расмий муносабатидаги "мазкур фуқаронинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда" сўзига эътибор бериб, энди нотўғри маълумот бергани учун компания ҳам жавоб бериши кераклигини айтган эди.


