Ўзбекистон ҳудудида ўта хавфли касалликлар бўйича тайёргарлик кучайтирилди
Санэпидқўмита Россияда ўлат тарқалгани бўйича хабарларни изоҳлади. Айни пайтда касаллик билан боғлиқ маълумотлар ўрганилмоқда.

Санэпидқўмита Россияда ўта хавфли касаллик тарқалгани бўйича хабарларни изоҳлади.
Айтилишича, ҳозирда Россия Федерациясининг ваколатли идоралари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий манбалари орқали вазият мунтазам равишда кузатиб борилмоқда.
Хусусан, касаллик ташхисининг лабораторияда тасдиқлангани ёки тасдиқланмагани, эҳтимолий юқиш манбаи ва йўллари, беморнинг ҳаракатланиш йўналиши ҳамда у билан мулоқотда бўлган шахсларга оид маълумотлар ўрганилмоқда.
Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудига ўта хавфли юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли хизматларнинг тайёргарлиги кучайтирилган.
Шу билан бирга, фуқаролардан турли хабарларга ишонмаслик, маълумотларни фақат расмий манбалар орқали кузатиб бориш сўралган.
Эпидемиологик вазиятда ўзгариш юз берган тақдирда жамоатчиликка белгиланган тартибда қўшимча ахборот тақдим этилади, дейилади хабарда.
Аввалроқ Россияда ўлат тарқалгани, шифохона карантинга олингани хабар берилганди.




