Самарқандда аҳоли томонидан топилган 17 илон табиатга қўйиб юборилди
Жами 16 та Ўрта Осиё капча (кобра) илони ва 1 та гурзи илони мутахассислар томонидан махсус кўрикдан ўтказилиб, яна табиий муҳитга қайтарилди. Улар тоғли ҳудудларда турли сабабларга кўра аҳоли яшаш манзилларига кириб қолган.

Нуробод тумани тоғли ҳудудларида аҳоли томонидан топилган 16 та Ўрта Осиё капча илони ва 1 та гурзи илони мутахассислар томонидан махсус кўрикдан ўтказилиб, яна табиий муҳитга қайтарилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Экология бошқармаси хабар берди.
Илонлар табиатдаги санитар вазифасини бажариб, зараркунанда кемирувчилар сонини меъёрда ушлаб туришда муҳим аҳамият касб этади, дейилади хабарда.
Нуробод туманининг тоғли ҳудудларида турли сабабларга кўра аҳоли яшаш манзилларига кириб қолган, шунингдек, касалланган ёки шикастланган ҳолда маҳаллий аҳоли қўлига тушган жами 17 та илон — 16 та Ўрта Осиё капча илони ва 1 та гурзи илони Самарқанд вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасига топширилди.
Бошқарма мутахассислари томонидан ушбу ёввойи ҳайвонлар махсус тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг ҳолати баҳоланиб, табиий муҳитда яшаши учун мос экани аниқлангач, илонлар Омонқўтон миллий табиат боғининг юқори тоғли қисмига олиб борилди.
Шундан сўнг улар инсон таъсиридан холи бўлган табиий муҳитга қўйиб юборилди.

