Тошкент ўзгариш тезлиги бўйича Шенжен ва Ар-Риёддан кейин 3-ўринни эгаллади
Oxford Economics таҳлилига кўра, Тошкент 2026 йилда 1 000 та йирик шаҳар орасида 343-ўринни эгаллади. Иқтисодий тоифада пойтахт бир йил ичида 558-ўриндан 188-ўринга кўтарилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, пойтахт шаҳар инсон капитали бўйича дунёда 108-ўринни эгаллади. 2024 йилда шаҳар 136-ўринда, 2025 йилда эса 123-ўринда бўлган.
Маълумотларга кўра, Boston Consulting Group (BCG) компаниясининг 2025 йилда ўтказилган ва 2026 йил 21 майда эълон қилинган “Built to Change: How Cities Compete for the Future” тадқиқотида Тошкент дунёнинг 80 та шаҳри орасида ўзгариш тезлиги бўйича фақатгина Шенчжен ва Ар-Риёддан кейин учинчи ўринни эгаллаган. Шу билан бирга, иқтисодий фаолликдаги ўзгаришлар тезлиги бўйича пойтахт биринчи ўринни эгаллади.

BCG тадқиқоти ўз ичига шаҳарларнинг ҳозирги ҳолати, ривожланиш даражаси ва аҳоли учун шароитлар каби 200 дан ортиқ кўрсаткичларни қамраб олади. Мазкур тадқиқотда бу йил дунё шаҳарларининг 24 мингдан нафар аҳолиси иштирок этган.
“Рақамлар ортида ҳар куни пойтахт келажагини яратаётган инсонлар турибди: ўқитувчилар ва шифокорлар, муҳандислар ва тадбиркорлар, шаҳар хизматлари мутахассислари, талабалар ва ёш мутахассислар. Тошкент уларнинг билими, ташаббуслари ва меҳнати эвазига кучлироқ бўлиб бормоқда. Айнан шунинг учун ҳам инсон шаҳарни ривожлантиришга оид қарорлар марказида қолмоқда”, — дейилади ҳокимлик расмий хабарида.
Хабарга кўра, халқаро таҳлилчилар Тошкентни "Cities to Watch" — ривожланишини кузатиб бориш лозим бўлган шаҳарлар рўйхатига киритган.




