platina.uz
Сиёсат

Дипломатик қадам: Ўзбекистон ҳукумати Кореядан қандай натижалар билан қайтди?

Шавкат Мирзиёевнинг 14–16 сентябр кунлари Жанубий Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакатнинг муносабатларини янги босқичга чиқарди. Сеулда ўтказилган музокаралар, йирик бизнес эгалари билан учрашувлар ва илк марта ўтказилган “Марказий Осиё + Жанубий Корея” саммити Ўзбекистоннинг транспорт, таълим соҳаларидан тортиб йирик ноёб ер металлари бўйича келишув имзоланиши ҳамкорлик йўналишларини янада бойитди.

Дипломатик қадам: Ўзбекистон ҳукумати Кореядан қандай натижалар билан қайтди?

Ўзбекистон раҳбарининг Жанубий Кореяга ташрифи давомида 13 та ҳужжат имзоланган. Корея нашрларининг тахмин қилишича, Ўзбекистон Кореядан фақат поезд ёки технология сотиб оладиган бозор бўлиб қолмасдан Корея компаниялари билан биргаликда маҳсулот ишлаб чиқарадиган майдонга айланмоқда. Бу жабҳада Жанубий Кореянинг манфаатлари ҳам аниқ.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14–16-сентябр кунлари Жанубий Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакатнинг муносабатларини янги босқичга чиқарди. Сеулда ўтказилган музокаралар, йирик бизнес эгалари билан учрашувлар ва илк марта ўтказилган “Марказий Осиё + Жанубий Корея” саммити Ўзбекистоннинг транспорт, таълим соҳаларидан тортиб йирик ноёб ер металлари бўйича келишув имзоланиши ҳамкорлик йўналишларини янада бойитди.

Ишончга таянган шерикликнинг янги босқичи

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик биринчи ҳукумат даврида муносабатлар бошланган эди. Ҳозирги кунга келиб Президент Мирзиёевнинг Сеулга ташрифи бу ҳамкорликни янада кенгайтирди. Президент Ли Чже Мён билан музокараларда савдо, инвестиция, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма соҳаларига алоҳида эътибор берилди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда корейс капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона фаолият юритмоқда. Корея университетларининг тўртта филиали ва KOICA кўмагида ташкил этилган бешта касбий таълим маркази кадрлар тайёрламоқда. Бу — иқтисодий шериклик таълим ва касбий малака билан уйғун ривожланаётганининг амалий ифодасидир.

Сеулдаги учрашувлар ана шу ҳамкорликни янги тармоқлар билан бойитди. Энди кун тартибида минералларни чуқур қайта ишлаш, микроэлектроника, сунъий интеллект, биотехнология ва замонавий транспорт тизимлари каби йўналишлар турибди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий алоқаларида технологик тараққиётга тобора катта ўрин берилаётганини кўрсатади.

Жанубий Корея Ўзбекистон муҳим минералларига қизиқмоқда

Ташриф давомида муҳим минералларга қаратилган эътибор Ўзбекистоннинг ресурс салоҳиятини замонавий саноат билан боғлашга хизмат қилади. Корея минтақавий саммитда минералларни қидиришдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ҳамкорликни кенгайтиришга урғу берди. Бу ёндашув Марказий Осиё билан узоқ муддатли ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантириш истагини ифодалайди. Ўзбекистон учун мазкур йўналишнинг аҳамияти жуда катта. Минералларни мамлакат ичида чуқур қайта ишлаш қўшимча даромад, янги касблар ва мураккаб технологик жараёнларни ўзлаштириш имконини беради.

Корея автомобил, аккумулятор, электроника, яримўтказгич ва бошқа юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Булар учун эса мис, молибден, вольфрам ва бошқа стратегик хомашёлар керак. Ўзбекистонда эса бундай ресурслар бор.

Шу сабаб икки давлат мавжуд Ўзбекистон–Корея нодир металлар маркази асосида минерални қидиришдан бошлаб, қазиб олиш ва қайта ишлашгача бўлган бутун занжирда ҳамкорлик қилмоқчи.

Агар келишувлар режадагидек амалга ошса, Ўзбекистоннинг вазифаси фақат ердан рудани қазиб, экспорт қилиш эмас, балки уни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, қимматроқ маҳсулотга айлантириш бўлади.

Корея Эксимбанки билан учрашувда муҳим минераллар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ишга туширилгани қайд этилди. Бу ҳамкорликни аниқ молиявий механизм билан таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Ушбу йўналиш Ўзбекистонда саноат тармоқлари ўртасидаги алоқаларни ҳам кучайтиради. Қайта ишланган материаллар электротехника, машинасозлик ва бошқа ишлаб чиқаришлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Табиий ресурслардан самарали фойдаланиш шу тариқа иқтисодиётнинг технологик даражасини ошириш билан уйғунлашади.

Илғор технологиялар сари амалий қадамлар Корея Эксимбанк билан учрашувда Ўзбекистонда ярим ўтказгичлар ва янги материалларни лойиҳалаш ҳамда синовдан ўтказиш марказини ташкил қилиш таклиф қилинди. Бизнес-форумда ҳам Шавкат Мирзиёев яримўтказгичлар, микроэлектроника, робототехника, автоматлаштириш, биотехнология ва энергия сақлаш тизимларини янги ҳамкорлик йўналишлари сифатида алоҳида санаб ўтди. Яримўтказгичлар ва янги материалларни лойиҳалаш ҳамда синовдан ўтказиш маркази лойиҳасини тайёрлаш таклифи ташрифнинг энг истиқболли ташаббусларидан бўлди.

Бу ҳали Ўзбекистонда Samsung чип заводи қурилади, дегани эмас.

Аммо Корея билан иқтисодий ҳамкорлик автомобил ва тўқимачиликдан микроэлектроника томон силижиши мумкинлигини кўрсатади.

Автомобилсозликда янги имкониятлар

Hyundai Motor Group, Kia ва Hyundai Rotem раҳбарлари билан учрашувда Жиззах автомобил кластерида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бутловchi қисмларни маҳaллийлаштириш, янги моделлар ва пресс цехини ишга тушириш масалалари кўрилди. Электр ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Бу йўналиш Ўзбекистон автомобилсозлигининг технологик имкониятларини кенгайтириш учун аҳамиятли. Маҳaллийлаштириш чуқурлашган сари ички таъминотчилар тармоғи ривожланади, янги ишлаб чиқариш ихтисосликлари пайдо бўлади ва малакали меҳнатга талаб ортади.

Автомобил саноaтидаги кооперация кўплаб қўшимча тармоқларни ҳаракатга келтиради. Металлга ишлов бериш, пластмасса буюмлар, электр жиҳозлари, логистика ва техник хизмат кўрсатиш соҳалари.

Ўзбекистон билан тезюрар поездлар бўйича катта ҳамкорлик қилаётган Hyundai Rotem айни пайтда Кореянинг K2 Black Panther танкини ҳам ишлаб чиқаради. Айрим корейс нашрлари компаниянинг Ўзбекистондаги мавжуд бизнес алоқалари келажакда мудофаа саноaтига ҳам кенгайиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда. Лекин, Ўзбекистон K2 танклари сотиб олаётгани ҳақида ҳозирча на расмий келишув, на тасдиқланган буюртма бор.

Тезюрар поездлар — ҳудудларни яқинлаштирувчи ҳамкорлик

Транспорт соҳасидаги келишувлар аҳоли кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Расмий хабарга кўра, Hyundai Rotem поездлари Тошкент–Хива йўналишида қатнай бошлаган. Музокараларда қўшимча поездлар етказиб бериш, сервис маркази очиш ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳaллийлаштириш масалалари кўрилди.

Корея матбуоти саккизта қўшимча поезд таркибини олиб келиш бўйича техник-иқтисодий асослаш бошланишини хабар қилди. Бу темир йўл ҳамкорлигини кенгайтиришнинг навбатдаги амалий босқичидир.

Замонавий аэропортлар — халқаро очиқликнинг муҳим таянчи

Инчхон халқаро аэропорти корпорацияси билан учрашувда Урганч аэропортини модернизация қилиш ва Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди. Корпорациянинг Тошкентдаги офиси негизида аэропортларни бошқариш, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш бўйича компетенциялар марказини ташкил этиш таклиф этилди.

Корея нашрларининг корпорация маълумотларига таянган хабарларида янги Тошкент аэропорти лойиҳасининг умумий қиймати 6,9 триллион вон тахминан 5,06 млрд АҚШ долларини ташкил қилади. Халқаро консорциум иштирокидаги 35 йиллик давр тўрт йил қурилиш ва 31 йил эксплуатацияни қамраб олади. Ушбу кўлам лойиҳанинг узоқ муддатли инфратузилмавий аҳамиятини кўрсатади. Янги аэропортнинг очилишини 2031 йил режалаштирилган. Маълумотларга кўра, бу амалдаги аэропортдан тахминан 35 километр жанубда қурилади.

Корейслар иштирокидаги консорциум аэропортни қуриш ва кейин бошқаришда 35 йил иштирок этади. Инчхон корпорациясининг ўзи 7,5 фоиз улушга, Кореянинг KIND компанияси билан бирга эса Корея томони 15 фоиз улушга эга бўлади.

Кореянинг ўзи буни Инчхон аэропорти корпорацияси тарихидаги энг йирик ягона хорижий лойиҳа деб атаяпти.

Демак, Тошкент янги аэропорти Ўзбекистон учунгина эмас, Корея учун ҳам стратегик бизнесга айланган. Кореянинг аэропортларни бошқариш тажрибасини жалб этиш хизмат сифати, рақамли ечимлар ва ходимлар тайёрлашда қимматли имкониятлар очади. Ўзбекистон учун бу йўналишдаги ҳамкорлик янги иншоотлар билан бирга замонавий бошқарув кўникмаларини ҳам ўзлаштиришни англатади.

Инсон капиталига сармоя — энг қимматли натижа

Ташрифнинг барча иқтисодий йўналишларини бирлаштириб турган масала — инсон капитали. Замонавий корхона, тадқиқот маркази ёки транспорт тизими малакали мутахассислар меҳнати билан самара беради. Шу боис Корея билан таълим ва касбий тайёргарлик бўйича ҳамкорлик саноат тараққиётининг ажралмас қисми ҳисобланади. Қўшма таълим дастурлари ёшларга илғор билимлар, амалий кўникмалар ва халқаро ишлаб чиқариш тажрибасини эгаллаш имконини беради. Корхоналар эҳтиёжи билан боғланган ўқув дастурлари эса таълимдан ишга ўтиш жараёнини енгиллаштиради.

Президентнинг Кореяда ишлаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашуви ҳам шу жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди. Хорижда тажриба тўплаётган ўзбекистонликлар икки мамлакат ўртасидаги илмий, ишбилармонлик ва маданий алоқаларни бойитувчи катта салоҳиятдир.

16 сентябрдаги биринчи «Марказий Осиё — Корея Республикаси» саммити ташрифга янада кенг минтақавий мазмун берди. Мирзиёев Ўзбекистонда минтақавий индустриал-технологик паркни жойлаштириш ва муҳим минераллар бўйича минтақавий инвестиция альянсини шакллантиришни таклиф қилди. Саммит якунида Сеул декларацияси қабул қилинди.

Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг минтақада иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган фаол ёндашувини намоён этди. Мамлакат ўз имкониятларини қўшни давлатлар бозорлари ва корейс технологиялари билан боғлаш орқали умумий тараққиётга ҳисса қўшишни таклиф қилмоқда. Минтақавий ишлаб чиқариш алоқалари корхоналар учун кенгроқ бозор, таъминотчилар учун янги буюртмалар ва аҳоли учун иш ўринлари яратади. Транспорт, божхона ва сертификатлаштириш соҳаларидаги ҳамкорлик эса бу жараённинг самарадорлигини оширади.

Корея билан муносабатларни кенгайтириш Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларини ҳам бойитади. Турли ҳамкорлар билан сармоя, технология ва билим алмашиш мамлакатнинг танлов имкониятларини кенгайтиради, миллий иқтисодиётнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлайди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Корея Республикасига ташрифи Ўзбекистоннинг замонавий саноат ва билимга таянган иқтисодиёт қуриш йўлидаги муҳим дипломатик қадами бўлди. Сеулда илгари сурилган ташаббуслар мамлакатнинг ресурслари, ёшлари ва тадбиркорлик салоҳиятини илғор технологиялар билан бирлаштиришга қаратилган. Ушбу ҳамкорликнинг энг катта қадри ҳам шунда: у Ўзбекистон учун янги корхоналар билан бирга янги билим, янги касблар ва янги тараққиёт имкониятларини очмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid