АҚШда трак ҳайдовчиларини тайёрловчи юзлаб мактаблар ёпилди
28 минг ҳайдовчи инглиз тилини етарли даражада билмагани учун юк машинасини ҳайдаш лицензиясидан маҳрум қилинган. Федерал агентлар юзлаб трак бизнеслари устидан текширув бошлаган.

АҚШ юк ташиш бизнеслари ва юк машинаси ҳайдовчиларига қарши уруш эълон қилди.
Кеча тарқатилган хабарга кўра, Иммиграция хизмати, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги биргаликда ҳайдовчилар, ҳайдовчиларни тайёрловчи мактаблар, тест марказлари, юк ташувчи truck компаниялари ва уларга лицензия берувчи штат органлари устидан федерал даражада кенг кўламли текширувлар бошлаган.
Дастлаб 31 август куни АҚШ маъмурияти 110 та ҳайдовчилик мактабини дарҳол ёпишини эълон қилди. The Times of India нашрининг хабар беришича, улар инглиз тилини ёмон билиш билан боғлиқ 5000 та қоидабузарлик учун жавобгар бўлган.
Транспорт департаменти котиби Шон Даффи АҚШда ҳайдовчилар инглиз тилини билишлари шартлигини ва бу талабни на у, на президент Дональд Трамп ихтиро қилмаганлигини айтди.
Аллақачон 28 минг ҳайдовчи инглиз тилини етарли даражада билмагани учун юк машинасини ҳайдаш лицензиясидан маҳрум қилинган. 300 га яқин ҳайдовчиликка тайёрлаш мактаблари ёпилган.
Федерал агентлар юзлаб трак бизнеслари устидан текширув бошлаган. Улар CDL гувоҳномаларини ноқонуний қўлга киритиш, ишлаш ҳуқуқига ва тегишли иммиграцион мақомга эга бўлмаган хорижликларни ишга ёллаш каби қонунбузарликларда айблаланмоқда.
Йўлларда юк машиналарини тўхтатиш ва ҳайдовчиларни текшириш ҳолатлари сони кескин ошган.
