Love is… - муваффақиятли, қайғули ва бардавом севги қиссаси

 90-йилларида униб ўсган авлод Туркиядан келтириб сотилган Love is... сақичларини яхши эслайди.  Ҳаммаси Янги Зеландияни тарк этиб, дунё кезишга аҳд қилган 19 яшар қиз – Ким Гроувнинг 1967 йилда АҚШга сафар қилиб, Калифорнияга келиб ўрнашганидан бошланган.

Жаҳон
8 сентябрь, 19:00
Love is… - муваффақиятли, қайғули ва бардавом севги қиссаси

Мустақилликнинг илк даврлари – 90-йилларида униб ўсган авлод Туркиядан келтириб сотилган Love is... сақичларини яхши эслайди. Бутун собиқ совет республикаларида жуда машҳур бўлиб кетган бу сақичларни асосан муҳаббат дардига мубтало бўлган йигит-қизлар сотиб олишар эди. 

Нафсиламбирини айтганда, икки хил мева таъмини берувчи иккита ёпишган қатламдан иборат (яъни мевалар жуфтлиги севгисининг рамзи – таҳр.) бу сақич бироз қаттиқлиги ва ўртача сифати боис сақич сифатида эмас, артефакт ва сувенир сифатида оммалашди. Боиси, ҳар бир сақич ўрами ичидан сурат ва “ҳикматли” гап ёзилган қоғоз иловача ҳам чиқар эди. Суратларда дўмбоққина бола қизча турли локация ва декорацияда тасвирланган, “Севги бу...” дея, муҳаббатни тавсиф берадиган бирор тавсиф ёзилган бўларди. Масалан, “севги бу – икки қалбнинг бир тарафга боқиши”, “севги бу – бахтли келажак кутаётганига ишониш”, “севги бу – севгилисини бор ҳолида, камчилик ва ютуқлари билан бирга севиш” ва ҳоказо.

Love is... сақичлари ва иловачалари.

Ёшу-қари бу илова қоғозчаларини коллекция қилиши, бир-бирига совға қилиши, бошқа иловачалар билан айирбошлаши анъанага айланди. Шунингдек, сақич сотиб олган ошиқ-маъшуқлар қандай иловача чиқишини ҳаяжон билан, сюрприз каби кутган ҳолда ўрамни очишар эди. Кейин эса удди “хитой фолбин ширинликлари” ичидан чиқадиган башоратларни ўқиган каби хурсанд бўлиб бирга ўқишар эди.

Муҳаббат қиссаси: афсонавий ибтидо

Аслида Love is... суратчалари ва ёзувлари тарихининг бу сақичга ва Туркияга умуман алоқаси йўқ. Ҳаммаси Янги Зеландияни тарк этиб, дунё кезишга аҳд қилган 19 яшар қиз – Ким Гроувнинг 1967 йилда АҚШга сафар қилиб, Калифорнияга келиб ўрнашганидан бошланади. Ёш, ҳаваскор рассом қиз Лос-Анжелесдаги реклама агентликларидан бирига ресепшен ходимаси бўлиб ишга киради. Бу ерда у Италиядан келиб ишлаётган дастурчи Роберто Касали билан танишади ва тез орада улар ўртасида чақнаган муҳаббат учқуни гулханга айланади. Ҳали мобил телефон ва интернет ихтиро қилинмаган бу даврда улар мулоқотнинг анаъанавий тури – мактублардан фойдаланишган. Ёш рассом ҳар куни онгда ўз севгилиси (кейинчалик эри) Робертонинг столига “Севги бу..” деб бошланадиган тавсифлари ва ошиқ ва маъшуқ болачалар сурати чизилган варақчаларни қолдириб кетар эди. Аввал бу суратлардаги икки персонаж оқ-қора рангда ва кийимсиз тасвирланган. 

Ким Гроув бу суратчалар ғоясини 1970 йилда катта экранларга чиққан “Муҳаббат қиссаси” (Love Story) фильми охиридаги бир эпитафеядан илҳомланганини айтган. 

(Режиссёр Артур Хиллер томонидан, Эрик Сигалнинг шу номли қиссаси асосида суратга олинган мазкур фильм энг яхши мусиқа номинациясида «Оскар» ҳамда кўплаб бошқа мукофотларни олган бўлиб, ўз трагизмига кўра AFI – “Америка фильм институти”нинг версияси бўйича 100 та энг эҳтиросли америка фильмлари рўйхатидан ўрин олган – таҳр.) 

Ким Гроув ва Роберто Касали.

Фильм сюжетига кўра, севгилиси хасталикдан ўлган йигит ниҳоят отаси билан учрашади ва отаси унга қилмишидан  афсусда эканини айтади. Шунда қаҳрамон йигит “Севги – ҳеч қачон афсусда эканингни айтмасликдир”. Рассом Ким эса бу мейнстрим гапга қарши чиқди ва уни “Севги бу – афсусда эканингни айтиш имкониятидир” дея ўзгартириб, ўз суратчалари остлавҳаларида акс эттира бошлади. Гроувнинг айтишича, у аввал томчи шаклини чизган ва ўзини ифода этиш учун қизча шаклини берган. Кейин эса Робертонинг тимсоли сифатида ошиқ йигит суратини ҳам томчига ўхшатиб чизган. Шу боисдан, гарчи Ким ва Роберто озғин қоматли бўлишсада, уларнинг комикслардаги суратлари дўмбоқ қизча ва болача шамойилида тасвирлана бошлади. Гроув бу суратчалардан қўлбола китобча-буклетлар ясаб, танишларига 1 доллардан сота бошлади. Бу янги ғоя ва қизиқарли ҳамда романтик суратлар аввал ҳамкасблар, кейин эса бошқаларнинг ҳам меҳрини қозона бошлади.

Los Angeles Times газетасининг охирги саҳифасида чоп этилган дастлабки Love is...

Муҳаббат қиссаси: кутилмаган мувафаққият

Лекин, Гроув ҳеч қачон ўзини ҳақиқий рассом ҳисобламаган. У 1981 йилда берган интервюсида у “агар менда танлов бўлганида романтик қўшиқлар муаллифи бўлар эдим”, деган. Лекин нима бўлганда ҳам, Кимнинг ғояси танишлар орасида шуҳрат қозонди. Буни кўрган бўлажак эри Роберто Love is… суратларини Кимдан яширинча Los Angeles Times  газетаси таҳририятига жўнатди. 

Таҳририят ходимлари бу романтик суратчаларни ёқтириб қолишди ва газетада чоп этишди. Улар газета ўқувчиларига ҳам ёқиб қолди ва яна чоп этишни сўрашди. Шу тариқа газетада Love is… янги рукни пайдо бўлди. Ким Гроувнинг ушбу мавзуда чизган суратлари мунтазам чоп этила бошлади. Илк суратлар 1970 йил  5 январда дунё юзини кўрди. 

Love is... комиксларининг Ким Гроувдан кейинги муаллифи, рассом Билл Эспри дастхат ёзмоқда.

Роберто Кимнинг комикслари чоп этилишига продюсерлик қила бошлади. Бунинг учун Minikim корпорацияси ташкил этилди. 

Love is… қиссаси қаҳрамонлари яқин муносабатларнинг турли босқичларидан – танишувдан бошлаб, эр-хотинлик ҳаётигача ва токи жуфтлардан бирининг ўлимигача бўлган даражалардан ўтишди.

Шу тариқа рассом Гроув оилавий ҳаётни ўз суратларида муҳрлади: комикс қаҳрамонлари ўғил фарзандлар кўришди., уй ҳайвонлари асраб олишди, барча қайғу ва қувончли воқеаларни бирга баҳам кўришди. Ҳатто улардан бири вафот этиб, қабр тоши олдида турган қаҳрамон акс этган комикслар ҳам чизилган. 

Қайғули Love is...

Love is… комикслари жуда тез оммалашиб кетди. Энди уларни нафақат журналлар, балки футболка, тақвим, календар, плакат, финжон ва бошқаларда ҳам кўриш мумкин эди. Бу комикслар нафақат АҚШ, балки яна 50 та давлатда оммалашди, турли газеталарнинг саҳифаларидан мунтазам жой олди.

Ниҳоят, Ким ва Роберто 1971 йил 24 июлда Янги Зеландияда никоҳдан ўтишди. Кейин эса Англияга кўчиб ўтишди. Ким эрининг фамилиясига ўтди ва 1974 йилда унга Стефано ва Дарио исмли ўғиллар туғиб берди. 

1970-йилларда, бу комикслар шуҳрат чўққисига чиққан даврларда ўз муаллифи Касали оиласига йилига 4–5 млн фунт стерлинг даромад келтириб турди.

Муҳаббат қиссаси: қайғули интиҳо

Ҳаммаси яхши кетаётгандек эди. Бироқ... 1974 йилда Робертода саратон хасталиги аниқланди. Эрига ғамхўрликдан ортмаган Ким Касали бу суратчалар ва ёзувларни чизиш анаъанасини лондонлик карикатурачи Билл Эспри зиммасига юклади. 

1976 йил март ойида Роберто 31 ёшида вафот этди. Ростини айтганда, ўз севгилисидан айрилган Ким учун бу комиксларни чизишни давом эттиришга иштиёқ ҳам, илҳом ҳам қолмаган эди. Чунки бу суратлар фақат ва фақат Робертога бағишланиб чизилар эди.

Ким эридан кейин бошқа турмуш қурмади. Унинг ўзи ҳам 56 ёшида Англияда саратон хасталигидан вафот этди. 1997 йил 15 июнда Кимни қабрга қўйишганида нафақат унинг яқинлари ва қариндошлари, балки дунёдаги Love is… мухлислари ҳамда ошиқ-маъшуқлар мотам тутишди. 

Кимнинг ўлимидан сўнг Minikim компаниясига унинг тўнғич ўғли Стефан раҳбарлик қила бошлади.

Карикатурачи Эспри умумий руҳни сақлаб қолган ҳолда сюжетларга янгиликлар киритди. Ким комиксларни оқ-қора рангда чизган бўлса, 1978 йилдан бошлаб Эспри уларни рангли қилиб чиза бошлади. Рассом ҳозиргача бу анъанани давом эттириб келмоқда. Бироқ суратга изоҳ-ёзувларни махсус ёлланган копирайтерлар тузиб беришади. Гарчи Ким ҳозир ҳаёт бўлмасада, ўзаро шартномага мувофиқ, Эспри комиксларга Ким деб имзо қўяди.

Эспри ҳар куни биттадан Love is… комикси чизади. Уни нафақат бу туркум суратчалар муаллифи, балки бутун дунёдан келиб турувчи мактублар ҳам илҳомлантириб туради. 

Туркия сақичининг нима алоқаси бор?

Love is… оммабоплигини кузатган туркиялик қандолат ва сақич маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Dandy Sakız ve Şekerleme San. A.Ş.компанияси ундан яхшигина даромад олиш мумкинлигини пайқади. 1990 йилда Love is… комикслари учун икки қатламдан – икки хил мева таъмли ва икки хил рангли сақич битта қопламада чиқарилиб, уларга Love is… комикслари илова қилина бошлади. 

Бу сақичлар тез оммалашди ва хорижга ҳам экспорт қилина бошлади. Айниқса 90-йилларда дунёга ва хорижий маҳсулотларга очилган собиқ СССР давлатлари орасида ушбу туркия сақичи жуда машҳур бўлди. 

Қизиғи шундаки, Туркия фирмаси Love is… савдо брендидан рухсатсиз фойдаланган. Орадан деярли 20 йил ўтиб, яъни 2008 йилга келибгина рассом Билл Эспри бундан хабар топди. Унга журналист дўсти қўнғироқ қилиб, машҳур сақичнинг комикс иловаси муаллифи сифатида интервью беришни сўраганида, авторлик ҳуқуқи эгалари бу ҳуқуқбузарликдан хабар топишди. 

Кейинчалик турк фирмасини йирик бир халқаро компания - Kraft Foods (ҳозирги Mondelez International) сотиб олди ва барча патент ҳужжатларини рисоладагидек расмийлаштирди. Шундан кейин Кимнинг меросхўрлари ҳам ҳар бир сақичдан ўз моддий улушларини ола бошлади. Зеро Love is… бренди қонун жиҳатидан жуда кучли мустаҳкамланган. Ҳатто Санкт-Петербургдаги «Меньшевик» кондитер  фабрикаси Love is… га ўхшатиб, “Life is…” сақичини ишлаб чиқара бошлаганида, 2002 йилда Россия Антимонополия қўмитаси бу ҳолатни Туркиянинг Dandy Sakız ve Şekerleme San. A.Ş. компанияси билан инсофсиз рақобат, дея баҳолади ва ишлаб чиқаришни тақиқлаб қўйган.

Шунчаки Love is...

Love is… бугун

Бугунги кунда биргина Россиянинг ўзида ҳар йили 500 млн дона Love is... сақичлари сотилади. Бугунги кунда Love is… нафақат сақич ва комикс, балки глобал бизнес ва савдонинг ажралмас қисмига айланган. Жаҳоннинг етакчи компаниялари, жумладан, DHL, Лондон метроси, Бельгия маҳаллий ҳокимиятлари, кинокомпаниялар ва кўплаб бошқа тузилмалар Love is… билан ҳамкорликда турли маркетинг ва кўнгил очиш тадбирлари уюштириб туришади.

Love is... Лондон метроси бекатларидан бирида.

Шунингдек, афсонавий “Тоза онгнинг абадий ёлқини” фильмидаги Кейт Уинслет қаҳрамонининг футболкасида Love is… суратларидан бири акс этган. 

Love is... кинофилмда.

Айни пайтда Love is… брендининг патент масалалари билан Ким ва Робертонинг фарзандлари шуғулланади. 2013 йилдан бошлаб, Megalicense компанияси ушбу бренднинг МДҲ давлатлари ҳудудидаги муаллифлик ҳуқуқларига эгалик қилиб келяпти. Экспертлар Love is... 1990-йилларнинг энг муваффақиятли брендларидан бири деб ҳисоблашади. Уларнинг баҳолашича, бренд 5-6 млн. доллар қийматга эга.

Love is… комикслари ҳамон муҳаббат қудратини, унинг ҳаётий қувватини тараннум этиб келмоқда. Буюк Британиянинг The Independent нашри 1997 йил 21 июнда Ким вафотига бағишлаб ёзган некролог – таъзияномасида келтирилганидек, Кимнинг ўзи севгига ва ўз фаолияти фалсафасига жуда яхши таъриф берган: “Агар қалбингда муҳаббат бўлса, демак тириксан, агар сен сева олсанг, демак яшай оласан”. 

Ҳозиргача Love is… комиксларида севгига бағишланган ўн минглаб сурат ва тавсифлар акс этган. Бу машҳур, бироқ қайғули муҳаббат қиссаси борасидаги сўзларимизга якун ясар эканмиз, худди рассом Ким Гроув руҳида севгига таъриф беришдан ўзимизни тия олмадик. Назаримизда, Севги бу... севишганларнинг муҳаббати уларнинг вафотидан кейин ҳам давом этишидир...

Абулфайз Сайидасқаров

 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+