Ўзбекистон Қирғизистон фуқаролари учун 20 та грант ажратди
Улар давлат ОТМларидаги мактабгача таълим, компютер муҳандислиги, агрономия ва бошқа йўналишларга қабул қилинади.

Ўзбекистон Киргизистон фуқаролари учун 2026–2027 ўқув йилида давлат гранти асосида ўқиш учун 20 та квота ажратди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ажратилган ўринларга номзодларни саралаш Ош давлат университети томонидан амалга оширилади.
Бу йил қирғизистонлик абитуриентларга қуйидаги бакалавриат йўналишларида ўқиш имконияти тақдим этилади:
- Мактабгача таълим — 4 та ўрин;
- Компьютер муҳандислиги — 4 та ўрин;
- Агрономия — 4 та ўрин;
- Сув хўжалиги ва мелиорация — 2 та ўрин;
- Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш — 2 та ўрин;
- Қурилиш муҳандислиги — 4 та ўрин.
Танловда иштирок этиш учун номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
- Анкета (ариза шакли);
- Ўрта умумий ёки ўрта махсус/касб-ҳунар таълими тўғрисидаги диплом ёки шаҳодатнома нусхаси;
- Паспорт нусхаси;
- Белгиланган шаклдаги рус тилидаги тиббий маълумотнома;
- 3,5 × 4,5 см ўлчамдаги 6 та рангли сурат.
Танлов жараёнида номзодлар танлаган ўқитиш тилини билишини намойиш этиши ва иккита профил фан бўйича синовлардан ўтиши керак. Имтиҳон 5 балли тизимда баҳоланади.
Ўзбекистоннинг олий таълим ташкилотларида ўқитиш ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Ўзбек тилида ўқитиш лотин графикасига асослaнганлиги сабабли, номзодларнинг лотин алифбосини билиши ҳам ҳисобга олинади.
