platina.uz
Мақола

Украинада урушнинг янги воқелиги: хусусий ҳаводан мудофаа тизимлари

Киев дронлардан фойдаланишнинг бир нечта эшелонини изчил шакллантирди. Тактик даражада FPV-дронлар фронт чизиғидаги жанг хусусиятини ўзгартирди. Оператив даражада фронт чизиғидан ўнлаб ва юзлаб километр узоқдаги нишонларни йўқ қилишга қодир тизимлар пайдо бўлди. 

Украинада урушнинг янги воқелиги: хусусий ҳаводан мудофаа тизимлари

Россия-Украина уруши аста-секин келажак урушларининг ўзига хос лабораториясига айланмоқда. Тўлиқ кўламли уруш бошланганидан кейин томонлар ХХ асрга хос артиллерия, бронетехника ва авиация уйғунлигидан дронлар, сунъий интеллект, тарқоқ сенсорлар, радиоэлектрон кураш, юзлаб ва ҳатто минглаб километр масофага юқори аниқликдаги зарбалар, энди эса ҳаво мудофааси тизимига бевосита жалб қилинган хусусий тузилмалар муҳим аҳамият касб этадиган мутлақо янги моделга ўтди.

Айниқса, Украина томонида ўзгаришлар жуда тез кечмоқда. Киев ҳарбий полигонларда ёки ўқув машғулотлари жараёнида эришиб бўлмайдиган нарсага — улкан реал жанговар тажрибага эга бўлди. Украина ҳарбийлари тактикани мунтазам равишда мослаштирмоқда, бўлинмалар тузилмасини ўзгартирмоқда, учувчисиз тизимларни такомиллаштирмоқда ва Россиянинг миқдорий устунлигини қоплаш йўлларини изламоқда. Натижада Украина бугун Европада замонавий юқори интенсивликдаги уруш олиб бориш тажрибаси нуқтаи назаридан энг тажрибали армиялардан бирига айланди.

Шу билан бирга, бу тезисни автоматик равишда Украина Қуролли Кучлари «Европадаги энг кучли армия» деган хулосага айлантириш нотўғри бўлади. Европа давлатларининг авиация, ҳарбий-денгиз кучлари, сунъий йўлдош разведкаси, саноат салоҳияти ва айрим турдаги қурол-яроғлар бўйича ўз устунликлари бор. Аммо замонавий уруш, айниқса дронлар уруши, радиоэлектрон кураш ва тарқоқ зарба тизимларидан фойдаланиш тажрибаси нуқтаи назаридан Украина тажрибаси ҳақиқатан ҳам ноёбдир.

Шу сабабли Украинада юз бераётган ўзгаришлар бугунги можаро доирасидан анча ташқари аҳамиятга эга. Бунинг яққол мисоли сифатида украин зарбадор дронларининг ривожланиши билан бир вақтда яна бир феномен — хусусий компанияларнинг ҳаво мудофааси тизимига бевосита қўшилиши пайдо бўлганини кўриш мумкин.

Дрондан Россия чуқурлигидаги зарбаларгача

Урушнинг энг кўзга кўринган натижаларидан бири Украинада учувчисиз авиация саноатининг мисли кўрилмаган даражада ривожланишидир. Бир неча йил аввал дрон асосан разведка ёки артиллерия ўқи йўналиши аниқлаштириш воситаси сифатида қабул қилинган бўлса, бугун у тўлақонли оператив ва стратегик таъсир воситасига айланди.

Украина дронлардан фойдаланишнинг бир нечта эшелонини изчил шакллантирди. Тактик даражада FPV-дронлар фронт чизиғидаги жанг хусусиятини ўзгартирди. Оператив даражада фронт чизиғидан ўнлаб ва юзлаб километр узоқдаги нишонларни йўқ қилишга қодир тизимлар пайдо бўлди. Ниҳоят, узоқ масофали дронлар Россия ҳудудига стратегик босим ўтказиш воситасига айланди.

Украина Мудофаа вазирлиги оператив чуқурликдаги зарбаларни — тахминан ўнлаб километрдан юзлаб километргача бўлган масофада амалга ошириладиган зарбаларни — алоҳида йўналиш сифатида кўрсатмоқда. Бундай зарбаларнинг мақсади нафақат алоҳида нишонларни йўқ қилиш, балки Россия армиясининг фаолиятини таъминлаб турган бутун тизимни — радиолокация станциялари, ҳаво мудофааси воситалари, қўмондонлик пунктлари, омборлар, логистика узеллари, дронларни бошқариш марказлари ва энергетика инфратузилмасини издан чиқаришдан иборат.

Бу принципиал жиҳатдан муҳим. Замонавий уруш икки фронт чизиғининг кетма-кет тўқнашувига тобора камроқ ўхшамоқда. Энди зарба танк колоннасига эмас, балки унинг ҳаракатланишини таъминлайдиган занжирга берилиши мумкин. Омбор йўқ қилинса — таъминот бузилади. Радар ишдан чиқарилса — ҳаво мудофааси самарадорлиги пасаяди. Алоқа узели зарарланса — бошқарув ёмонлашади. Нефтни қайта ишлаш инфратузилмаси ишдан чиқарилса — таъсир аллақачон иқтисодий даражага кўтарилади.

Шу тариқа, дрон, «сарфланадиган ўқ-дори»дан - душман ҳарбий тизимига таъсир ўтказиш воситасига айланмоқда.

Украинанинг Россия чуқур ички ҳудудларига бераётган зарбалари айниқса таҳсинга лойиқ. Улар фронтдан анча узоқда жойлашган Россиянинг саноат ва ҳарбий объектларига етиб бормоқда. Бу сўнгги ҳужумлар мамлакат ҳудудининг географик чуқурлиги энди автоматик равишда хавфсизликни таъминламаслигини кўрсатади. Бу урушнинг асосий янги воқеликларидан биридир: «фронт орти» тушунчаси аста-секин йўқолмоқда.

Украинанинг асосий ресурси — тез ўрганиш ва мослашув қобилияти

Украина устунлигини фақат Ғарб томонидан етказиб берилаётган қурол-яроғлар билан изоҳлаш мумкин эмас. Бундан кам бўлмаган даражада муҳим омил — Украина ҳарбий тизимининг тез ўрганиш ва мослашиш қобилиятидир.

Урушда технология деярли ҳеч қачон ўзгаришсиз қолмайди. Янги дрон пайдо бўлса — душман уни аниқлашнинг янги усулини яратади. Янги Радиоэлектрон кураш (РЭК) тизими пайдо бўлса — ишлаб чиқувчилар частота, бошқарув каналлари ва навигация алгоритмларини ўзгартиради. Янги тутиб олувачи восита пайдо бўлса — ҳужум қилувчи томон нишонлардан фойдаланиш тактикасини янгилайди.

Айнан «зарба — қарши чора — мослашув» цикли Россия-Украина урушидаги энг муҳим механизмлардан бирига айланди.

Украина бу борада ноёб тажриба орттиряпти. Қурол ишлаб чиқиш, прототипларни синаш ва уларни фронтда қўллаш жараёнлари учун йиллар эмас, ойлар ёки ҳатто ҳафталар кифоя қиляпти. Ҳарбий бўлинмалар ишлаб чиқарувчилар учун бевосита синов манбаига, ишлаб чиқарувчилар эса тактикани такомиллаштириш жараёнининг амалдаги иштирокчиларига айланмоқда. Натижада армия, мудофаа саноати ва технологик сектор ўртасидаги чегаралар тобора йўқолмоқда.

Анъанавий моделда давлат қуролни ишлаб чиқади, мудофаа саноати уни ишлаб чиқаради, армия эса қўллайди. Украина моделида эса бу уч элемент тобора кўпроқ ягона тизим сифатида ишламоқда. Шу жараён натижасида дронлар, РЭК воситалари, сенсорлар ва энди ҳаво мудофааси билан шуғулланувчи кўплаб хусусий компаниялар пайдо бўлмоқда.

Хусусий ҳаво мудофааси: истиснодан янги моделга

2026 йилнинг энг ғайриоддий янгиликларидан бири Украинада ҳаво ҳужумларидан объектларни ҳимоя қилишда бевосита иштирок этаётган хусусий компанияларнинг пайдо бўлиши бўлди.

Украина Мудофаа вазирлиги хусусий секторни ҳаво мудофааси тизимига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳа ишга туширилганини расман маълум қилди. 2026 йил март ойида вазирлик хусусий гуруҳлардан бири Харьков вилоятида «Shahed» ва «Zala» туридаги бир нечта дронларни уриб туширганини билдирган эди. Шу вақтда яна 13 та корхонада шундай ҳаво мудофааси гуруҳлари шакллантирилаётгани маълум қилинган.

Кейинчалик бу дастур янада кенгайди. Май ойида Украина Мудофаа вазирлиги лойиҳада 24 та компания иштирок этаётганини маълум қилди. Июнь ойига келиб уларнинг сони 30 тага етди, июль ўртасига келиб эса 51 та компания хусусий ҳаво мудофааси лойиҳасига қўшилган эди.

Таъкидлаш керак, «хусусий ҳаво мудофааси» деган ибора хусусий компанияларга мустақил равишда ҳаво нишонларига қарши ўт очиш ҳуқуқи берилган деган тасаввур уйғотиши мумкин. Аслида эса вазият бундай эмас.

Хусусий ҳаво мудофааси гуруҳлари Украина Қуролли Кучлари Ҳаво кучларининг ягона бошқарув тизимига интеграция қилинган. Улар мустақил равишда эмас, балки умумий ҳаво мудофааси архитектурасининг бир қисми сифатида ҳаракат қилади. Мудофаа вазирлиги таъкидлаганидек, хусусий ҳаво мудофааси мустақил ёки назоратсиз тузилма эмас, балки Ҳаво кучлари қўмондонлиги бошқаруви остидаги кўп эшелонли тизимнинг бир элементидир. Демак, гап ҳаво мудофаасини хусусийлаштириш ҳақида эмас, балки унинг айрим функцияларини хусусий секторга бериш ҳақида кетмоқда.

«Carmine Sky» ва «хизмат сифатида ҳаво мудофааси»

Янги лойиҳанинг энг кўзга кўринган иштирокчиларидан бири — Украинадаги Carmine Sky компаниясидир. Компания объектларни ҳимоя қилиш учун ҳаводаги таҳдидларга қарши бир нечта воситаларни бирлаштирган комплекс ёндашувни таклиф қилмоқда. Улар орасида дрон-тутиб олувчилар ва автоматлаштирилган туреллар мавжуд.

Энг ғайриоддий жиҳат — масофадан бошқариладиган, йирик калибрли пулемётлар билан жиҳозланган автоматлаштирилган қурилмалардир. Бундай тизимлар камералар ва компьютер кўриши технологиялари ёрдамида нишонларни аниқлаш ва кузатиш имкониятига эга.

Ҳарбий нуқтаи назардан бу жуда муҳим ўзгариш ҳисобланади. Яқин вақтларгача автоматлаштирилган турель экспериментал тизимнинг бир қисми эди. Энди эса у муайян объектни ҳаво таҳдидларидан ҳимоя қилиш бўйича тижорий хизматнинг элементига айланмоқда. Компания амалда янги концепцияни таклиф қилмоқда: корхона, логистика маркази ёки бошқа муҳим объект нафақат қўриқлаш хизматини, балки ҳаво таҳдидларидан ихтисослашган ҳимояни ҳам олиши мумкин.

Шу сабабли бу моделни «хизмат сифатида ҳаво мудофааси» деб аташ мумкин. Бу моделнинг пайдо бўлиш сабаби тушунарли. Давлат ҳаво мудофааси улкан мамлакатдаги ҳар бир объектни бир хил зичликда ҳимоя қила олмайди. Замонавий зенит-ракета мажмуалари мавжуд бўлса ҳам, миқдор муаммоси сақланиб қолади. Ҳар бир завод, омбор, электр станцияси ёки логистика узели ёнига қиммат ҳаво мудофааси тизимини жойлаштиришнинг иложи йўқ.

Бундан ташқари, арзон зарбадор дронларга қарши курашда тутиб олиш иқтисодиёти муаммоси пайдо бўлади. Нисбатан арзон дронни қиммат зенит ракетаси билан йўқ қилиш ҳар доим ҳам иқтисодий жиҳатдан оқилона қарор эмас. Шу ўринда оралиқ эшелонга — пулемётли тизимлар, арзон тутиб олишчилар, мобиль гуруҳлар, РЭК воситалари ва автоматлаштирилган комплексларга эҳтиёж пайдо бўлади.

Уруш иқтисодиёти технология каби муҳим

Россия-Украина уруши тобора икки иқтисодиётнинг рақобатига айланмоқда.

Асосий савол энди ҳар доим ҳам «нишонни йўқ қилиш мумкинми?» қабилида бўлмайди. Кўпинча савол бошқача қўйилади: «Уни йўқ қилиш қанча туради ва душман уни қайтариш учун қанча ресурс сарфлашига тўғри келади?».

Бу айниқса дронлар ва ҳаво мудофааси ўртасидаги қарама-қаршиликда яққол кўринади. Агар ҳужум қилувчи томон дронларни ҳимояланувчи томон қиммат тутиб олиш ракеталарини сарфлаётганидан тезроқ ва арзонроқ ишлаб чиқара олса, стратегик асимметрия пайдо бўлади. Бундай вазиятда ҳаво мудофаасининг муваффақиятли ишлаши ҳам унинг ўқ-дори захирасини аста-секин камайтириши мумкин.

Шунинг учун Украина узоқ масофали зарбалар стратегияси фақат объектларни бевосита йўқ қилишга қаратилмаган. Унинг муҳим мақсадларидан бири Россия ҳаво мудофааси тизимининг ўзига таъсир кўрсатишдир. Украина Мудофаа вазирлиги 2026 йилда Россия ҳаво мудофааси ва радиолокация воситаларини тизимли равишда зарарсизлантириш оператив чуқурликдаги операцияларнинг устувор йўналишларидан бири эканини билдирган.

Шундай қилиб, бу ўзига хос шахмат ўйинига айланмоқда: аввал аниқлаш воситаларининг бир қисми йўқ қилинади, кейин мудофаа конфигурацияси ўзгаради ва шундан сўнг дронлар учун янги имкониятлар пайдо бўлади. Бу уруш ҳавода устунликка эга бўлиш энди юзлаб қирувчи самолётларга эга бўлиш билангина белгиланмаслигини кўрсатмоқда.

Ҳаво устунлигини душманнинг ҳаводаги аниқлаш ва тутиб олиш тизимини арзон, тарқоқ воситалар ёрдамида босқичма-босқич издан чиқариш орқали ҳам шакллантириш мумкин.

Хусусий ҳаво мудофааси «фронт орти» тушунчасини ўзгартирмоқда

Яқин вақтгача ҳаво мудофааси асосан давлатнинг вазифаси ҳисобланган. Радар, зенит мажмуаси, ҳисоб-китоб экипажи, қўмондонлик пункти — буларнинг барчаси қуролли кучлар таркибида бўлган.

Энди эса янги архитектура пайдо бўляпти. Давлат стратегик даражани — узоқ масофали тизимлар, қўмондонлик, радиолокация тармоғи, авиация ва умумий мувофиқлаштиришни таъминлайди. Ҳудудий ва хусусий тузилмалар эса алоҳида заиф нуқталарни ёпиши мумкин: завод, транспорт узели, энергетика объекти ёки муҳим инфратузилмани ҳимоя қилади.

Бу маълум маънода хусусий қўриқлаш тизимининг ривожланишига ўхшайди. Аммо бу ерда кескин фарқ бор. Оддий қўриқлаш хизмати объектга бегоналар кириб келишидан ҳимоя қилади. Хусусий ҳаво мудофааси эса объект ҳудудидан ташқарида ҳаракатланаётган ҳаво нишонларига қарши қурол қўллаш тизимига айланади.

Шу билан бирга, янги ҳуқуқий ва ташкилий муаммо пайдо бўлади: фуқаролик компанияси билан ҳарбий ташкилот ўртасидаги чегара қаердан ўтади? Украина амалда шу саволга жавоб изламоқда.

Ветеранлар — технологик кадрлар захираси

Янги форматнинг яна бир муҳим хусусияти — кадрлар масаласи.

Украинадаги хусусий ҳаво мудофааси гуруҳларида собиқ ҳарбийлар ва жанговар тажрибага эга мутахассислардан фойдаланиш кенгаймоқда. Бундан ташқари, дрон-тутиб олувчиларни бошқариш каби вазифалар учун тайёргарлик муддати анъанавий мураккаб ҳаво мудофааси мутахассисларини тайёрлашга нисбатан анча қисқа бўлиши мумкин. Бу замонавий урушнинг яна бир хусусиятини кўрсатади: тажрибани қайта ишлаб, оммавий равишда такрорлаш мумкин.

ХХ асрда мураккаб ҳаво мудофааси мутахассисини тайёрлаш ойлар ёки йилларни талаб қилиши мумкин эди. Замонавий автоматлаштириш эса мураккаб ишларнинг катта қисмини электроника ва дастурий таъминотга юклаш имконини бермоқда. Инсон тобора кўпроқ тизимнинг барча функцияларини қўлда бажарувчи мутахассис эмас, балки уни бошқарувчи операторга айланмоқда. Натижада нисбатан кичик мутахассислар гуруҳи кўп сонли тарқоқ автоматлаштирилган воситаларни бошқариши мумкин бўлган янги ҳарбий меҳнат модели пайдо бўлмоқда.

Дуч келинадиган жиддий хавфлар

Янги форматни фақат технологик ютуқ сифатида кўриш хато бўлади.

Биринчи муаммо — хавфсизлик. Ҳаво мудофааси тизимига қанча кўп иштирокчи уланса, эҳтимолий носозлик нуқталари ҳам шунча кўпаяди. Алоқа тармоғи, дастурий таъминот, бошқарув каналлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари муҳим инфратузилмага айланади.

Иккинчи муаммо — киберхавфсизлик. Масофадан бошқариладиган автоматлаштирилган турель ёки дрон-тутиб олувчи радиоэлектрон ёки кибер таъсир объектига айланиши мумкин.

Учинчи муаммо — жавобгарлик. Агар автоматлаштирилган тизим объектни нотўғри аниқласа, оқибатлар учун ким жавоб беради? Ишлаб чиқарувчими? Операторми? Давлат қўмондонлик марказими? Ёки компаниянинг ўзими?

Ниҳоят, тизимнинг ҳаддан ташқари парчаланиши хавфи мавжуд. Ҳаво мудофааси ягона тизим бўлиши керак. Агар алоҳида компаниялар мустақил ҳаракат қила бошласа, бутун тармоқ самарадорлиги пасайиши мумкин.

Шунинг учун Украина Мудофаа вазирлигининг хусусий гуруҳларни ягона давлат тизимига интеграция қилиш тамойилига урғу бериши принципиал аҳамиятга эга.

Украина келажак уруши полигонига айланмоқда

Содир бўлаётган жараёндан асосий хулоса бир томон «мўъжизавий қурол» олгани эмас.

Россия ва Украина бир вақтнинг ўзида мутлақо янги ҳарбий муҳитни шакллантирмоқда.

Жанг майдонида танклар ва FPV-дронлар, қанотли ракеталар ва арзон учувчисиз аппаратлар, сунъий йўлдош разведкаси ва тижорий алоқа тизимлари, анъанавий ҳаво мудофааси ва автоматлаштирилган туреллар бир вақтнинг ўзида қўлланилмоқда. Энди буларга яна бир элемент — хусусий секторнинг мудофаа архитектурасига бевосита қўшилиши қўшилмоқда.

Украина модели айниқса қизиқарли, чунки у ресурслар чекланган шароитда пайдо бўлди. Классик ҳаво мудофааси тизимини етарли зичликда қуриш имконияти бўлмаган вазиятда арзонроқ, тарқоқ ва масштабланадиган ечимлар изланишига тўғри келмоқда.

Шунинг учун украин тажрибаси Шарқий Европа чегараларидан анча ташқарида ҳам диққат билан ўрганилади. Европа давлатлари учун бу айниқса муҳим. Уларнинг армиялари ўнлаб йиллар давомида асосан технологик жиҳатдан заифроқ рақибга қарши нисбатан қисқа операцияларга тайёргарлик кўрди. Украина эса катта урушда арзон дронларни тез ишлаб чиқариш, дастурий таъминотни тез мослаштириш, инфратузилмани тиклаш, янги бўлинмаларни шакллантириш ва тактикани деярли ҳар ой ўзгартириш қобилияти зарурлигини кўрсатмоқда.

Шу маънода Украинанинг асосий ҳарбий устунлиги муайян қурол модели эмас, балки мослашиш тезлиги бўлмоқда.

Уруш энди армия монополияси эмас

Эҳтимол, энг фундаментал ўзгариш айнан шунда. Классик уруш моделида аниқ чегара мавжуд эди: давлат уруш олиб боради, армия жанг қилади, саноат қурол ишлаб чиқаради, аҳоли эса иқтисодий базани таъминлайди. Россия-Украина уруши бу чегараларни бузиб ташлаяпти.

Хусусий компаниялар зарбадор ва разведка дронларини яратмоқда. IT-мутахассислар ҳарбий тизимлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқмоқда. Фуқаролик электроникаси ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини фронт эҳтиёжларига мослаштирмоқда. Волонтёрлик тузилмалари бўлинмаларни зарур ускуналар билан таъминламоқда. Энди корхоналар ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун ҳаво мудофааси гуруҳларини ҳам шакллантириши мумкин.

Бу давлат вазифасининг сусайишини англатмайди. Аксинча, давлат ҳанузгача мувофиқлаштириш маркази бўлиб қолмоқда. Аммо у ягона ижрочидан улкан тарқоқ экотизимни бошқарувчи координаторга айланмоқда. Айнан шу модель Украина урушидаги энг муҳим ҳарбий инновациялардан бири бўлиши мумкин.

Хулоса

Россия-Украина уруши фронт ва фронт орти, ҳарбий ва фуқаролик сектори, қурол ва дастурий таъминот ўртасидаги чегаралар тобора йўқолиб бораётган янги воқеликни юзага келтирди.

Киев аввал деярли тасаввур қилиб бўлмайдиган ишни — ҳаво мудофаасининг айрим функцияларини хусусий тузилмаларга беришни эксперимент сифатида жорий этмоқда.

Carmine Sky каби компаниялар ва хусусий ҳаво мудофааси гуруҳлари шунчаки Украинадаги икки ташкилий бирлик эмас. Улар давлат ҳаво мудофаасини тарқоқ тармоқ — хусусий операторлар, автоматлаштирилган туреллар, дрон-тутиб олувчилар ва бошқа воситалар билан тўлдиришга асосланган эҳтимолий янги уруш модели намуналаридир. Украина Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, 2026 йил июль ўртасига келиб 51 та компания ушбу ташаббусга қўшилган, хусусий ҳаво мудофааси гуруҳлари эса 50 дан ортиқ учувчисиз аппаратни йўқ қилган.

Агар бу эксперимент муваффақиятли бўлса, унинг оқибатлари Украина ҳудудидан анча ташқарига чиқади. Келажакда корхонада фақат қўриқлаш хизмати, ёнғин хавфсизлиги гуруҳи ва захира генератори эмас, балки миллий тизимга уланган ўз ҳаво мудофааси контури ҳам бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

Абулфайз Саидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid