АҚШ ва яна 40 давлат баллистик ракеталар бўйича баёнот билан чиқдилар
Огоҳлантиришсиз учирилган баллистик ракета синовлари ҳарбий хатолар хавфини оширади, глобал барқарорликка путур етказади ва қўшни давлатлар хавфсизлигига таҳдид солади, дейилади баёнотда.

Қирқ бир давлат барча мамлакатларни қитъалараро баллистик ракета (ICBM), сув ости кемаларидан учириладиган баллистик ракета (SLBM) ва учириш мосламаси (LV) учирилиши ҳақида 24 соат олдин хабардор қилишга чақирувчи баёнот чиқарди.
Матн АҚШнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси веб-сайтида чоп этилди.
Ҳужжат муаллифлари ракета синфини, вақт оралиғини, учириш майдонини ва парвоз йўналишини, шунингдек, денгизчилар ва учувчиларга зарба ёки қўниш зоналари ҳақида огоҳлантиришларни кўрсатишни талаб қилмоқда.
Баёнотга "Тинч океани минтақасида яқинда халқаро стандартларга жавоб бермайдиган ракета синовлари фаолияти" сабаб бўлган. Баёнотда айтилишича, эълон қилинмаган баллистик ракета синовлари ҳарбий хатолар хавфини оширади, глобал барқарорликка путур етказади ва қўшни давлатлар хавфсизлигига таҳдид солади.
Қирқ бир мамлакат ҳужжатни имзолади, жумладан, АҚШ ва НАТО мамлакатлари, Европа Иттифоқи, шунингдек, Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Украина.
Муаллифлар учирилишга оид шаффофлик ҳарбий ривожланишни чекламаслигини, балки ишончни мустаҳкамлаш ва можароларнинг олдини олишга хизмат қилишини таъкидладилар.
