Эрон тинчликни хоҳлайдими ёки уруш соясида яшайдими?
Эрон халқи зўрға кун кечиради. Бироқ нефт ва бошқа ресурслардан келадиган миллиардлаб долларлик даромад халқ ҳаётини фаровон қилишга эмас, урушга тайёрланиш, қурол-яроғ ва минтақадаги шиа жангариларини қўллаб қувватлашга сарфланади. Шунинг учун бугунги асосий савол шундай янграйди: Эрон ўз хавфсизлигини таъминлаш учун курашаяптими ёки доимий конфронтация унинг сиёсий тизимини сақлаб қолиш воситасига айланганми?

Эрон ўзини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилаётган давлат сифатида кўрсатади. Бироқ унинг ўнлаб йиллар давомида шаклланган минтақавий таъсир сиёсати, прокси кучлар тармоғи, ракета дастури ва Ғарб билан узлуксиз қарама-қаршилиги бошқа саволни туғдиради: Теҳрон ҳақиқатан ҳам тинчлик ва хавфсизликни излаяптими ёки доимий конфронтация муҳити унинг сиёсий тизимини сақлаб қолиш воситасига айланганми?
Нефть ва газ захираларига бой, катта инсон ва илмий салоҳиятга эга Эрон нега иқтисодий қийинчиликлар, санкциялар ва минтақавий зиддиятлар гирдобида қолмоқда? Унинг «қаршилик» стратегияси мамлакатни кучайтирадими ёки аксинча, уни узоқ давом этган можароларга боғлаб қўяптими?
Туркиядан «кутилмаган» баёнот
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фиданнинг кескин баёноти ортидан расмий Теҳрон ва Анқара ўртасида дипломатик таранглик юзага келди.
Ҳоқон Фидан июл ойи бошида, НАТО саммити якунланганидан сўнг берган The National нашрига интервьюсида Эрон ва Исроил ҳаракатлари ўртасида ўхшашлик борлигини таъкидлади.
Туркия ташқи ишлар вазири Эрон йиллар давомида минтақада кенг иттифоқчилари (шиа жангарилари – Эрон прокси кучлари) тармоғига эга эканини ва бу кучлар унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳланишини қайд этди. Туркиялик дипломатнинг таъкидлашича, Эроннинг бундай ёндашуви Исроил стратегиясига жуда ўхшайди. Чунки Исроил ҳам ўзининг бегона «ҳудудларни эгаллаб туриши»ни хавфсизлик манфаатлари билан асослайди.
Эроннинг жавоби
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий бундай фикрлардан ҳайратланганини билдириб, шундай деди:
«Туркиялик дўстларимиз, албатта, бундай ғалати ва тушуниш қийин бўлган қиёсга қандай асосда келганини изоҳлаб беришлари керак».
Бақоий ўз чиқишида Теҳроннинг минтақада учинчи томонлар орқали ҳаракат қилаётган кучлардан фойдаланаётгани ҳақидаги даъволарни қатъиян рад этди. Унинг таъкидлашича, Эроннинг минтақада «ҳеч қандай прокси кучлари йўқ».
Унинг сўзларига кўра, Эронга нисбатан бундай таъриф бериш «тубдан нотўғри» ҳисобланади.
Бақоий, Теҳрон нуқтаи назаридан «Минтақадаги ягона прокси — бу сионистик режимдир» деди. Ҳамда «Сионистик режимнинг ҳаракатлари — унинг босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги геноциди, шунингдек, Ливан, Сурия, Эрон ва бошқа давлатларга қарши ҳужумлари — барчага очиқ-ойдин кўриниб турибди», дея қўшимча қилди.
Нефт бойлиги, ракета дастурлари ва «қаршилик ўқи»: Теҳроннинг геосиёсий стратегияси ортида нима турибди?
Яқин Шарқдаги ҳар бир янги инқироз ортида битта катта савол яширинган: минтақадаги давлатлар ҳақиқатан ҳам хавфсизлик учун курашаяптими ёки уларнинг айримлари доимий қарама-қаршиликни ўз сиёсий тизимининг бир қисмига айлантириб олганми?
Бугун бу савол, аввало, Эрон Ислом Республикасига нисбатан кўп берилади. Чунки Теҳрон бир вақтнинг ўзида икки қарама-қарши манзарани намоён қилади. Бир томондан, у қадимий цивилизацияга, улкан нефть ва газ захираларига, катта илмий салоҳиятга ва 80 миллиондан ортиқ аҳолига эга давлатдир. Иккинчи томондан эса, у ўнлаб йиллардан бери санкциялар, минтақавий можаролар, ядровий дастур атрофидаги баҳслар ва АҚШ ҳамда Исроил билан кескин рақобат марказида турибди.
Эрон халқи зўрға кун кечиради. Бироқ нефт ва бошқа ресурслардан келадиган миллиардлаб долларлик даромад халқ ҳаётини фаровон қилишга эмас, урушга тайёрланиш, қурол-яроғ ва минтақадаги шиа жангариларини қўллаб қувватлашга сарфланади.
Шунинг учун бугунги асосий савол шундай янграйди: Эрон ўз хавфсизлигини таъминлаш учун курашаяптими ёки доимий конфронтация унинг сиёсий тизимини сақлаб қолиш воситасига айланганми?
Бу саволга жавоб бериш учун Эрон ташқи сиёсати шаклланган тарихий жараёнга назар ташлаш керак.
Инқилобдан кейин шаклланган «қаршилик» сиёсати
1979 йилда Эронда Ислом инқилоби ғалаба қозонди ва мамлакатнинг бутун сиёсий йўналиши ўзгарди. Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий даврида Ғарб билан яқин муносабатда бўлган Эрон янги раҳбарият даврида АҚШ ва Исроилни асосий геосиёсий рақиб сифатида кўра бошлади.
Янги давлат мафкурасига кўра, Эрон нафақат ўз ҳудудини бошқариши, балки минтақадаги «мазлум халқлар»ни қўллаб-қувватлаши керак эди. Шу ғоя кейинчалик «қаршилик ўқи» деб аталган сиёсий ва ҳарбий тармоқнинг шаклланишига олиб келди.
Теҳрон нуқтаи назаридан бу сиёсат ташқи душманлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган стратегик чуқурликни яратди. Эрон раҳбарияти 1980–1988 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши тажрибасини ҳеч қачон унутмаган. Ўша даврда Саддам Ҳусайн армияси Эрон ҳудудига бостириб кирган ва мамлакат катта талафот кўрган эди.
Шу сабабли Теҳронда шундай қараш шаклланди: агар мамлакат ўз чегараларидан ташқарида таъсирга эга бўлмаса, унинг душманлари урушни Эрон ҳудудига олиб келиши мумкин.
ИИМК ва янги хавфсизлик модели
Бу стратегиянинг асосий амалга оширувчиси Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси — ИИМК бўлди. ИИМК оддий армия эмас. У Эрон давлат тизимида алоҳида ўринга эга бўлган сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий куч марказидир. Унинг таркибидаги «Қудс» кучлари мамлакат ташқарисидаги операциялар билан шуғулланади ва Эроннинг минтақавий иттифоқчилари билан алоқаларини таъминлайди.
ИИМК тарафдорлари уни Эрон мустақиллиги ва хавфсизлигининг кафолати деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, агар Эрон минтақада таъсирга эга бўлмаганида, мамлакат кўп марта ташқи ҳужумларга дуч келган бўлар эди.
Бироқ танқидчилар бошқача фикрда. Улар ИИМКнинг кучайиши нафақат ташқи сиёсатни ҳарбийлаштирганини, балки ички сиёсий тизимда ҳам куч тузилмаларининг таъсирини оширганини таъкидлашади.
Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Эроннинг ташқи стратегияси фақат хавфсизлик масаласи эмас. У мамлакат ичидаги ҳокимият мувозанати билан ҳам боғлиқ.
«Қаршилик ўқи»: таъсирни чегарадан ташқарига чиқариш
Эроннинг минтақадаги таъсири асосан иттифоқчи кучлар орқали амалга оширилади. Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Теҳроннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади. У нафақат катта ҳарбий имкониятларга, балки Ливан сиёсий ҳаётида ҳам сезиларли таъсирга эга.
Ямандаги ҳусийлар эса сўнгги йилларда бутун дунё эътиборини ўзига қаратди. Қизил денгиздаги ҳужумлар халқаро савдо йўлларига таъсир кўрсатди ва Боб ал-Мандиб бўғозининг стратегик аҳамиятини яна бир бор намоён қилди.
Ироқдаги айрим шиа жангарилари гуруҳлари (Бадр) ҳам Теҳрон билан яқин алоқаларга эга. Ғарб давлатлари бу тармоқни Эроннинг прокси стратегияси деб баҳолайди. Яъни Теҳрон ўз таъсирини тўғридан-тўғри армия орқали эмас, балки иттифоқчи кучлар орқали амалга оширади.
Эрон эса бу таърифни қабул қилмайди. Теҳроннинг расмий позициясига кўра, бу гуруҳлар мустақил ҳаракат қилади ва уларни қўллаб-қувватлаш - минтақадаги қаршилик кучларига ёрдам бериш билан баробар.
Эрон ва Исроил: икки давлат, икки хавфсизлик модели
Яқин Шарқдаги энг мураккаб қарама-қаршиликлардан бири Эрон ва Исроил ўртасидаги рақобатдир. Бу рақобат фақат икки давлат ўртасидаги сиёсий келишмовчилик эмас, балки минтақадаги кучлар мувозанати учун курашдир.
Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда икки давлатнинг хавфсизлик стратегияларида маълум ўхшашлик пайдо бўлди: ҳар иккиси ҳам ўз хавфсизлигини ўз чегараларидан ташқарида таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
Исроил кўп йиллар давомида «превентив зарба» ёки «олдиндан бартараф этиш» концепциясига таяниб келди. Унинг асосий аргументи шундан иборатки, душман келажакда хавфга айланиши мумкин бўлса, уни кучайишидан олдин тўхтатиш керак. Шу сабабли Исроил Сурия, Ливан ва бошқа ҳудудларда ўз хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблаган объектларга қарши операциялар ўтказиб келади.
Эрон эса бошқа йўлни танлади. У тўғридан-тўғри кенг кўламли ҳарбий операциялардан кўра минтақавий иттифоқчилар тармоғи орқали таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Теҳрон нуқтаи назаридан, бу ҳужумкор сиёсат эмас, балки ўзини ҳимоя қилишнинг олдинги чизиғидир. Бироқ Эроннинг рақиблари бу ёндашувни бошқача баҳолайди. Уларга кўра, Эрон ўз чегараларидан узоқда ҳарбий таъсир зоналарини яратиб, минтақавий устунликка эришишга интилади.
Шу ерда асосий зиддият пайдо бўлади: Эрон ўз ҳаракатларини мудофаа деб тушунтиради, унинг рақиблари эса бу ҳаракатларни экспансия сифатида қабул қилади.
Нефт бойлиги ва қашшоқлик парадокси
Эрон сиёсати ҳақидаги энг катта саволлардан бири ички иқтисодиёт билан боғлиқ.
Мамлакат дунёдаги энг катта энергетик захираларга эга давлатлардан бири бўла туриб, нега иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда?
Эрон нефть ва газ ресурслари бўйича жаҳонда етакчи ўринларда туради. Агар мамлакат халқаро иқтисодий тизимга тўлиқ интеграция қилинганида, хорижий инвестициялар оқими ва замонавий технологиялардан фойдаланиш имконияти кенг бўлиши мумкин эди.
Аммо амалда вазият бошқача бўлди. Ўнлаб йиллар давомидаги санкциялар, сиёсий қарама-қаршиликлар ва ташқи босим иқтисодиётга катта зарар етказди. (Аслида санкцияларга ҳам Эроннинг қайсарона ва дипломатик жиҳатдан нўноқ қадамлари – АҚШ ва Исроил, умуман Ғарбга муттасил ўлим тилаш, уларни душман деб ҳисоблаш, ядровий дастурни ривожлантиришга қаратилган очиқ ва таҳдидли баёнотлари сабаб бўлди).
Бироқ танқидчилар фақат санкцияларни сабаб сифатида кўрсатиш етарли эмаслигини айтади. Улар Эрон раҳбариятининг ўзи ҳам стратегик танлов қилганини таъкидлайди: мамлакат ресурсларининг катта қисми хавфсизлик ва минтақавий таъсирни кучайтиришга йўналтирилди.
Қурол зарурми ёки нон?
Эрон раҳбарияти бу танқидларга жавобан бошқа мантиқни илгари суради:
агар мамлакат кучли мудофаа имкониятларига эга бўлмаса, унинг иқтисодий ривожланиши ҳам хавф остида қолади. Яъни Теҳрон назарида ҳарбий харажатлар иқтисодиётга қарши эмас, балки уни ҳимоя қилиш воситаси ҳисобланади. Бу собиқ СССР ва Россия стратегиясига ўхшайди: ташқи душман образи яратилади, муттасил унинг ҳужум қилиш эҳтимоли бўрттириб кўрсатилади, жамиятдаги барча муаммолар ва бошқарув билан боғлиқ нўноқликлар “душман”нинг маккорона жосуслиги оқибати, ёки унга қарши курашда пайдо бўлган, халқ сабр қилиш лозим бўлган “вақтинча” чекловлар сифатида тақдим этилади. Бироқ халқ бечора бир неча авлод ўтиб сабр қилса ҳам нурли кунлар келмайди, буюк келажак ҳеч ҳам яқинлашмайди. Чунки режим муттасил уруш ва душманона сиёсат соясида яшашга ўрганиб қолган. Тинч жамият қуришни билмайди, ёки истамайди.
Буни яқинда Россия президенти Владимир Путиннинг баҳсли баёноти билан ҳам исботлаш мумкин. “Махсус ҳарбий операция (яъни Украинага босқичнлик уруши – муаллиф) тугаса нима қиламиз” деган эди Путин кулимсираб. Яъни Путинда ҳам тинч ҳаёт қуришдан кўра уруш ҳолатида халқни куч билан ушлаб туриб бошқариш осонроқ ва фойдалироқ бўлиб қолади.
Ракеталар ва ядровий дастур: ҳужум қуроли ёки кафолатми?
Эроннинг ядровий дастуридан ташқари ракета дастури ҳам минтақадаги энг катта баҳс мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда. Теҳрон ўзининг баллистик ракеталарини асосан мудофаа воситаси деб ҳисоблайди. Эрон расмийларининг таъкидлашича, мамлакат ҳаво кучлари АҚШ ёки Исроил каби давлатлар билан солиштирганда чекланган имкониятларга эга, шунинг учун ракета технологиялари стратегик мувозанатни сақлаш учун зарур.
Ғарб давлатлари ва Исроил эса бу дастурни минтақавий таҳдид сифатида кўради.
Ядровий дастур масаласи эса янада мураккаб. Эрон ядровий фаолияти тинч мақсадларга қаратилганини билдириб келади. Теҳроннинг таъкидлашича, мамлакат атом энергиясидан электр энергетикаси, тиббиёт ва илмий тадқиқотлар учун фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бироқ АҚШ, Исроил ва Европа давлатлари Эроннинг уран бойитиш имкониятлари келажакда ядровий қурол яратиш имкониятини бериши мумкинлигидан хавотирда.
2015 йилда имзоланган ядровий келишув маълум чекловлар ўрнатган эди, аммо АҚШнинг келишувдан чиқиши ва кейинги воқеалардан сўнг Эрон ўз ядровий фаолиятини кенгайтирди.
Бу ерда ҳам икки қарама-қарши қараш мавжуд. Теҳрон учун ядровий салоҳият — душманларни тийиб турувчи восита. Унинг рақиблари учун эса — минтақада кучлар мувозанатини бузиши мумкин бўлган хавф.
Уруш сиёсат воситасига айланганда
Эроннинг ташқи сиёсатида яна бир муҳим омил бор: ташқи таҳдид омили ички сиёсий барқарорликка хизмат қилиши мумкин.
1979 йилги инқилобдан кейин АҚШ ва Исроилга қарши кураш давлат мафкурасининг марказий қисмига айланди. Ташқи босим ва душман образи жамиятни бирлаштириш воситаси бўлиб хизмат қилди.
Табиийки, ҳар қандай давлат учун хавфли ташқи муҳит ички сиёсий назоратни кучайтириши мумкин. Чунки бундай вазиятда ҳукумат «миллий хавфсизлик» масаласини биринчи ўринга қўяди.
Эронда ҳам шунга ўхшаш жараён кузатилади. Иқтисодий қийинчиликлар кўпинча ташқи санкциялар билан тушунтирилади. Сиёсий норозиликлар эса баъзан ташқи душманларнинг таъсири сифатида баҳоланади. Режим тарафдорлари бундай ёндашувни давлатни ҳимоя қилиш деб кўрса, танқидчилар бу ҳолат сиёсий тизимнинг ўзини сақлаб қолиш механизмига айланганини таъкидлайди.
Эрон халқи ва бир оғир савол
Гарчи оятулло режими пропагандаси халқни ҳукумат билан бирдам қилиб кўрсатишга уринаётган бўлсада, атаги 1 йил олдин ва шу йил бошида оятулло режимига қарши норозилик намойишлари бунинг нотўўғри эканлигин исботлади. Деярли 5000 киши осиб ўлдирилгач, бу намойишлар тўхтади, бироқ халқнинг нафрати ҳам йўқолди, деб бўлмайди. Ҳукуматга қарши нафрат куч ва зўравонлик билан босиб турилибди холос.
Хуллас, Эрон жамияти бир хил фикрда эмас. Мамлакатда ўз давлатининг мустақил сиёсати ва Ғарб босимига қарши туришини қўллаб-қувватлайдиган қатламлар бор. Иқтисодий қийинчиликлар, ишсизлик, инфляция ва келажакка ишончсизликдан норози бўлган миллионлаб одамлар ҳам мавжуд.
Айниқса ёш авлод орасида шундай савол тобора кўпроқ янграмоқда: Эроннинг буюклиги фақат ташқи кураш ва ҳарбий қудрат орқали таъминланадими ёки мамлакат ўз салоҳиятини иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигига йўналтириши керакми? Бу савол Эроннинг келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Хулоса: тинчликка интилиш ва конфронтациядан воз кечмаслик ўртасида
Эронни фақат «уруш истайдиган давлат» деб баҳолаш ҳақиқатни соддалаштириш бўлади. Теҳрон АҚШ ёки Исроил билан катта урушга кириш унинг ўзи учун ҳалокатли оқибатларга олиб келишини яхши тушунади. Шу сабабли Эрон кўп ҳолларда тўғридан-тўғри урушдан қочади ва билвосита таъсир усулларидан фойдаланади.
Бироқ шу билан бирга, Эрон ўзининг минтақавий таъсир тармоғидан, ракета дастуридан ва «қаршилик» ғоясидан воз кечишни истамайди. Чунки бу сиёсат унинг учун бир вақтнинг ўзида хавфсизлик воситаси, геосиёсий таъсир қуроли ва ички сиёсий тизимнинг муҳим қисмига айланган.
Шунинг учун асосий савол «Эрон урушни хоҳлайдими?» деган саволдан ҳам мураккаброқдир. Асосий савол шунда: Эрон тинчлик шароитида ҳам ўзининг ҳозирги сиёсий моделини сақлаб қола оладими?
Чунки баъзан давлатлар нафақат душманларидан, балки узоқ давом этган кураш муҳитининг ўзига боғланиб қолишдан қўрқишади.
Абулфайз Сайидасқаров
