Президент Администрацияси бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинди
Лойиҳа Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида"ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳаси Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.
Лойиҳада Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилиши, шунингдек, Администрацияга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилиши белгиланмоқда.
Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари очиб берилган.
Мазкур конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалар якунига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
