"Газлайтинг" сиёсий технологиялар воситаси сифатида: психологик механизмлар, таъсир технологиялари ва жамоатчилик онги учун оқибатлари
Классик пропаганда аудиторияни муайян ғояни қабул қилишга ундаса, газлайтинг инсоннинг ўз идроки ва хотирасига ишончини бузади. Натижада шахс ташқи талқинларга кўпроқ боғлиқ бўлиб қолади.

Замонавий ахборот жамиятида сиёсий таъсир фақат ғояларни тарқатиш эмас, балки воқеликни қабул қилиш жараёнини бошқариш орқали ҳам амалга оширилмоқда. Шу усуллардан бири — сиёсий газлайтинг бўлиб, у инсонларни ўз хотираси, баҳолари ва фактларни мустақил талқин қилиш қобилиятига шубҳаланишга мажбур қиладиган ахборот-психологик технология ҳисобланади.
Сиёсий газлайтингнинг назарий асослари
Замонавий сиёсатда устунлик кўпинча фактларнинг ўзига эмас, балки улар қандай талқин қилинишига боғлиқ. Ахборот майдонида ким жамоатчилик учун ишонарли воқелик манзарасини шакллантира олса, у катта таъсир кучига эга бўлади. Газлайтинг айнан шу жараёнга таъсир қилади. Унинг мақсади инсонни муайян фикрга ишонтиришдан кўра, унинг ҳақиқатни мустақил равишда англаш қобилиятига бўлган ишончини заифлаштиришдир.
Классик пропаганда аудиторияни муайян ғояни қабул қилишга ундаса, газлайтинг инсоннинг ўз идроки ва хотирасига ишончини бузади. Натижада шахс ташқи талқинларга кўпроқ боғлиқ бўлиб қолади. Ижтимоий тармоқлар, алгоритмик ахборот тарқатиш тизимлари ва сунъий интеллект асосидаги контент яратиш воситалари бу технологиялар таъсир доирасини кенгайтирди.
«Газлайтинг» тушунчасининг келиб чиқиши
Газлайтинг (Gaslighting) атамаси британиялик драматург Патрик Хэмилтоннинг Gas Light (1938) пьесаси номидан келиб чиққан бўлиб, кейинчалик у Буюк Британияда (1940) ва АҚШда (1944) экранлаштирилган. Асар сюжетига кўра, эр атайлаб уйдаги буюмлар ҳолати ва муҳитни ўзгартиради — хусусан, газ чироқларининг ёруғлигини пасайтиради — ва кейин хотинини ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмаганига ишонтиришга ҳаракат қилади. Масалан, газда ёнадиган чироқ нури сўнишини – “сенинг кўзингга шундай кўриняпти, руҳий бемордирсан” дея ишонтира бошлайди. Аслида эса манипулятор эр вақти-вақти билан махфий хонада аёлнинг холасидан қолган бойликларни ўғринча қидиради ва ўша ерда газ чироғини ёққани боис, аёл яшайдиган хона чироғи хиралашади. Вақт ўтиши билан аёл ўз ҳис-туйғулари, хотираси ва руҳий ҳолатига шубҳа қила бошлайди.

Психологияда ушбу атама ХХ аср охирида кенг қўллана бошлади. Уни оммалаштирган тадқиқотчилардан бири Робин Стерн бўлиб, у газлайтингни инсонни ўз хотираси, ҳиссиётлари ва воқеликни баҳолаш қобилиятига шубҳаланишга мажбур қиладиган эмоционал манипуляция шакли сифатида таърифлайди.
Дастлаб газлайтинг шахслараро муносабатлар доирасида ўрганилган бўлса, кейинчалик бу механизмлар катта ижтимоий гуруҳларга ҳам таъсир қилиши мумкинлиги аниқланди.
Сиёсий коммуникацияда газлайтинг
Сиёсий газлайтинг — жамоатчилик онгида воқеликка нисбатан ноаниқлик уйғотишга қаратилган ахборот-психологик таъсир усулларидан бири. У одатда фактларни рад этиш, воқеалар талқинини доимий ўзгартириш, муқобил ахборот манбаларига ишончни пасайтириш, аудиторияни ўз хулосаларига шубҳалантириш орқали амалга оширилади.
Пропаганданинг вазифаси муайян қарашни тарқатиш бўлса, газлайтингнинг асосий мақсади — инсонда «ҳақиқатни аниқлашнинг имкони йўқ» деган ҳисни шакллантиришдир. Шу сабабли у баъзан «когнитив ноаниқликни бошқариш технологияси» деб ҳам аталади.
Газлайтинг, пропаганда ва дезинформация ўртасидаги фарқ
Ушбу тушунчалар бир-бирига яқин бўлса-да, вазифалари билан фарқ қилади.
Пропаганда — муайян ғоялар, қадриятлар ва сиёсий қарашларни тизимли равишда тарқатиш жараёни.
Дезинформация — атайлаб ёлғон ёки бузиб кўрсатилган маълумот тарқатиш.
Манипуляция — инсон қарорларига яширин психологик таъсир кўрсатиш.
Газлайтинг эса - ахборот мазмунидан кўра инсоннинг ўз идрокига ишончини заифлаштиришга қаратилган.
Масалан, пропаганда - «Воқеа шундай содир бўлган» дейди. Дезинформация - сохта факт яратади. Газлайтингда эса «Сиз воқеани нотўғри тушунгансиз» деган шубҳани шакллантиради. Шу орқали инсоннинг воқеликни мустақил таҳлил қилиш қобилияти сусаяди.
Сиёсий газлайтингнинг психологик механизмлари
Сиёсий газлайтинг инсон тафаккурининг когнитив хусусиятларидан фойдаланади. Инсон ахборот ҳаддан ташқари кўпайган шароитда барча маълумотларни чуқур таҳлил қила олмайди ва кўпинча соддалаштирилган хулосалар, ҳиссий баҳолар ёки ишончли кўринган манбаларга таянади.
Газлайтинг қуйидаги психологик механизмлар орқали самарали ишлайди:
1. Такрорлаш эффекти. Бир хил фикр ёки даъвонинг кўп марта такрорланиши унинг ҳақиқатга яқиндек қабул қилинишига олиб келиши мумкин. Инсонлар таниш ахборотни кўпинча ишончлироқ деб баҳолайдилар. Масалан, нацистлар Германиясининг бош тарғиботчиси Йозеф Геббельсга нисбат бериладиган машҳур иборада айтилганидек: «Минг марта такрорланган ёлғон ҳақиқатга айланади».
2. Когнитив диссонанс. Янги маълумот инсоннинг мавжуд ишончларига зид келганда, у ички психологик ноқулайликни ҳис қилади. Бундай ҳолатда кўпчилик ўз қарашларини ўзгартиришдан кўра, уларга мос келадиган талқинни қабул қилишга мойил бўлади.
3. Обрўли шахс (авторитет) эффекти. Одамлар машҳур шахслар, сиёсий лидерлар ёки тан олинган экспертларнинг фикрига далиллардан қатъи назар кўпроқ ишониши мумкин.
4. Ахборот ортиқчалиги. Кўп миқдордаги зид хабарлар инсоннинг текшириш қобилиятини сусайтиради. Натижада у ишончли ва ишончсиз маълумотларни ажратишда қийналади.
Шу сабабли газлайтинг кўпинча битта катта ёлғонга эмас, балки кўплаб кичик қарама-қаршиликлар яратишга асосланади. Бу жамиятда доимий ноаниқлик ҳиссини шакллантиради.
Сиёсий газлайтинг механизмлари ва қўллаш усуллари
Замонавий сиёсий коммуникацияда газлайтинг одатда пропаганда, медиа стратегиялар ва рақамли ахборот технологиялари билан биргаликда қўлланилади. Унинг асосий мақсади — аудиториянинг ахборотни мустақил баҳолаш қобилиятига таъсир қилишдир. Бу борада кенг тарқалган усуллар:
1. Фактларни инкор этиш. Ҳатто етарли далиллар мавжуд бўлган ҳолатларда ҳам воқеа ёки унинг аҳамияти рад этилади. Бунинг мақсади одамларни маълум бир ёлғонга ишонтириш эмас, балки «ҳақиқатни билиб бўлмайди» деган тасаввурни пайдо қилишдир.
2. Талқинларни доимий ўзгартириш. Бир воқеага нисбатан турли, ҳатто бир-бирига зид тушунтиришлар берилади. Натижада аудитория қайси маълумотга ишониш кераклигини англашда қийналади.
3. Айбни бошқа томонга йўналтириш. Муаммонинг моҳияти муҳокама қилиниши ўрнига эътибор рақиблар, танқидчилар ёки бошқа гуруҳларга қаратилади. Бу орқали асосий масала иккинчи даражага туширилади.
4. Ахборот манбаларини обрўсизлантириш. Маълумотнинг ўзи таҳлил қилинмасдан, уни тарқатган шахс ёки ташкилотга қарши ҳужум қилинади. Натижада аудитория ҳар қандай мустақил манбага шубҳа билан қарай бошлайди.
5. Ахборот шовқини яратиш. Кўп сонли қарама-қарши хабарларни тез тарқатиш орқали муҳим воқеаларни ажратиш қийинлаштирилади. Бу усул «ёлғонлар оқими» (Firehose of Falsehood) модели сифатида ҳам ўрганилган.
6. Ҳиссий таъсирдан фойдаланиш. Қўрқув, ғазаб, таҳдид ҳисси ва гуруҳий мансублик туйғуси инсоннинг рационал таҳлилини заифлаштириши мумкин. Масалан, иқтисодий муаммолар ҳақида очиқ таҳлил ўрнига «ташқи душманлар айбдор», «фақат биз ҳимоя қила оламиз» каби хабарлар тарқатилиши мумкин. Бунда мақсад муаммони ҳал қилиш эмас, балки ҳиссий реакция уйғотиш бўлади.
7. Асосий муаммодан чалғитиш. Сиёсий коммуникацияда баъзан жамоатчилик диққати муҳим масалалардан иккинчи даражали, аммо ҳиссий жиҳатдан кучли мавзуларга бурилади. Бу жараён кун тартибини бошқариш (agenda-setting) билан боғлиқ. Бироқ ҳар қандай чалғитиш газлайтинг эмас. Газлайтинг бўлиши учун инсонларни ўз кузатувлари ва баҳоларига шубҳалантириш элементи мавжуд бўлиши керак.
Масалан, жамиятда коррупция, ишсизлик ёки иқтисодий қийинчиликлар муҳокама қилинаётганда эътибор ташқи таҳдидлар ёки рамзий можароларга бурилиши мумкин. Агар шу билан бирга «муаммо аслида йўқ», «бу ҳақда гапираётганлар душман» каби хабарлар тарқатилса, бу газлайтинг элементларига яқинлашади. Газлайтингнинг асосий хавфи ёлғон маълумотнинг ўзи эмас, балки жамиятнинг ҳақиқатни аниқлаш мезонларини заифлаштиришидадир.
Тарихий хотирага таъсир қилиш ҳам газлайтинг элементларидан бири бўлиши мумкин. Масалан, Совет Иттифоқида сиёсий мақсадлар учун айрим шахслар ҳақидаги маълумотларни йўқ қилиш, архив ва расмларни ўзгартириш ҳолатлари кузатилган. Бу орқали ўтмиш ҳақидаги жамоавий тасаввурни бошқаришга ҳаракат қилинган. Психиатр Ариэль Резник-Мартовнинг ёзишича, СССР тарихини бутунлай газлайтингга мисол, деб айтиш мумкин.
Масалан қонхўр ва золим СССР етакчиси Иосиф Сталин даврида қайси раҳбар реперессияга учраб, отиб ўлдирилса ёки қамоққа ташланса, унинг суратлари дарҳол архивдаги сурат ва манбалардан ўчирилган. Халққа эса бундай душман Сталинга дўст бўлмаган, у билан бирга суратга тушмаган, дея уқдирилган.
Қуйидаги суратда Сталин билан коммунистик режимнинг уч муҳим амалдорлари суратга тушган. Аммо босқичма босқич, вақтлар ўтиши билан, улар гуруҳ суратидан ўчириб борилган ва охирида Сталиннинг ўзи ёлғиз қолган:

Бу жараёнларда матбуот тизимлари қошидаги расмий цензура аппарати, махсус хизматлар ва бошқа тизимлар масъулиятли мақомда турган.
Бундай жараён – тарихни ва халқ хотирасини ўзгартиришга уриниш Жорж Оруэллнинг 1984 асарида ҳам ўз аксини топган.
Яъни нафақат бугунги воқеалик ҳокимият манфаатларига мос равишда бузиб, нотўғри тасвирланган, балки ўтмиш ҳам бузиб ёзилган. “Бу аввалдан шундай эди” дея халққа уқдирилган.
Рақамли медиа ва ижтимоий тармоқларнинг роли
Рақамли технологиялар сиёсий газлайтинг имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди. Анъанавий ОАВдан фарқли равишда ижтимоий тармоқлар ахборотни жуда тез тарқатиш ва катта аудиторияга етказиш имконини беради.
Платформа алгоритмлари кўпинча фойдаланувчиларнинг қизиқиши ва фаоллигини оширадиган контентни устун қўяди. Шу сабабли ҳиссий, зиддиятли ва баҳсли хабарлар таҳлилий материалларга қараганда кенгроқ тарқалиши мумкин.
Бу жараёнда «акс-садо хоналари» (echo chambers) ва «ахборот пуфаклари» (filter bubbles) муҳим роль ўйнайди. Инсонлар кўпинча ўз қарашларига мос ахборот муҳитида қолиб кетади ва муқобил фикрлар билан камроқ тўқнашади.
Ахборот оқимининг тезлиги ҳам газлайтинг учун қулай шароит яратади. Янги хабарлар доимий равишда пайдо бўлиб тургани сабабли жамият кўпинча аввалги маълумотларни текшириб улгурмайди.
Шунингдек, генератив сунъий интеллект ва дипфейк технологиялари ҳақиқийга ўхшаш тасвир, аудио ва видеолар яратиш имконини бериб, ахборот ишончлилигини баҳолашни қийинлаштирмоқда.
Бироқ сунъий интеллектнинг ўзи газлайтинг воситаси эмас. У манипулятив контент яратиш учун ҳам, уни аниқлаш ва фактларни текшириш учун ҳам ишлатилиши мумкин.
Хулоса
Сиёсий газлайтинг рақамли даврдаги энг мураккаб ахборот-психологик таъсир технологияларидан бири ҳисобланади. Унинг мақсади фақат ёлғон маълумот тарқатиш эмас, балки инсонларнинг фактлар, экспертлар ва ўз хулосаларига бўлган ишончини заифлаштиришдир.
Унга қарши самарали курашиш учун ёлғон хабарларни фош қилишнинг ўзи етарли эмас. Жамиятда ишончли ахборот манбалари, танқидий фикрлаш ва очиқ мулоқот маданиятини ривожлантириш зарур.
Ва бир ҳақиқатни ёдда тутиш лозим - ахборот асрида ҳақиқат учун кураш - бу нафақат маълумот мазмуни учун, балки инсоннинг воқеликни мустақил англаш қобилиятини сақлаб қолиш учун ҳам курашдир.
Абулфайз Сайидасқаров
