Тошкент-Самарқанд янги автомобил йўли қурилиши бошланади
Президент йўл қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этмоқда. Айни пайтда Ўзбекистондаги халқаро йўлларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи ортиқча юклама билан ишлаётгани қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент – Самарқанд йўналишидаги янги автомобил йўли қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти 3 карра ошгани, 2030 йилга қадар унинг ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олинганини таъкидлади.
Бугун Ўзбекистон ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга 4 минг километр транзит йўл ўтган. Айни пайтда халқаро йўлларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи ортиқча юклама билан ишламоқда.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон темир йўллари ишга тушгач, Ўзбекистон Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айланади. Шунингдек, Покистон портлари орқали Ҳинд океани ва қарийб 2 миллиард аҳоли яшайдиган Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имконияти очилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон йилига қўшимча 15-20 миллион тонна халқаро транзит юкини қабул қилса, 400-600 миллион доллар даромад олинади, логистика марказлари ва терминаллар қурилишига 3 миллиард доллар инвестиция жалб этилади, камида 50 мингта барқарор иш ўрни яратилади.
