Ўзбекистоннинг давлат қарзи салкам 47 млрд долларга етди
Ташқи қарзнинг энг катта қисми — 19,8 миллиард доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга сарфланди. Яна 5,6 миллиард доллар ёқилғи-энергетика секторига, 3,5 миллиард доллар қишлоқ ва сув хўжалигига ажратилди.

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра 46,9 миллиард долларни ташкил этди, бу 2025 йилга нисбатан 16,4 фоизга кўп.
Бу миқдор мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 31,9 фоизига тўғри келади.
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2027–2029 йилларга мўлжалланган фискал стратегияда айтилган.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил охирида ташқи давлат қарзи 39,8 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 18,1 фоизга кўп, ички қарз эса 7 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 7,7 фоизга кўп.
2025 йилда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун ҳукумат кафолатлари остида 2,5 миллиард доллар ташқи қарз жалб қилинди.
Ташқи қарзнинг энг катта қисми — 19,8 миллиард доллар — давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга сарфланади. Яна 5,6 миллиард доллар ёқилғи-энергетика секторига, 3,5 миллиард доллар қишлоқ ва сув хўжалигига, 3,2 миллиард доллар уй-жой ва коммунал хизматларга ва 3,1 миллиард доллар транспорт инфратузилмасига ажратилди.
Мамлакат расмийлари валюта хавфларини юмшатиш учун миллий валютада қарз олишни кўпайтиришда давом этмоқда. Сўмдаги мажбуриятларнинг улуши 2020 йилдаги 5,9% дан 2025 йил охирига келиб 12,2% гача ошди ва муомаладаги давлат ғазна облигациялари ҳажми 49,9 триллион сўмга етди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг прогнозига кўра, давлат қарзини самарали бошқариш чоралари туфайли унинг ҳажми 2026 йил охирига келиб ЯИМнинг 31% гача камаяди ва 2027–2029 йилларда ЯИМнинг ўртача 32% ни ташкил қилади.
