“Қорабоғни тиклашда биринчи амалий ёрдам Ўзбекистондан келган” — Илҳом Алиев
Ўзбекистон томонидан Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги йирик ва замонавий мактаб барпо этилган бўлиб, унинг очилиш маросими икки давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилган.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев IV Шуша глобал медиа форуми доирасида ОАВ вакиллари билан мулоқот қилди. Суҳбат чоғида у Ўзбекистон билан муносабатлар қардошлик ва дўстликка асосланганини, Президент Шавкат Мирзиёев билан шахсий дўстлиги эса бу алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Шунингдек, Қорабоғни тиклаш жараёнида биринчи ёрдам қўлини айнан Президент Шавкат Мирзиёев чўзганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томонидан Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги йирик ва замонавий мактаб барпо этилган бўлиб, унинг очилиш маросими икки давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилган. Алиевнинг таъкидлашича, кейинчалик Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳам Қорабоғни тиклашга ўз ҳиссасини қўшган, бироқ биринчи амалий ёрдам айнан Ўзбекистондан келган.
Озарбайжон етакчисининг айтишича, Ўзбекистоннинг қардошлик миссияси мактаб қурилиши билан чекланмаган. Хонкенди шаҳридаги биринчи йирик саноат корхонаси — тикувчилик фабрикаси ҳам Ўзбекистон сармояси ҳисобидан барпо этилган бўлиб, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ушбу корхонага ҳам биргаликда ташриф буюрган.
Илҳом Алиев бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва саноат ҳамкорлиги жадал ривожланаётганини қайд этди. Хусусан, қиймати 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон–Озарбайжон қўшма инвестиция жамғармаси ҳар икки мамлакатда турли лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Бундан ташқари, Озарбайжоннинг SOCAR компанияси Ўзбекистондаги муҳим газ конига сармоя киритганини айтиб, “Қустуқ” конидаги қидирув-қазиш ишлари ижобий натижа билан якунланишига умид билдирди.
Озарбайжон Президенти Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликнинг янги босқичга чиқишида ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади. Бугунги кунда Озарбайжон Марказий Осиё давлатлари билан ягона маслаҳат форматида иштирок этмоқда. Бу эса транспорт ва логистика йўлаклари, савдо-иқтисодий ҳамда геосиёсий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра билиши ва стратегик қарашлари бу жараёнда ғоят муҳим роль ўйнади”, — деди Илҳом Алиев.
Сўзи якунида Озарбайжон Президенти ўзбек халқини эришилаётган ютуқлар билан табриклаб, Ўзбекистонга ҳар сафар ташриф буюрганида мамлакатдаги кенг кўламли янгиланишлар ва ислоҳотлар натижаларини кўриб қувонишини таъкидлади.
“Биламанки, қардош ўзбек халқи ва давлати Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида муваффақиятли ва ишонч билан олға бормоқда”, — дея таъкидлади Озарбайжон Президенти.
