platina.uz
Таҳлил

Украина сиёсий бурилиш арафасида: уруш ва сайловлар ўртасида

2024–2026 йиллардан бошлаб сайлов мавзуси сиёсий муҳокамалар марказига қайта бошлади. Бунинг бир нечта сабаблари бор. Аввало урушнинг чўзилиши ва жамиятда чарчоқ кайфиятининг кучайиши асосий омил бўлди. 

Украина сиёсий бурилиш арафасида: уруш ва сайловлар ўртасида

Украинада президент сайловлари ўтказиш масаласи кун тартибига чиқди. Лекин эҳтимолий сайловларда амалдаги президент Владимир Зеленский етарли овоз олмаслиги ҳам мумкин. Горизонтда яна бир сиёсий фаворит – Украина Қуролли кучларининг 2021-2024 йиллардаги бош қўмондони, ҳозирда эса мамлакатнинг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валерий Залужний пайдо бўлган.

“Украинская правда” нашрининг ёзишича, амалдаги президент Залужний билан учрашувда: “Агар кузда сайлов бўлса, номзодингни қўясанми?” деган савол берганида, Залужний “ҳа” дея жавоб берган. Айрим ижтимоий сўровлар собиқ бош қўмондонга нисбатан ишонч даражаси 70 фоиздан ортиқлигини намоён қилган.

Сайловлар ҳозир керакми?

2022 йилда Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Украинада ҳарбий ҳолат жорий этилди. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ҳарбий ҳолат давом этаётган вақтда президентлик ва парламент сайловлари ўтказилмайди. Конституцияга кўра, ҳарбий ҳолат бекор қилинмагунча амалдаги президент ўз ваколатларини давом эттиради.

Бироқ 2024–2026 йиллардан бошлаб сайлов мавзуси сиёсий муҳокамалар марказига қайта бошлади. Бунинг бир нечта сабаблари бор.

Аввало урушнинг чўзилиши ва жамиятда чарчоқ кайфиятининг кучайиши асосий омил бўлмоқда. Шунингдек, Путин таъсирида халқаро ҳамкорлар томонидан демократик легитимлик масаласига эътиборнинг ортиши кузатилмоқда.

Қолаверса, Украина ичида ҳам ички сиёсий рақобатнинг аста-секин кучайиши, айниқса ҳарбий раҳбарлар, жумладан Валерий Залужнийнинг юқори рейтингларга чиқиши, уруш тугаганидан ёки музлатилганидан кейинги сиёсий ўтиш даври ҳақидаги муҳокамалар сайлов борасидаги муҳокамаларни очди.

Таъкидлаш керак, собиқ Бош қўмондон Валерий Залужний жамиятда армия ва мудофаа рамзи сифатида қабул қилинмоқда. 2023–2024 йилларда ўтказилган турли ижтимоий сўровларда унга бўлган ишонч даражаси кўп ҳолларда 60–70 фоиздан юқори бўлган. Бу эса мамлакатдаги аксарият сиёсатчиларнинг рейтингидан сезиларли юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Украинада сайловлар қачон ўтказилиши мумкин?

Қонун нуқтаи назаридан, сайловлар фақат ҳарбий ҳолат бекор қилинганидан кейин ўтказилиши мумкин. Агар урушнинг фаол босқичи тугаса, барқарор ўт очишни тўхтатиш режими шаклланса, сиёсий келишув орқали ҳарбий ҳолат бекор қилинса сайлов ҳақида хотиржам “гаплашиш” мумкин. Қолаверса, ҳудудлар ноаниқлиги, айрим ҳудудларнинг Россия истилосида эканлиги, аҳолининг катта қисми хорижга чиқиб кетгани, сайловчиларни рўйхатга олиш ва сайлов участкалари билан боғлиқ муаммолар яқин иситиқболда бу муҳим сиёсий тадбирни ўтказиш масаласини савол остига қўйилади. Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Путин ва Трампнинг легитимлик ва сайлов ҳақидаги эътиролзларига худди шундай жавоб берган. Трампку майли, лекин Путин 26 йилдан бери турли ўйинлар билан ҳокимият тепасида қолаётганига қарамасдан, Украина раҳбарининг легитимлик даражаси билан қизиқаётгани жуда кулгили ҳолат.

Хуллас, сиёсатшуносларнинг аксарияти фикрича, кенг қамровли сайловларни фақат музлатилган можаро ёки тинчлик келишувидан кейин ташкил этиш мумкин. Чунки жанглар давом этаётган, ҳудудларнинг бир қисми босиб олинган ва миллионлаб аҳоли чет элда бўлган шароитда адолатли ҳамда умуммиллий сайлов ўтказиш жуда қийин.

Зеленский ва Залужний: сиёсий рақобат қандай тус олган?

Бугун Украинада икки хил ишонч маркази шаклланган. Владимир Зеленский давлат бошлиғи, халқаро ҳамжамият олдида мамлакатнинг асосий сиёсий ва дипломатик вакили сифатида намоён бўлмоқда. Валерий Залужний эса армия, мудофаа ва ҳарбий профессионализм тимсолига айланган.

Ҳозирча улар ўртасида расман эълон қилинган сайлов рақобати йўқ. Залужний ҳам ўз номзодини илгари суришини расман маълум қилмаган. Шу билан бирга, уруш давридаги социология шуни кўрсатадики, қуролли кучлар ва ҳарбий қўмондонларга бўлган ишонч одатда сиёсатчиларга нисбатан юқори бўлади. Бу кўплаб давлатларда кузатилган қонуниятдир.

Нега рейтинглар фарқ қилмоқда?

Айни пайтда Владимир Зеленскийнинг кучли томонлари кўп. Халқаро миқёсда юқори нуфуз, ташқи сиёсий муносабатларни бошқариши, Ғарб ёрдамини жалб қилишдаги ўрни, мамлакат раҳбари сифатида давлат институтлари устидан назорат шулар жумласидандир.

Камчиликлари сифатида эса - жамиятнинг урушдан чарчаши, иқтисодий муаммолар, бошқарув қарорларига нисбатан танқидлар, мамлакатдаги барча муаммолар учун шахсий жавобгарликнинг унга юкланиши масалалари келтирилади.

Валерий Залужнийнинг афзалликлари эса - мудофаа билан боғлиқ ижобий имиж, ҳарбийлар ва фуқаролар орасида юқори ишонч ҳамда сиёсий элитадан ташқаридаги профессионал раҳбар сифатида қабул қилинишида дейиш мумкин..

Залужнийнинг камчиликлари эса - сиёсий партия ва ташкилий тузилманинг йўқлиги, иқтисодий дастурнинг маълум эмаслиги, фуқаролик бошқарувида тажрибанинг чекланганлигида кўринади.

Президент алмашса, фронтда нима ўзгаради?

Энг муҳим хулоса шуки, президент алмашиши фронтдаги вазиятни дарҳол ўзгартирмайди. Бунинг сабаблари кўп.

Биринчидан, Украина Қуролли Кучлари институционал тизимга айланган. Ҳарбий операциялар ҳар куни президент томонидан эмас, балки ҳарбий қўмондонлик томонидан режалаштирилади.

Иккинчидан. Ғарб ёрдами муайян шахсга эмас, Украина давлатининг ўзига қаратилган. АҚШ Конгресси, Европа Иттифоқи ва бошқа ҳамкорлар билан имзоланган келишувлар президент алмашиши билан автоматик равишда бекор бўлмайди.

Учинчидан, стратегик ёндашув ўзгариши мумкин.

Янги президент айрим йўналишларда Зеленскийдан бошқача сиёсат юритиши эҳтимолдан холи эмас. Халқрао музокараларга муносабат, сафарбарлик сиёсати, армиядаги кадрлар сиёсати, ҳудудий масалалар бўйича ёндашув шулар жумласидандир.

Уруш стратегияси қандай ўзгариши мумкин?

Биринчи сценарийда — Зеленский сиёсатининг давом этиши кузатилади.

Бу ҳолда босиб олинган ҳудудларни қайтариш сиёсати давом этади, Ғарб билан ҳамкорлик сақланиб қолади, армияни кучайтириш устувор вазифа бўлиб қолади, ҳудудий ён беришларга розилик билдирилмайди.

Иккинчи сценарий — Залужний президент бўлса, қарор қабул қилишда ҳарбий тафаккур кучайиши мумкин. Шуиннгдек, фронт имкониятларига кўпроқ мослашган сиёсий қарорлар қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмас. Бундан ташқари, сиёсат ва ҳарбий стратегия ўртасидаги мувофиқлашув янада кучайиши ҳамда тинчлик музокараларига нисбатан прагматик ёндашув шаклланиши мумкин. Бу эса автоматик равишда мудофаа сиёсати заифлашади ёки Украина ўз позицияларидан воз кечади дегани эмас.

Халқаро ёрдамга таъсири

Украинанинг асосий ҳамкорлари — АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия — биринчи навбатда давлат институтларининг барқарорлигига эътибор қаратади. Президент алмашиши бу халқаро ёрдамни автоматик тарзда тўхтатмайди. Аммо янги раҳбар билан муносабатлар шакллангунча муайян сиёсий мослашув даври юзага келиши мумкин.

Жамият ва армиянинг муносабати

Ҳозирда Украина жамиятида икки муҳим тенденция кузатилмоқда:

Бир томондан, давлат мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича кенг жамоатчилик консенсуси сақланиб қолмоқда.

Иккинчи томондан эса давлат бошқарувини янгилаш ва сиёсий элитани модернизация қилиш ҳақидаги талаблар аста-секин кучаймоқда.

Армия эса ҳозир ҳам мамлакатда энг юқори ишончга эга институтлардан бири бўлиб қолмоқда.

Уруш бўйича прогнозлар

Биринчи сценарий — уруш давом этади ва сайловлар кечиктирилади

Бу қисқа муддатда энг эҳтимолий сценарий ҳисобланади.

Унда ҳарбий ҳолат сақланади, сайловлар кейинга қолдирилади, сиёсий рақобат чекланган ҳолда давом этади, асосий омил фронтдаги вазият ва ташқи ёрдам бўлиб қолади.

Иккинчи сценарий — ўт очишни тўхтатиш ёки можарони музлатиш

Бу ҳолда сайловларни ташкил этиш имконияти пайдо бўлади, янги сиёсий рақобат бошланади ва ҳарбий раҳбарларнинг сиёсатдаги роли ортади.

Учинчи сценарий — урушнинг янада кескинлашиши

Бу ҳол юзага келса, сайловлар яна узоқ муддатга кечиктирилади, сафарбарлик сиёсати кучаяди ҳамда марказлашган давлат бошқаруви янада мустаҳкамланади.

Хулоса

Бугун Украинада сайловлар ҳақидаги баҳслар реал сайлов кампаниясидан кўра кўпроқ урушдан кейинги сиёсий келажак муҳокамасига айланиб бормоқда.

Владимир Зеленский ҳозир ҳам давлатнинг халқаро ва ички сиёсий легитимлиги рамзи бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, Валерий Залужний каби ҳарбий раҳбарлар жамиятда катта ишончга эга бўлган янги сиёсий куч сифатида кўрилмоқда.

Шунингдек, президент алмашиши фронтдаги вазиятни бир зумда ўзгартирмайди. Чунки Украина мудофаа тизими аллақачон мустақил институт сифатида шаклланган. Бироқ давлат раҳбарининг алмашиши урушнинг стратегик мақсадлари, музокаралар тактикаси ва мамлакатнинг сиёсий ривожланиш йўналишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Энг муҳим хулоса шуки, Украинанинг келажагини фақат сайлов натижалари эмас, балки урушнинг қандай якунланиши, давлат институтларининг барқарорлиги ва халқаро ҳамкорлар билан муносабатларни сақлаб қолиш қобилияти белгилайди.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid