Президент Грузияда Михаил Кавелашвили билан музокаралар ўтказди
Ушбу мамлакатга давлат ташрифи сўнгги 23 йилда илк бор амалга оширилаётганини алоҳида таъкидланди. Шавкат Мирзиёев Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Тбилиси шаҳрига келди.
Шота Руставели номидаги халқаро аэропортда давлатимиз раҳбарини Грузия Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мака Бочоришвили ҳамда бошқа расмийлар кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.
Грузияга давлат ташрифи доирасида Тбилиси шаҳридаги Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг музокаралари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон – Грузия кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Грузия Президентига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, ушбу мамлакатга давлат ташрифи сўнгги 23 йилда илк бор амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Парламентлар, ҳукуматлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларга етди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ортиб бормоқда. Мамлакатимизда Грузиянинг биринчи рақамли банки – “TBC” муваффақиятли фаолият юритмоқда. Тошкент билан Тбилиси ва Батуми шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон пойтахтида Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.
Ўзаро савдо ҳажмини, жумладан, Поти ва Батуми портлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали янада ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилди.
Фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва туризм соҳаларида кооперацияни ривожлантириш учун имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Ишбилармонлик, туристик ва гуманитар алмашинувларни йўлга қўйиш учун ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Михаил Кавелашвилини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.
Тбилиси шаҳридаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон – Грузия кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун давлатимиз раҳбарига ушбу мукофотни Грузия Президенти Михаил Кавелашвили топширди.

Ўзбекистон етакчиси Грузия Президенти Михаил Кавелашвили, Бош вазири Ираклий Кобахидзе ҳамда Парламент Раиси Шалва Папуашвилига юксак мукофот учун миннатдорлик билдириб, дўст Грузия халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
1998 йилда таъсис этилган “Олтин мўйна” ордени мамлакатнинг олий давлат мукофотларидан бири бўлиб, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда грузин маданияти, илм-фани ва санъатини тарғиб этиш борасидаги алоҳида хизматлар учун берилади.
Орденнинг номи Олтин мўйна ҳақидаги қадимги юнон афсонаси ҳамда ҳозирги Грузия ҳудудида жойлашган тарихий ўлка – Колхида билан боғлиқ.
Турли йилларда мазкур юксак мукофот билан Буюк Британия Қироличаси Елизавета II, Иордания Подшоҳи Абдулла II, Германия Канцлери Герхард Шрёдер, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Озарбайжон Президенти Ҳайдар Алиев ва бошқалар тақдирланган.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Орбелиани саройининг Фахрий меҳмонлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирди.
