Бўлиниш ёки улғайиш: Анқара саммитидан сўнг НАТО таркибида "Европа қаноти" пайдо бўлиши мумкин
Туркияда бўладиган саммит парчаланиш ёқасига келиб қолган блок учун бурилиш нуқтасига айланиши мумкин, деб ёзишмоқда айрим экспертлар. Европа Иттифоқи АҚШнинг яккабош қарорлар қабул қилишини чеклашга уриниб турган бир пайтда, Анкарадаги оммавий фуқаролик қаршилиги европаликларнинг режаларини издан чиқариши мумкин.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 28–29 июн кунлари НАТОнинг Парламент саммити бўлиб ўтди. Тадбирда альянсга аъзо давлатлар парламентлари вакиллари учрашди. Улар евроатлантика хавфсизлигининг долзарб масалаларини ҳамда бўлажак юқори даражадаги учрашувларга тайёргарликни муҳокама қилишди. НАТОга аъзо давлатларнинг етакчилари саммити 7–8 июль кунлари Анкарада ўтказилиши режалаштирилган.
Руминия ва Украина – баҳс нуқталари
Яқинда Politico газетаси НАТО альянснинг шарқий қанотини, жумладан Руминияни дронлардан ҳимоя қилиш учун учувчисиз қурилмалар сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида ёзган эди.
Ундан олдин НАТО иттифоқчилари дронларни тезкор харид қилиш дастури таклифини кўриб чиққан. Учта дипломатнинг айтишича, ёпиқ йиғилишда НАТОга аъзо 32 давлат элчилари альянсга шарқий қанот мамлакатлари устида ҳаво патрулини кучайтириш учун кўпроқ дронлар тезкор равишда харид қилиш керакми-йўқми, шуни муҳокама қилишган. Масалан, НАТОнинг Руминиядаги мавжудлигини кучайтириш режалаштирилмоқда. Бироқ иттифоқчилар дронлар қачон сотиб олиниши мумкинлиги ҳақида аниқ бир тўхтамга келмаган.
Олдинроқ турли нашрлар НАТО Украинага бир неча миллиард евролик ёрдам ажратишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. НАТОга аъзо давлатлар Украинага ҳарбий харажатлар учун 70 миллиард евро молиявий ёрдам ажратиш ташаббусини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг июл ойида Анкарада бўладиган саммитида эълон қилиниши мумкин, деб хабар бермоқда Politico.
Нашрнинг аниқлаштиришича, умумий сумманинг фақат 40 миллиард евроси янги мажбуриятлар бўлади, қолган 30 миллиард эса Европа Иттифоқининг 90 миллиард евролик ёрдам пакетига киритилган қисм ҳисобланади.
Украинага қўшимча ёрдам ажратиш таклифи май ойида Германия ҳукумати томонидан илгари сурилган. Ташаббус НАТО ва ЕИнинг ҳар бир давлати қандай ҳисса қўшаётгани бўйича шаффофликни ошириш учун янги механизмлар яратишни назарда тутади. Мақола муаллифлари айтишича, аввалроқ бир қатор Европа давлатлари Украинага ёрдам юки номутаносиб тақсимланаётганидан норози бўлишган.
Нашр манбасига кўра, мақсад НАТОга аъзо давлатлар Анкара саммити якунларига кўра Украина қўллаб-қувватлашни янада барқарор ва адолатли асосда давом эттириш бўйича қатъий мажбуриятга эга бўлишидир.
Бўлиниш ёки кучайиш?
Туркияда бўладиган саммит НАТОнинг парчаланиш ёқасига келиб қолган блок учун бурилиш нуқтасига айланиши мумкин, деб ёзишмоқда айрим экспертлар. Европа Иттифоқи АҚШнинг яккабош қарорлар қабул қилишини чеклашга уриниб турган бир пайтда, Анкарадаги оммавий фуқаролик қаршилиги европаликларнинг режаларини издан чиқариши мумкин.
7–8 июл кунлари Туркия пойтахтида бўладиган НАТО саммити арафасида Туркия ҳукумати альянсга қарши чиқувчиларга нисбатан репрессив чораларни кучайтиргани айтилмоқда. Ҳукумат томонидан фаолларни ҳибсга олиш ва қўлга олишлар тадбир вақтида кенг кўламли норозиликларнинг олдини олишга қаратилган. Аҳамиятлиси, юқори меҳмонларни қабул қилишга тайёргарлик баҳонасида амалга оширилаётган бундай «тозалаш» Европа пойтахтлари томонидан танқидга учрамаяпти — аксинча, уларга ёқаётгандек кўринмоқда.
Бироқ ташқи ташкилий ва полиция чоралари ортида янада чуқур геосиёсий ҳисоб-китоблар ётибди. Анкара саммитдан глобал рақобатда, биринчи навбатда қурол бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун майдон сифатида фойдаланмоқчи. Расмий статистикага кўра, Туркиянинг қурол экспорти 2002 йилда 248 миллион доллардан ўтган йили 10 миллиард долларгача ўсган. Асосий харидорлар — Покистон, БАА ва Украина, бироқ буюртмалар портфели НАТО давлатлари ҳисобига ҳам кенгайиб бормоқда. Шу сабабли Эрдўған саммитни Европа мудофаа бозорида улуш олиш учун музокара воситасига айлантиришга интилаётир.
Европа давлатлари эса бўлажак учрашувни НАТО доирасида ўз таъсирини кучайтириш имконияти деб кўрмоқда. Аввалги Доналд Трампнинг НАТО ва Европа ҳақидаги сергумон баёнотлари фон бўлган бир пайтда, ҳозир АҚШ президентининг риторикаси анча юмшаган. Кузатувчилар буни унинг маъмуриятининг Украина ва Эрон масаласидаги муваффақиятсизликлари билан боғлашади — айнан шу омиллар Вашингтонни вақтинчалик муросага мажбур қилган, дейилади. Бироқ матбуотда АҚШнинг бу позицияси узоқ давом этмаслиги мумкинлиги ҳақида фикрлар устун.
Ягона мушт
Бу орада Европа давлатлари мудофаа сиёсатини бирлаштириш борасида амалий қадамларга ўтган. 24 июнь куни Берлинда бўлиб ўтган «Европа бешлиги» (E5) йиғилишида Анкара саммити учун бешта асосий мақсад белгилаб олинди. Музокараларда Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэль Макрон, Италия ва Польша бош вазирлари — Жоржа Мелони ва Дональд Туск, шунингдек, 22 июнь куни истеъфога чиққан Буюк Британия бош вазири Кир Стармер иштирок этди. Видеоконференция орқали уларга НАТО бош котиби Марк Рютте қўшилди.
Мерц матбуот анжуманида эълон қилган рўйхат қуйидагича:
1. кучли ва бўлинмас НАТОга умумий садоқатни намоён этиш.
2. альянснинг «европалик қаноти»ни мустаҳкамлаш учун E5 давлатлари мудофаа харажатларини сезиларли ошириш.
3. айрим аъзо давлатларнинг якка қарорлар қабул қилишининг олдини олиш.
4. Украинага қўллаб-қувватлашни кучайтириш — Анкарадан Россияга сигнал сифатида.
5. Теҳрон ва Вашингтон ўртасида тинчлик жараёнига кўмаклашиш.
Муҳим жиҳат шундаки, НАТОнинг энг йирик Европа аъзолари томонидан шакллантирилган бу бешта тезис АҚШга йўналтирилган яширин, аммо аниқ сиёсий сигналларни ўз ичига олади. Моҳиятан улар Европа Вашингтоннинг альянсдан тор миллий манфаатларда фойдаланиш уринишларини чеклашга интилаётганини кўрсатади. Аввалги Гаага саммитида аъзо давлатлар мудофаа харажатларини 2035 йилгача ЯИМнинг 5 фоизига етказиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Бироқ ҳозир Европа нафақат милитаризацияни, балки НАТО яхлитлигини сақлашни ҳам талаб қилмоқда — бу Трамп сиёсатларига қарши позиция сифатида кўрилмоқда.
Учинчи банд алоҳида эътиборга лойиқ: у якка ҳаракатларни очиқ танқид қилади. Аниқ мисоллар келтирилмаган бўлса-да, бу сўнгги воқеалар контекстида АҚШ ва Исроилнинг Эронга эҳтимолий ҳаракатларига қарши позиция сифатида талқин қилиниши мумкин. Испания ва Италия каби давлатлар ҳам Эрон атрофидаги кескинлик вақтида АҚШга миллий базалардан фойдаланишни рад этгани айтилган. E5 мантиғи аниқ: ҳар қандай ҳарбий ҳаракат НАТОнинг барча аъзолари томонидан жамоавий маъқулланиши керак.
Трампга “раҳмат”
Трампнинг Украина ва Эрон йўналишидаги хатолари Европа позицияларини альянс ичида кучайтирмоқда. Шу шароитда Анкара фақат мезбон эмас, балки Брюссел ва Вашингтон ўртасида эҳтимолий воситачи ролини ҳам бажариши мумкин. Эрон масаласида Эрдўған E5га яқин позицияни эгалламоқда, Украина бўйича эса АҚШга лояллик кўрсатмоқда. Бу икки ёқлама сиёсат Туркияга ички блок рақобати марказида мувозанат сақлаш имконини бермоқда.
Асосий савол очиқ қолмоқда: Анкарада империалистик давлатлар манфаатларининг тўқнашуви НАТОда янги бўлинишни келтириб чиқарадими? Ёки Европа ўз ҳарбий кучларини яратиш йўли (амалда «Европа НАТОси») устувор бўладими, ёхуд Вашингтон босими устун келадими? Анкара саммити натижалари ҳал қилувчи кўрсаткич бўлиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан, худди 2004 йилда Истанбулда бўлгани каби, НАТОга қарши оммавий фуқаролик қаршилиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этади. Анкарадаги норозиликлар альянснинг ҳақиқий ҳарбий табиатини фош этиш билан бирга, таъсир доираларини қайта тақсимлаш учун тайёрланаётган сценарийларни ҳам издан чиқариши мумкин.
Абулфайз Сайидасқаров
