platina.uz
Мақола

Учинчи Рейхнинг йўқолган олтини. 1945 йилда нацистлар Германиясининг миллиардлаб долларлик олтин ва қимматбаҳо буюмлари қаерга ғойиб бўлди?

Германия уруш йиллари давомида кўплаб мамлакатларни босиб олди. Давлат ва аҳолига тегишли бойликлар Германия ҳудудига олиб чиқиб кетилди. Аммо уруш якунига етгач, бу бойликлар сирли равишда ғойиб бўлди. 

Учинчи Рейхнинг йўқолган олтини. 1945 йилда нацистлар Германиясининг миллиардлаб долларлик олтин ва қимматбаҳо буюмлари қаерга ғойиб бўлди?

1941 йилнинг 22 июн куни тонг саҳарда фашистлар Германияси армияси собиқ СССРга бостириб кирган эди. Ана шу машҳум сана арафасида уруш даврига оид турли воқеаларга ойдинлик критиши истаги туғилади.

Маълумки, кўплаб қурбонлар ва ресурслар эвазига ҳамда иттифоқчиларнинг ёрдами билан ниҳоят фашистлар 5 йилдан сўнг мавҳ этилди. Германия уруш йиллари давомида кўплаб мамлакатларни босиб олди. Давлат ва аҳолига тегишли бойликларни Германия ҳудудига олиб чиқиб кетди. Улкан осори атиқалар, олтин, олмос ва бошқа қимматбаҳо санъат асарлари тўплами вужудга келди. Аммо уруш якунига етгач, бу бойликлар сирли равишда ғойиб бўлди.

Йўқолган бойликлар изидан

1945 йил баҳорида Учинчи Рейх ўзининг сўнгги кунларини яшар эди. Совет қўшинлари Берлинни шиддат билан эгаллаб борарди. Ғарб иттифоқчилари ҳам тез илгарилаб келарди. Германия шаҳарлари вайрона ҳолатга келган эди. Бироқ, шундай оғир шароитда ҳам нацистлар раҳбарияти фақат ҳарбий мағлубият ҳақида эмас, балки бошқа бир нозик масала устида бош қотираётган эди. Урушу йилларида тўпланган хазинани қаерга яшириш ҳақида тортишувлар юзага келди...

Бу воқеадан буён саксон йилдан ортиқ вақт ўтди. Архивларнинг катта қисми очилди, минглаб ҳужжатлар ўрганилди, юзлаб экспедициялар шахталар, кўллар, туннеллар ва бункерларни текширди. Лекин Тўртинчи Рейх олтининг сирли йўқолиши ҳанузгача XX асрнинг энг катта сирларидан бири бўлиб қолмоқда.

Талон-тарож асосига қурилган империя

Нацист Германия иқтисодиёти асосан Европа мамлакатларини тизимли равишда талон-тарож қилиш ҳисобидан молиялаштирилган. 1938 йилда Австрия аншлюси орқали Берлин Австриянинг олтин захираларини қўлга киритди. Кейин Чехословакия, Польша, Франция, Бельгия, Нидерландия, Югославия ва бошқа мамлакатлар навбати келди. Давлат олтини, марказий банк захиралари, музейлар ва шахсий коллекциялардан олинган қимматбаҳо буюмлар Германияга олиб кетилди.

Тарихчилар нацист олтинини бир неча тоифага ажратишади. Булар - Германиянинг расмий олтин захираси, босиб олинган давлатлардан олиб кетилган олтин резервлари, фуқаролардан мусодара қилинган қимматбаҳо буюмлар ҳамда “қурбонлар олтини” — концентрацион лагерларда тортиб олинган тақинчоқлар ва бошқа қимматликлардир.

Умумий ҳисоб-китобларга кўра, бу бойликларнинг ҳозирги қиймати юзлаб миллиард долларга етиши мумкин.

1944 йил. Борман режаси

1944 йил ёзида, Нормандияга иттифоқчилар десант туширганидан сўнг, кўплаб нацист раҳбарлари урушда ютқазишганини ниҳоят англаб етишди. 1944 йил 10 августда Страсбургда йирик немис саноатчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, у ерда урушдан кейинги молиявий тизим ва капитални яширин равишда кўчириш масалалари муҳокама қилинган.

Асосий шахс сифатида Мартин Борман тилга олинади, чунки у фюрер Адолф Гитлер атрофидаги энг таъсирли одамлардан бири ҳисобланган. Айрим талқинларга кўра, айнан шу пайтдан бошлаб олтинни яшириш, тақсимлаш ва яширин йўллар орқали олиб чиқиш операцияси бошланган.

АҚШ армияси генерали Дуайт Эйзенхауэр (кейинчалик АҚШнинг 34-президенти) Меркерс-Кизельбах шаҳридаги туз шахтасида яширинган омборни кўздан кечирмоқда. У ерда 1945 йил 7 апрелда америкалик аскарлар Учинчи Рейхнинг олтин захиралари сақланган яширин хазинани аниқлашган эди.

Ер остидаги хазиналар

1945 йилга келиб Германия улкан яширин омборга айланган эди. Олтин ва қимматбаҳо буюмлар туз шахталари, тоғ туннеллари, ташлаб кетилган конлар, “СС” махсус бункерлари ва ер ости заводларига яширилган эди.

Энг машҳур топилма Меркерс туз шахтаси бўлди. 1945 йил апрелида америкалик қўшинлар у ердан минглаб олтин қуймаларини, валюта ва санъат асарларини топишди. Бу топилма нацистлар ҳақиқатан ҳам бойликларини ер остига яширганини исботлади. Бироқ бу фақат умумий йўқолган бойликларнинг кичик қисми эди.

“Олтин поезд” афсонаси

Энг машҳур сир “олтин поезд” афсонаси билан боғлиқ. Айрим гувоҳликларга кўра, 1945 йил бошида Қуйи Силезиядан олтин, қимматбаҳо қоғозлар ва санъат асарлари билан тўлдирилган махсус поезд йўлга чиққан. У Валбжих шаҳри томон йўналган ва кейин изсиз йўқолган. Баъзилар уни яширин туннелга киритилган дейишса, бошқалар у йўқ қилинган деб ҳисоблайди. Ҳозиргача ҳеч бир тахмин ўз исботини топмаган.

Топлиц кўли — энг сирли версия

Австриядаги Топлиц кўли бу сирнинг рамзига айланган. Кўл Алп тоғлари орасида жойлашган бўлиб, у ерда уруш даврида яширин ҳарбий тадқиқотлар ўтказилган. Кейинчалик у ерда СС томонидан қимматликлар яширилгани ҳақида гаплар пайдо бўлди.

Бу сирни очиқлаш мақсадида кўплаб марта экспедициялар ўтказилган, аммо олтин топилмаган. Фақат “Бернхард операцияси” доирасида тайёрланган қалбаки фунт стерлинглар топилган холос.

Швейцария йўли

Яна бир тахминга кўра, олтиннинг катта қисми аллақачон банк тизимлари орқали “тоза” пулларга айлантириб юборилган. Маълумки нейтрал Швейцария уруш даврида улкан молиявий марказ ҳисобланган. Нацистлар олтинининг бир қисми банк тизими орқали айлантирилган бўлиши мумкинлиги ҳақиқатга яқин келади.

Кейинчалик ўтказилган суриштирувлар шуни кўрсатдики, нацистлар томонидан талон-тарож қилинган бойликларнинг бир қисми ҳақиқатан ҳам Швейцария банк тизимига кириб борган. Агар бу талқин тўғри бўлса, у ҳолда “йўқолган олтин”нинг катта қисми умуман йўқолиб кетмаган — у пулга, молиявий активларга ва хорижий инвестицияларга айлантирилган бўлиши мумкин.

Аргентина ва сув ости кемалари

Урушдан кейин яна бир назария пайдо бўлди. Маълумки, кўплаб юқори лавозимли нацистлар Жанубий Америкага қочиб кетишга муваффақ бўлган. Айниқса Аргентина кўп тилга олинади.

Шу хабарлар фонида немис сувости кемалари Атлантика орқали олтин ташигани ҳақидаги ҳикоялар пайдо бўлди. Айрим тадқиқотчилар фикрича, бу бойликларнинг бир қисми Германия капитуляциясидан кейин нацистларнинг қочиш тармоқларини молиялаштириш учун асос бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин.

Бу версияни тасдиқловчи тўғридан-тўғри далиллар кам, бироқ у урушдан кейин Жанубий Америкада собиқ нацистларнинг кўп учраши ҳақидаги кўплаб гувоҳликлар туфайли ҳануз сақланиб қолмоқда.

Ҳамон очилмаган жумбоқ

Нацистларнинг йўқолган олтини ҳақидаги тарих — бу шунчаки хазиналар ҳақидаги ҳикоя эмас. Бу улкан жиноий тизим ўзининг ҳарбий мағлубияти муқаррар бўлиб қолган пайтда ҳам талон-тарож қилинган бойликларни сақлаб қолишга уриниб кўргани ҳақидаги тарихдир.

Америкалик аскарлар Венгриянинг “олтин поезди”ни қўриқлаб кетишмоқда. Верфен, Австрия, 1945 йил, май.

Бугунги кунда аксарият тарихчилар бир тўхтамга келган: эҳтимол, Учинчи Рейхнинг ягона “супер-хазинаси” мавжуд бўлмагандир. Катта эҳтимолга кўра, олтин юзлаб яширин жойларга, банк ҳисобларига ва яширин эвакуация йўлларига тарқатиб ташланган. Иттифоқчилар уларнинг бир қисмини топган, бир қисмини қайтарган. Лекин унинг бир қисми эҳтимол ҳали ҳам унутилган шахталарда, сув босган туннелларда ёки Алп кўлларининг тубида ётган бўлиши мумкин.

Айнан шунинг учун Учинчи Рейх олтини XX асрнинг энг барқарор сирларидан бири бўлиб қолмоқда ва тарих ҳали уни тўлиқ очиб беришга тайёр эмас.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid