platina.uz
Маданият

Маданият соҳаси вакилларига мукофотлар топширилди

Президент тадбирда сўзга чиқиб, мамлакат қудрати нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки унинг маънавияти, маданияти, адабиёт ва санъати билан ҳам белгиланишини таъкидлади. 

Маданият соҳаси вакилларига мукофотлар топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28 майдаги фармони билан маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланган эди.

Бугун пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари тадбирда сўзга чиқиб, мамлакат қудрати нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки унинг маънавияти, маданияти, адабиёт ва санъати билан ҳам белгиланишини таъкидлади.

– Қайси миллатнинг адабиёти бой, мусиқаси юракка яқин, театри ҳаётий, киноси таъсирчан, санъати жозибадор бўлса, ўша халқнинг овози дунёда баланд эшитилади, – деди Президент.

Шу маънода, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида инсон қалбини тарбиялайдиган катта маънавий макон яратилаётгани қайд этилди. Бу борада зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, креатив соҳа вакилларининг ўрни беқиёс экани таъкидланди.

Ижод аҳлининг фидойи меҳнати туфайли жамиятимизда миллий руҳ мустаҳкамланаётгани, халқимиз тафаккури юксалаётгани, ёшлар қалбида эзгулик, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғулари чуқур жой олаётгани алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари соҳанинг 167 нафар илғор вакили юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганини мамнуният билан таъкидлади. Улар орасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, халқимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган ёзувчи ва шоирлар, хонанда ва созандалар, рақс усталари, опера ижрочилари ва бастакорлар, театр, кино ва цирк санъати намояндалари, бахшилар ва аскиячилар, ҳунарманд ва рассомлар, маданий мерос, музей ва кутубхона ходимлари, устоз ва мураббийлар борлиги барчамизга фахр бағишлаши эътироф қилинди.

Шу билан бирга, бугун орамизда бўлмаса-да, сўзи, куй-қўшиғи, ижоди ва бутун ҳаёти билан халқимиз қалбида мангу яшаб келаётган адабиёт, маданият ва санъат дарғаларининг муқаддас хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди. Уларнинг 24 нафари давлат мукофотлари билан вафотидан сўнг тақдирланди.

– Юртимиздаги ҳар бир инсоннинг, ҳатто улар ўтиб кетган бўлса-да, хизматларини муносиб эътироф этиш ҳам бизнинг маънавий бурчимиздир. Бу аждодлар хотирасини юксак қадрлайдиган халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди, – деди давлатимиз раҳбари.

Маросимда Президентимиз мукофот соҳибларига фахрий унвонлар, орден ва медалларни тантанали равишда топширди.

Давлатимиз раҳбари мукофотланганларни бутун халқимиз номидан самимий табриклаб, юксак эътироф уларни янги-янги ижодий ютуқларга илҳомлантиришини ишонч билан таъкидлади.

Мукофотланганлар юксак ҳурмат ва эътибор, маданият ривожи ва ижодкорларга яратилаётган кенг шароитлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid