Жиззахда ҳокимлик мансабдори, Фарғонада банк хизматлари маркази раҳбари ушланди
Ҳокимлик мансабдори тадбиркордан 45 сотих ер майдонини олиб бериш ҳамда унинг 2002 й.т. танишини маҳаллий МЧЖлардан бирига ишга киритиб қўйиш эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилади.

Жиззах ва Фарғона вилоятларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳокимлиги мансабдор ходими хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тадбиркорнинг ишончига кириб, унга туман мелиорация бўлими балансида бўлган 45 сотих ер майдонини ўзининг яқин алоқалари орқали олиб бериш ҳамда унинг 2002 й.т. танишини маҳаллий МЧЖлардан бирига ишга киритиб қўйиш эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ҳокимият вакили ушбу масалаларни ҳал қилиб бериш баҳонасида аввал ҳам 3,5 млн сўм олиб, шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборганлиги аниқланди.
Бошқа ҳолатда эса республикамизда фаолият юритувчи хусусий акциядорлик тижорат банкларидан бирининг Фарғона банк хизматлари маркази раҳбари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига киради.
Мансабдор шахс банкнинг бош офисидаги танишлари орқали унга 2,5 млрд сўм миқдорида кредит ажратиб бериш эвазига кредитнинг 5 фоизини, яъни 125 млн сўм талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда банк мансабдори сўралган пул маблағи ҳисобидан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
