Гиёҳванд моддалар савдосида айбланган шахс АҚШдан Ўзбекистонга депортация қилинди
37 ёшли фуқаро Ню-Йоркда ҳибсга олинган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, 2023 йилдан бери қидирувда бўлган фуқаро АҚШдан Ўзбекистонга депортация қилинди.
Вазирлик маълумотларига кўра, 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ню-Йоркда ҳибсга олинган.
2023 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми - гиёҳванд моддалар, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни сотиш ниятида бўлмаган ҳолда ноқонуний ишлаб чиқариш, сотиб олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар билан боғлиқ жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, қидирувда бўлган.
Ҳибсга олинганидан сўнг, фуқаро белгиланган тартибда Ўзбекистонга депортация қилинди.
